18:29 / 03.06.2020
7427
Болажонлар ёрдамингизни кутмоқда: Оққонга чалинган беморлар зиёрати

 Доимий анъанага мувофиқ, Kun.uz сайти Республика гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот марказида даволанаётган оғир беморлар билан боғлиқ хайрия акцияларини давом эттиради. Бу оилаларнинг, мурғак гўдакларнинг тақдири ўхшаш: тўсатдан пайдо бўлган ва эсанкиратиб қўйган оғир дард, шифокорлар, яқинлари ёққан ва милтираб турган умид чироғи, ҳар кунлик оғир курашлар, қимматбаҳо дориларни мунтазам топиш, буёқда сиқиб келаётган тирикчилик ташвишлари...

Бугун ҳам эътиборингизга ана шундай беморларнинг тўрт нафарини ҳавола қиламиз ва ҳар бир ёрдамингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

Дастлабки бемор болажон 5 ёшли Руслан Гулматов. Пойтахтга Хоразм вилояти Гурлан туманидан келиб даволанмоқда. Уч фарзанднинг бири бўлган Русланбекнинг ота-онаси оддий инсонлар, даромадлари ҳам ҳаминқадар. Кутилмаганда пайдо бўлган оққон касаллиги биринчи босқичдаёқ оилани ҳолдан тойдириб қўйган. Ҳозир иккинчи босқични ўтказишмоқда ва тахминий харажатлар 30-40 млн сўмдан ортиб кетади. Русланбек бувиси билан пойтахтда даво илинжида юрибди, отаси эса уларга пул етказиб бериш ҳаракатида. Оила яхшилар кўмагига жуда муҳтож.

Русланбек Гулматовга оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0609 0650 0179

(Халқ банки, холаси Шерметова Малика номида)

Виза: 4790912210678183 (амакиси Ойбек Болтабоев номида)

Телефон: +998941103488 (бувиси)

* * *

Иккинчи беморимиз Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидан келиб даволанаётган 4 ёшли Аяулим Бауржанова. Жорий йилнинг март ойида лейкоз касаллигининг оғир тури аниқланган Аяулим қизгина 25 май – туғилган кунини ҳам игналар остида, оғир касаллик билан олишиб ўтказди. Ёш оиланинг мурғак болажони ҳали ҳаётга тўймаган, елкасига тушган синовни ҳам англаб етмаган. Лекин оғриқлардан, ота-онасининг изтиробларидан бола ҳам тез тушкунликка тушиб қолади. Қизалоқ ҳам, отаси Жанибек ҳам ёрдам қўлини чўзган ҳар бир инсонни дуо қилиб ўтишади.

Аяулим Бауржановага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0423 6975 2687

(Агробанк, отаси Турманов Жанибек номида)

Телефон: +998999853487 (отаси)

* * *

Умид билан яшаётган навбатдаги болажон – бухоролик Нозимжон Неъматов. Олти ойдирки Обидовлар хонадонининг тинчи йўқолган. 10 ёшли Нозимжон лейкознинг оғир тури билан курашиб келмоқда. Унинг отаси Нодирбек Обидов бор-будини сарфлаб, қарзга кўтаришга ҳам улгурган. Нозимжон ва онаси шифохонада, отаси Бухородан туриб саховатли инсонлар кўмагига таянишдан бошқа иложлари қолмаган.

Нозимжон Неъматовга оид маълумотлар:

Пластик карта рақами, Узкард: 8600 0423 6830 2179

(Агробанк, отаси Нодирбек Обидов номида)

Ҳумо: 9860 0301 1259 2206 (онаси Холиқова Зарина номида)

Виза: 4187 8000 3040 0618 (онаси Холиқова Зарина номида)

Телефон: +998907126649 (отаси), +998912466649 (онаси)

* * *

Саховатли инсонлар кўмагини кутаётган сўнгги бемор Фарғона вилояти Бешариқ туманидан келган Жавоҳир Маҳмудов. Айни шу кунларда 13 ёшни қоралаётган Жавоҳир иккинчи курс муолажаларини ўтамоқда. Оила вакиллари бу касалликка қадар ҳам қўли қисқа инсонлар бўлишган. Отаси Мағрубжон Маражаповнинг айтишича, биринчи курснинг ўзидаёқ бор-будини сарфлаб, уйидаги жиҳозларини ҳам сотиб юборишган. Қариндош уруғларнинг берганлари тугаб, қарзлари тобора кўпайиб бораётган Мағрубжон ака сахий инсонларнинг кўмагидан ниҳоятда умидвор.

Жавоҳир Маҳмудовга оид маълумотлар:

Пластик карта рақами, Узкард: 8600 0604 3382 2146 

(Халқ банки, акаси Фарҳоджон Маҳмудов номида)

Телефон: +998993649628 (отаси

Саховатли юртдошлар! Хайрия акцияларимиз Сизларнинг ёрдамингизсиз ҳар қандай мазмун-моҳиятини йўқотади. Сиз бераётган маблағ оз ёки кўплигининг аҳамияти йўқ, бу беморлар учун ҳар бир сўм қадрли. Кўпнинг бергани кўл бўлади, демак биз биргаликда бугунги мақоламиз қаҳрамонларининг ҳам оғирини енгил қилишга қодирмиз.

 Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top