19:35 / 23.06.2020
9905
«Менинг ҳам қизим соғайиб, ўйнаб кетса дейман...» – она Зиёда учун ёрдам сўрамоқда 

Мураккаб касалликлар ёш танламаслиги, мурғак гўдакларни ҳам азоблаши ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати. Олти ойлик чақалоқ бўлган Зиёда эшитганда ҳатто катталар ҳам титрайдиган оғир дард билан курашмоқда.

Таҳририятимизга Тошкент туманидан Моҳира Азизова 6 ойлик қизи Зиёда Учқунова учун хайрия акцияси уюштиришимизни сўраб мурожаат қилди. Отасининг қўлида ожизгина қимирлаб турган гўдак дарддан қорайиб кетган, ўта қийинчилик билан ҳаракатланади, шу жонига ҳам мислсиз оғриқлар азоб бераётганини ҳис қилиш мумкин.

– Уч қизимнинг кичиги бу Зиёда фарзандим. Боламга жигар билиар циррози ташхиси қўйилган. Ўзимизда операция йўли билан даволашнинг иложи йўқ экан. Операция нархи ва даволаниш самараси бўйича Ҳиндистон бизга мос келди. Лекин бу давлатга муолажага бориш учун ҳам бизга 27 минг доллардан ортиқ маблағ керак экан. Озми-кўпми тўплаганимиз бор, лекин у етмайди...

Зиёданинг онаси Моҳира Азизова

Қизимга ўзим донорлик қилиб, жигаримнинг бир бўлагини бермоқчиман. Мана ҳозир карантинлар охирлаб, рейслар тикланаётганини эшитиб, олдин даволаниб келганларни кўриб, бизда умид уйғонди. Яхши инсонлар оз-оздан кўмак беришса ҳам боламизни сақлаб қолиш имконияти бўларди. Қизимсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман, қани энди у ҳам бошқа болалардек ўйнаб-кулса! Олти ойдан ўтяптики худди янги туғилган чақалоқдек, қоринлари шишган, юзлари қорайган. Бу касалликда кучли оғриқ ҳам бўларкан, болагинам қандай чидаяпти экан, бу дардини ҳам айта олмаса, – дейди йиғлаганича онаизор.

Азизлар! Кўпнинг ёрдами кўл бўлади. Бир юртдошимиз ҳар биримиздан кўмак кутмоқда. Имкони борлар атаганларини пластик картага тушириб, имкони йўқлар шугина гўдакни дуоларида эслаб қўйсинлар.

Зиёда Учқуновага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0417 7005 8569

(Агробанк, онаси Моҳира Азизова номида)

Виза: 4187 8000 0022 4287

Телефон: +998 97 7848229

Аброр Зоҳидов тайёрлади,
тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top