15:46 / 10.07.2020
6597
Дилларни ўртаётган оққон – болалар кўмакка муҳтож

Дунёда оғир дардлар жуда кўп. Аммо улар орасида оққон касаллиги асосан болаларга азоб бериши, ота-оналарни иложсизликдан ўрташи билан алоҳида ўрин тутади ва мураккаб даволанишларни талаб қилади. Шукрки замон тиббиёти бу касалликни анча жиловлаган, шифо топиш кўрсаткичлари йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Бугун ана шу касаллик билан курашиб келаётган уч ўғлон ҳақида ҳикоя қиламиз. Уларнинг тақдирида ягона умумий жиҳат, умумий дард бор.

Наманган шаҳрилик Умархон Лутпуллаев 9 ёшда. Мана, деярли етти ойдирки пойтахтдаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида вақти-вақти билан даволаниб келмоқда.

– Уч фарзандим бор, ўзим уй бекасиман. Отаси чеварчилик қилиб бизни боқарди, карантин бўлиб ишлари ҳам сусайиб қолган. Боламнинг даволаниши учун бор-будимизни сотиб бўлдик, анча қарзга ҳам кириб кетдик. Бугун ҳамма ўзи билан ўзи, ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Лекин биз каби мураккаб вазиятга тушганларга ёрдам қўлини узатадиган саховатли инсонлар борлигига ишонаман ва улардан ёрдам сўрайман, – дейди онаси Дилафрўз Зокирова кўзида ёш билан.

 Умархон Лутпуллаевга оид маълумотлар:

Пластик карта: 8600 0609 0102 6287 (Халқ банки, онаси Дилафрўз Зокирова номида)

Сбербанк: 5336 6902 6166 2979 (таниши Жаҳонгир Комил ўғли номида)

Телефон рақами  +998906912028

* * *

Саховат илинжидаги навбатдаги бемор ҳам 11 ёшда. Санжарбек Ортиқов Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидан келиб даволанмоқда. Мана уч ойдан ортиқ вақт ўтибдики, боланинг ожиз вужуди касаллик билан курашиб келаяпти.

Отаси Суннат Пўлатовнинг маълум қилишича, даволанишнинг биринчи босқичидаёқ оила жуда мураккаб вазиятга тушиб қолган, олдинда эса яна қатор босқичлар кутиб турибди.

– Ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, айниқса, оққон каби дардга чалинмасин экан. Боламни даволатаман деб жуда қийин вазиятга тушдик. Шифокорларга ҳам раҳмат, қўлларидан келганини қилишяпти. Аммо дард чекиниши учун қиммат дорилар сотиб олишга мажбур бўлаяпмиз ва бунинг учун катта маблағ керак. Танишлардан ҳам, дорихоналардан ҳам катта қарзга кириб кетдик, – дейди онаси Севара Пўлатова йиғлаб.

Санжарбек Ортиқовга оид маълумотлар:

Пластик карта: 

8600 0609 7265 5790 (Халқ банки, онаси Севара Пўлатова номида)

8600 0417 4324 5079 (Агро банк, онаси номида)

Телефон рақами: +998915993997

* * *

Сўнгги беморимиз Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидан Ғайрат Абдумуродов. 21 ёшли Ғайрат оиладаги тўрт ўғилнинг учинчиси. Уч ойдан буён оққон билан курашиб келмоқда ва бу жараён оилани қийин аҳволга солиб қўйган.

– Айни пайтда уйга жавоб беришди, 10 кундан сўнг яна даволанишни давом эттиришимиз керак. Лекин қилинадиган харажатларни ўйласам юрагим ортимга тортиб кетади. Ҳеч кимнинг бошига бундай кунлар тушмасин экан. Тўрт ўғлим бўлсада, ҳар бирининг ўз ўрни бор. Биттасининг ҳам жони оғришини истамайман, оққон эса болажонимни эзиб қўймоқда, – йиғлайди она Зиёда Хўжамова.

Ғайрат Абдумуродовга оид маълумотлар:

Пластик карта: 

8600 0417 8281 0809 (Агробанк, онаси Хўжамова Зиёда номида)

9860 0101 1930 5612 (Ҳумо, отаси Мажид Хўжамов номида)

Телефон рақами: +9989930700467

Саховатпеша юртдошлар! 2020 йил кўпчилик учун оғир келди, юзага келган вазият туфайли иши юришмай турганлар ҳам бисёр. Аммо энг муҳим неъматлардан бири – соғлик бор экан, қолганининг ўрни тўлишига ишонса бўлади. Бугун ана шу неъматдан мосуво бўлиш синовига чалинганлар Сиздан ёрдам кутишмоқда. Ўйлаймизки уларни ноумид қолдирмайсиз.

 Аброр Зоҳидов

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top