10:00 / 10.08.2020
18074
Бир қизгина елкасида кўтарган дард – бунақаси кам учрайди

Kun.uz сайтига ёрдам илинжидаги турли тоифа беморлар мурожаат қилишади. Аммо бу сафарги қаҳрамонимиз тақдири бошқаларидан фарқ қилади ва уни қийнаётган касаллик кам учраши билан бирга анча мураккаб ҳам.

13 ёшли Муслима Исроилова бир неча касалликлар билан бирваракайига курашмоқда. Шу ёшга кирган бўлса ҳамки гапира олмайди, қулоғи ҳам эшитмайди. Аммо уни қийнаётган энг катта муаммо бу таянч ҳаракат тизимидаги бузилишлар. Оёғи икки марта операция қилиниши ортидан у тик тура, юра олаяпти. Аммо белидаги мураккаб эгрилиш, умуртқа поғонасининг ақл бовар қилмас даражада қийшиқлиги, сколиоз Муслима ҳаётини азобларга айлантирган.

Суратлар барчаси ҳақида ошкор қилади. Нигоҳлардаги мунг ва илинж кишининг кўзини ёшга тўлдирса, ортдан олинган сурат айни ўйнаб-куладиган ёшдаги қизгина дуч келган синовлар ҳақида сўзлаб турибди.

Муслимани Россиядан келган шифокорлар текширишган ва касаллик ривожланишини тўхтатиш имконияти борлигини, у қийинчилик билан бўлса-да, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини сақлаб қолиши мумкинлигини билдиришган.

Улар иштирокида Ўзбекистонда ўтказиладиган операция 6 минг долларга баҳоланган. Отасининг ўзи ҳам ногиронлигига қарамай ҳаракат қилган, таниш-қариндошлар ёрдам берганлар ва ҳозиргача 2 минг доллар атрофида маблағ йиғилган.

Аммо сентябрга мўлжалланган операция учун қолган 4 минг доллар, яъни 40 млн сўм атрофидаги маблағ бу оила учун жиддий муаммо бўлмоқда.

Муслима гапира олмайди. Шу ҳолида ҳам намозларини канда қилмайди. Қўли қисқа ота-онасини қийин аҳволга солганидан хижолатлигини нигоҳлари билан билдиради. Панага ўтиб йиғлайди...

 Муслима Исроиловага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0604 4381 3580 (Халқ банки, отаси Исмоил Тошканбоев номида)

8600 0207 7823 5056 (Миллий банк, таниши Нодиржон Мўминов номида)

Сбербанк VISA: 4276 4000 6936 3670 (таниши Шермат Диёров номида)

Телефон рақамлари: +998998870453, +998998680453

 Азизлар! Ҳаммасини ўзингиз кўриб турибсиз, нимагадир чорлашга ҳожат йўқ. Ишқилиб ҳар бирингизнинг эҳсонингиз бир муштипарнинг дуолари билан улкан савобларга айлансин.

 Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top