12:00 / 29.05.2020
26018
“Касаллик енгиб бормоқда, онамни ҳам қийнаб қўйдим” – 44 ёшида ҳам оила қура олмаган йигит ёрдамга муҳтож

Kun.uz сайтига турли хил тақдир эгалари хайрия мақсадида мурожаат қилади. Тошкент туманида яшовчи Асад Холжонов дуч келган ва курашиб ўтаётган касаллик ҳам бир йигит ҳаётини салбий томонга ўзгартириб юборишга қодир. Аммо етарли маблағ бўлса ва зарур операция ўтказилса, ҳаммаси изига тушиши мумкин.

Асад Холжонов

 – 10 ёшимдан бери, яъни 34 йилдан буён шу дард билан олишиб келаман. Ўзимнинг азобларим-ку майли, онамни ҳам қийнаб қўйганим оғир ботади. Бугунги кунда оёғимни операция қилдириш учун 50 млн сўм маблағ зарур, аммо йўқчилик қурсин, шу пул ҳеч топилмайди-да, – дейди биз билан суҳбатда Асад ака.

Асад Холжоновга шифокорлар “Бехтерев касаллиги, икки томонлама коксартроз III даражаси, оғриқли синдром билан, иккала тос-сон мушаклари контрактураси, чап болдир-панжа бўғими артрози” деган мураккаб ташхис қўйишган. Албатта, бу касалликларни бутунлай бартараф қилиш қийин масала, лекин кучли оғриқ бериб турган бўғимда операция ўтказиб, беморни азобдан халос қилиш имконияти бор.

 – Онам билан яшайман, ёшим ҳам 44 га чиқди. Соғлигим бўлмагани учун оила қура олмадим, онам келинининг хизматидан яйраб яшайдиган ёшда мени парваришлаб юрибди. Оғриқ шу даражада азоб берадики, баъзан дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетади. Оладиган ногиронлик нафақам рўзғор ва дориларга ҳам етмайди.

Ўзбекистонда уюштирилаётган хайрия акцияларини кузата туриб, менда ҳам умид уйғониб қолди ва Kun.uz сайтининг саховатли муштарийларига мурожаат қилмоқчи бўлдим. Илтимос, менга ёрдам беринглар, Аллоҳдан бу яхшиликларингиз кўп карра қайтишини дуо қилиб ўтаман, – деди Асад Холжонов.

 Азиз ҳамюртлар, қўли очиқ инсонлар!

Саховат ортидан ҳеч ким камбағаллашиб қолмайди, аксинча, қилинган хайрлар ўрни ғойибдан тўлаверади. Энг муҳими – охират учун катта захира яратилади.

Кўпчиликнинг озгинадан хайрияси ҳам бир беморнинг дарддан фориғ бўлишига сабабчи бўлиши мумкин. Демак ёрдам қўлини узатишнинг айни вақти.

 Асад Холжоновга оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0602 0212 7966 (Халқ банки, Асад Холжонов номида)

Сбербанк: 4276 3801 6597 5314 (таниши Каримов Нуриддин номида)

Телефон: +998998514976

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top