11:43 / 27.07.2020
13668
Ҳиндистонда қолиб кетган 6 ёшли Муштарий ҳаёт учун курашмоқда

Мусофирлик бир синов, оғир дард эса ўн карра оғир синов. Айни ўйнаб куладиган пайтида, олти ёшида Муштарий Муродуллаева олис Ҳиндистон клиникаларидан бирида шифтга тикилганича илтижо қилиб ётибди.

Айни пайтда Муштарий ва онаси Шарофат Парпиева Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида бўлганлари боис биз билан қизалоқнинг отаси Аҳмадулло Тожибоев суҳбатлашди:

– 6 ёшли қизимиз 8 ойлигидан бери “Ирсий гемолитик анемия, талассемия оғир кечиши” ташхисли касаллик билан курашиб келмоқда. Сўнгги чора сифатида Ҳиндистонда ўтказиладиган илик кўчириб ўтказиш амалиёти зарурлиги маълум бўлганди, – дейди наманганлик Аҳмадулло.

Дастлаб иложсизликдан Муштарий қизимга 2 ёшли кичик қизим донор бўладиган эди. Аммо кейинчалик онасидан илик кўчириладиган бўлди.

Ҳиндистондаги бу операция учун 60 минг АҚШ доллари зарур экан. Уйимизни, машинамни сотдим, қариндош, таниш билишлардан қарз кўтардим ва 40 минг доллар йиғиб, шу йилнинг февраль ойида Гургаон шаҳридаги клиникага таваккал қилиб жўнадик.

Эътибор берсангиз, бемор танаси қорайиб кетган.
Касаллик ва кимётерапиялар таъсирида шундай ўзгаришлар юзага келган.

Операциядан кейин қизимнинг аҳволи оғирлашиб, реанимацияга тушиб қолди. Кунига 1200-2000 долларгача тўлаган пайтларимиз бўлди. Натижада ўтган олти ой ичида клиникадан қарзимиз шу қадар кўпайиб кетдики, шу кунда қизим билан онасини йўлакка чиқариб қўйишибди. Қарзимизни узмасак, клиникадан чиқаришмайди ҳам. Буёғи карантин, на улар кела олади, на мен бора оламан. Қизимнинг ҳам аҳволи йўлда юргудек эмас.

Кетишда олган қарзларимизни сўраб келишяпти. Ўша пайт қўллаб-қувватлаб берганларни тўғри тушунаман, зарурлигида беришди. Лекин қўлим қисқалигидан кўзларига кўринолмай юрибман. Қўлимга пул тушса, дарҳол боламга жўнатаман.

Яхши инсонлар бизга кўп ёрдам беришди, аммо ҳозирги вазиятимда яна кўмак сўрашга мажбурман.

Ўзим шифокорман, 2,3 млн сўм маош оламан. Ҳозир касбим тақозоси билан махсус кийимда юраман ва ҳар куни беморларга дуч келаман. Худога илтижо қиламан, “Ишқилиб касалликка чалиниб қолмай, менга бир нарса бўлса қизим нима қилади?”, деб ич-ичимдан йиғлайман, – дея сўзларини якунлади Муштарийнинг дадаси Аҳмадулло Тожибоев.

 Муштарий Муродуллаевага оид маълумотлар:

Карта рақами: 8600 0423 2319 2426 (Агробанк, онаси Шарофат Парпиева номида)

Ҳумо: 9860 0401 1434 7426 (дадаси Аҳмадулло Тожибоев номида)

Viza: 4023 0601 1159 5103 (онаси Шарофат Парпиева номида)

Сбербанк карта рақами: 5336 6901 8389 3983 (таниши Дилшодбек Турсунов номида)

Пайнет учун телефон рақами: +998996913494

Тоғасининг рақами: +998996913494

Азизлар! Хайрияларимиз якунида сизни саховатга чорловчи сўзлар ёзишга ҳаракат қилардик. Аммо аминмизки бугунги қаҳрамонимиз тақдирини ўқиб, хулоса чиқаришга улгурдингиз. Ўзбекнинг бир боласи ҳам оғир дард, ҳам мусофирчиликда муҳтож.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top