17:56 / 24.07.2020
16556
Онам ҳам, турмуш ўртоғим оғир дардга чалинишган, қайси бирини эплашни билмай қолдим – аёл кўмакка жуда муҳтож

Инсон дуч келувчи дардлар турли-туман ва ҳар бири ўзича мураккаб. Kun.uz сайтига хайрия сўраб мурожаат қилувчилар айнан улар энг қийин шароитда эканлигини таъкидлайдилар ва уларни ҳам тушуниш мумкин. Навбатдаги мурожаат эгаси буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган турмуш ўртоғига ёрдам сўради. Аммо унинг тақдири билан қизиққанимизда синовлар бу билан тугамаганига гувоҳ бўлдик.

– Эрим Зафар Хўжамов ҳарбий бўлган. Забардаст, бақувват эдилар, ҳамиша шу халқига хизмат қилиш пайида юрган. Ҳали 30 ёшга ҳам кирмай жуда оғир дардга чалиниб, ўзини ҳам эплолмай қолди. Шифокорлар “Сурункали гломерулонефрит, СБЕ терминал босқичи. Ренал анемия оғир даражаси, уремия “ деган мураккаб ташхислар мажмуасини қўйишган. 8 йилдирки шу дард билан курашиб келади.

Хўжайиним узлуксиз гемодиализ муолажалари билан жон сақлаб турибди. У кишининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ягона усул – бу буйрак кўчириб ўтказиш. Мен буйрагим эмас, болаларим отасиз қолмаслиги учун жонимни ҳам беришга тайёрман, – деди беморнинг аёли Назира Расулова.

Эримнинг соғлигига қайғурсам, кекса ва ногирон онам ҳам борлар. Кўзлари ожиз, биз билан яшайдилар. Ўзимиз яккабоғликмиз, пойтахтда ижарада турамиз, чунки ҳар иккисига узлуксиз муолажалар керак. Яқинда онамда кўкрак саратони аниқланганда йиғлашга ҳам ҳолим қолмади...

Ўзим 1 млн сўмга ҳам етмайдиган маош оламан, жуда кўпчиликдан ёрдам сўрадим. Хайрият, яхши инсонлар кўп юртимизда. Яқинда ўзини таништирмаган бир инсон 10та доримизни олиб берди. Карантиндан олдин 2,5 млн сўм турадиган бу дорининг баҳоси ҳам ҳозир 3,8 млн сўмгача чиқиб кетди. Ҳиндистонда бўлиши режалаштирилган, менинг бир буйрагим кўчириб ўтказиладиган операция баҳоси 20 минг доллар экан. Ўзимиз, қариндош уруғлар ҳам қараб турганимиз йўқ, бор будимизни сотиб 10 минг доллар йиғиб қўйдик. Икки беморни эплаш ниҳоятда қийин бўлаяпти. Илтимос, саховатли инсонлар бизга ёрдам берсинлар, – йиғлаб сўзлади Назира Расулова.

Зафар Хўжамовга оид маълумотлар:

Пластик карта: 8600 0417 8871 3833 (Агробанк, Зафар Хўжамов номида)

8600 0609 7437 9241 (Халқ банки, Зафар Хўжамов номида)

Сбербанк: 4276 4000 4292 9233 (отаси Зокир Хўжамов номида)

Телефон рақами: +998900044500 Зафар, + 998909882183 Назира

 Азизлар! Бу мураккаб синовлар қаршисида турган оила тақдири ҳар қандай инсоннинг қалбида ачиниш уйғотади. Дуо қилиб, беморлар саломатлигини сўровчи юртдошларимиз орасида ўзидан орттирганини бошқаларга илинувчилар жуда кўпчилик. Бугун ҳам уларнинг саховатига суянамиз ва топганларига барака беришини сўраб қоламиз.

 Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top