14:17 / 24.08.2020
13765
Икки йигит ва икки нажоткор опа – бир дард, бир чора

Бугунги қаҳрамонларимизни умумий бир дард қийнайди. Ҳар иккиси ҳам ёш, ҳаётдан умидлари кўп. Аммо буйрак касаллиги барча режаларга хавф соляпти, узлуксиз азобларга дучор қиляпти. Яхшики муаммонинг ечими бор ва ҳар иккисига ўз жигарлари – опалари донорлик қилиш истагида.

Опам менга жонининг бир парчасини бермоқчи

– Мен Раҳимов Ҳусан, 35 ёшдаман. Мана 10 йилдирки “Сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилиги” касаллиги билан курашиб келаман. Дастлаб маълум муддат даволанишлар билан жиловланиб турган бу дард 2019 йилда мени тамоман йиқитиб қўйди. Мана бир йилдирки ҳафтасига икки мартагача гемодиализ муолажасини ўтказмасам бўлмайдиган аҳволга тушиб қолдим, – дейди биринчи беморимиз.

Узлуксиз даволанишлар, дори-дармонлар ўзимни ҳам, яқинларимни ҳам буткул ҳолдан тойдирди. Аллоҳ менга сабрли ва вафодор аёлни рўпара қилгани узлуксиз муолажаларда жонимга оро кирмоқда. Оғир кунларда яқинларинг кунингга яраркан – опам эса менга бир буйрагини беришга тайёр.

Яхшики операцияни ўзимизда ўтказиш имкони бор экан. Фақат бунинг учун 20 млн сўм атрофида маблағ зарур. Менинг оилам ўртаҳол, даволанишларнинг ўзига бор-будимизни сарфлаб бўлганмиз. Фарзандларим ҳар гал шифохонага йўл олганимда кўзлари мўлтираб туради. Уларни отасиз қолдиришни ўйлашдан ҳам қўрқаман, – дейди кўз ёшларини яшириб Ҳусан Раҳимов.

Ҳусан Раҳимовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0417 7517 4049 (хотини Дилноза Қодирова номида)

Виза: 4023 0602 0217 2341 (Дилноза Қодирова номида)

Сбербанк: 2202 2001 2147 0049 (таниши Ўрол Жуманов номида)

Телефон рақами: +998973188591

* * *

Укам учун ҳамма нарсага тайёрман

— Мен Меретова Шаҳло, Kun.uz сайти ижодкорлари ва муштарийларига умид ҳамда илтимос билан мурожаат қиляпман. Биз термизликмиз, 1996 йилда туғилган укам Меретов Давронгелди ўтган бир йил ичида тўсатдан ётиб қолиб, аҳволи борган сайин ёмонлашиб борди.

Таҳлил натижаларига кўра укамга “Иккала буйраклар гломерулонефрити, икки томонлама гидроторакс” ташхисини қўйишди. 24 ёшли укамни уйлантирамиз, тўй қиламиз деган ниятда йиққан-терганимизни ҳам унинг даволанишига сарфлаб юбордик. Таҳлил натижаларини Ҳиндистонга юбордик. Даволашга 3500 ва йўл харажатларимизга 1500 АҚШ доллари - жами 5000 АҚШ доллари миқдорида харажат кетар экан. Қўлимиздан келганича тўплаб қўйдик, аммо яна тахминан 30 млн сўм етказа олмаяпмиз.

Укамга буйрак бериш учун ўзим донорлик қиламан. Фақат муолажаларимиз харажатлари учун меҳрибон халқимиздан ёрдам сўраймиз. Ота-онам тўйлар кўрсин, деймиз. Укамнинг соғайиб кетиши учун ҳамма нарсага тайёрман, – дейди Шаҳло Меретова.

Меретов Давронгелдига оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0304 5105 1027 (Саноатқурилишбанк, онаси Насиба Тоғаева номида)

Сбербанк: 4276 5500 7850 4415 (опаси Ирода Одинаева номида)

Телефон рақами: +998994276301 (онаси)

Азиз юртдошлар! Опаларнинг ўз укалари учун қилаётган меҳрибонлигини кўриб турибсиз. Улар жигарларининг соғлиги учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйишга тайёрлар. Аммо етишмовчилик, муҳтожлик уларни қийнаб турибди ва сизларнинг кўмагингиздан умид қилмоқдалар. Аллоҳ савобталабларнинг топганига барака берсин!

Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top