17:46 / 29.07.2020
4721
Юракларни азоблаётган оққон – яна уч бемор ёрдамингизни кутмоқда

Қон касалликларига чалинган беморлар қилган мурожаатлар хайрия акцияларимизда катта ўрин эгаллайди. Дард мураккаб, даволаниш узоқ, дори дармонлар қиммат, оилалар ночор... Бу умумийликлар такрор ва такрор мазкур мавзуни кўтаришимизга сабаб бўлади.

Бугун ҳам ёрдам умидидаги уч беморимиз ҳақида сўзлаб бермоқчимиз.

Икки оғир дард устига яна қон касаллиги...

Дастлабки беморимиз чирчиқлик 17 ёшли ўғлим Фаррух Қурбонбоев. Ҳаётнинг бу йигитга атаган синовлари жуда кўплигига эътибор қаратинг:

– Болагинамнинг ўзи туғма ногирон. Шифохонада мунтазам даволаниб туради. Катта бўлгунича уни опичлаб олиб юрар эдим. Энди кучим етмай қолди. Таксида олиб юришга шароитим бўлавермайди. Ногиронлик аравачамиз бўлса, автобусларда ҳам қийналмай олиб юрардим.

Яқинда швабрага юмшоқ латта ўраб ҳассатаёқ ясаб бердим. Бу билан фақат уйда юра олади. Болагинам гепатит билан ҳам касалланганди. Лекин бу ҳам синовларнинг ҳаммаси эмас. Шундоқ ҳам икки оғир касаллик устига гемофилия касаллиги қўшилганлиги ҳар қандай оилани, ҳар қандай инсон қаддини эгиб қўяркан. Даволаниш учун жуда катта маблағ сарфланаяпти.

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти дезинфекцияга ёпилган пайтда ўғлимни уйга олиб келдим. Турмуш ўртоғим ҳам муқим ишда эмас. Илтимос, ўғлимга ёрдам беринглар, – деб йиғлайди Фаррухнинг онаси Шоира Қурбонбоева.

Фаррух Қурбонбоевга оид маълумотлар:

Карта рақами: 8600 0417 6223 7148 (Агробанк, онаси Шоира Қурбонбоева номида)

Телефон рақами: +998977006504

Ҳар ой даволатиш 15 млн сўм

Навбатдаги бемор чустлик Наима Эрмаматова. 19 ёшни қаршилаган, олий ўқув юртлари талабаси ёки бир оиланинг бекаси бўладиган ёшдаги Наима жуда мураккаб дард билан олишмоқда.

– Наима уч фарзандимнинг каттаси. 2019 йил март ойида болагинамга “Ўткир миеолбласт лейкоз” ташхиси қўйилди. Бу касаллик ҳақида билган пайтимдаги ҳолатимни ҳеч бир онага раво кўрмайман. Яхшики шифокорлар кўнглимни кўтаришди, қўлларидан келганини қилишди ва ҳамон қилишмоқда. Деярли бир ярим йилдирки ҳар йигирма кунда боламни Тошкентдаги гематология ва қон қуйиш шифохонасида даволатамиз ҳамда ҳар ой муолажалар учун ўртача 10-15 миллион сўм маблағ керак бўлади. Шу кунга қадар молларимизни, участкамизни сотдик. Танишлару қариндошлардан ҳам анча қарз кўтарганмиз. Жуда мураккаб вазиятга тушиб қолганимиздан кейин халқимиздан ёрдам сўрашга мажбур бўлаяпман, – дейди Наиманинг волидаси Нафиса Усмонова.

Наима Эрмаматовага оид маълумотлар:

Карта рақами: 8600 0417 8484 3857 (Агробанк, онаси Нафиса Усмонова номида)

Телефон рақами: +998990178563

Бир ўғилни 17 ёшга етказиш осонми?

Сўнгги беморимиз Жаҳонгир Қосимов 17 ёшда. Чироқчилик Жўра Эшдавлатов ўғлини даволатиш учун бир оёғи Тошкентда.

– Мен чиройли гапларни билмайман. Лекин ҳеч бир инсоннинг бошига бундай кунлар тушмасин деб ният қиламан. Бир ўғилни умид билан ўстириш, 17 ёшга етказиш осонми? Болам учун жонимни берган бўлардим, лекин унга менинг жоним эмас, ўзининг соғлиги керак бўлаяпти.

Оққон шундай мураккаб касаллик эканки, на мол-қўй, на қўлга илингулик нарса қолди. Ўзбекистонда сахий инсонлар кўп, улар оз-оздан берганлари ҳам бизни қийин вазиятдан чиқариб оларди, – дейди ота.

Жаҳонгир Қосимовга оид маълумотлар:

Карта рақами: 8600332917682530 (Ипотекабанк, отаси Жўра Эшдавлатов номида)

Ҳумо: 9860 0301 0132 4298 (Агробанк, отаси Жўра Эшдавлатов номида)

Сбербанк: 4817760293694877 (акаси Дониёр Қосимов номида)

Пайнет учун рақам: +998900347104

Телефон рақами: +998934236763

Азизлар! Қилган эҳсонларингизнинг ўрни тўлиб бораётганига кўп марта гувоҳ бўлгансиз. Бугун уч нафар ёшларимиз умидли кўзларини тикиб турибдилар ва сиз уларни албатта дуоларингизда эслайсиз. Имкони борлар эса атаганларини берадилар.

Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top