13:22 / 06.05.2020
1029
Ўзбекистон ва Туркия парламентлари раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилди

6 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси спикери Мустафа Шентопнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси спикери Мустафа Шентоп “Сардоба” сув омборида рўй берган кўнгилсиз ҳодисадан жабр кўрилгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб, Туркия-Ўзбекистоннинг энг яқин дўсти ҳисобланиши ва ёрдамга тайёр эканлигини билдирган.

Шунингдек, Мустафа Шентоп ўзи ва парламент аъзолари номидан Ўзбекистон президенти ҳамда халқига чуқур ҳурмат ва эҳтиромини билдирган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган турли соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани ва бу жараёнда парламентлараро муносабатлар муҳим аҳамият касб этишига урғу берган. Шунингдек, Ўзбекистон Туркияни энг муҳим стратегик шерикларидан ҳисоблашини алоҳида қайд этиб ўтган.

Ўз навбатида икки томонлама парламентлараро муносабатлар тобора кенгайиб бораётгани, қолаверса, Туркий тилли давлатлар маслаҳат кенгаши доирасида ҳам ҳамкорлик ришталари янада ривожланиб бораётганини таъкидлаган.

Top