14:45 / 02.11.2020
3486
Хайрия: Онаси буйрагини бермоқчи бўлган йигит яхшилар ёрдамига муҳтож

Дунё аҳолиси сингари Ўзбекистонга ҳам кириб келган пандемия ватандошлар, ҳамюртларни янада жипслаштирди, десак муболаға бўлмайди. Улар ўзаро бир-бирининг тақдирига янада ҳамдардлик билан муносабатда бўлишмоқда. Хусусан, Kun.uz томонидан ташкил этилаётган хайрия акцияларида керакли маблағлар йиғилишида ўзгача бир фаоллик кузатилмоқда. Бу ҳам ўзбекистонликларнинг саховатпешаликларини яна бир бор намоён қилмоқда.

Kun.uz мухбири воҳа вилоятлари бўйлаб сафарида Бухоро вилояти, Жондор туманида истиқомат қилиб келаётган ҳамюртимиз Хайриддин Маҳмудов хонадонида бўлди. 1990 йилда туғилган Хайриддин, 3 йилдирки, сурункали аралаш шаклдаги гломерулонефрит учинчи босқичидан азият чекмоқда. Диализ ола бошлаганига 3 ой бўлган.

«Менинг ўғлим ҳам дўстлари қатори соғлом, ўйнаб-кулиб юрса дейман. Ҳеч ким ўғлимдек хаста бўлмасин. Ҳеч ким биздек муҳтож бўлмасин. Мана қанча-қанча беморлар халқимизнинг беминнат ёрдами билан соғайиб кетмоқда. Фарзандим ҳам шулар сингари шифо топади, деган умиддаман», - дейди онаизор.

Хайриддиннинг онаси Нодира опанинг айтишича, бугунги кунда оила 8 минг АҚШ доллари жамғарган. Унинг Ҳиндистонга бориб, жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун яна 10 минг АҚШ доллари етмаяпти. Ҳиндистондаги тиббиёт муассасаси маълумотномасига кўра, биргина жарроҳлик амалиётининг ўзига 14 минг АҚШ доллари керак бўлади.

Азиз ва саховатпеша ҳамюртлар, дард берган Аллоҳ, албатта шифосини ҳам бериши шубҳасиз. Бунинг учун фақатгина ихлос ила дуо ҳамда сабабини қилиб, даволаниш зарур. Бугунги кунда эса, замонавий тиббий усуллар воситасида аъзоларни кўчириб ўтказган ҳолда шифо топаётган ҳамюртларимиз кўп. Бир фарзандни тарбиялаётган Хайриддин ҳам сиз азизлар кўмагида шифо топиб кетади, деган умидда мурожаат қилмоқдамиз.

Келинг, яхшилар, имкони борлар савобли эҳсонлар қилсалар, узрлилар хайрли дуоларини канда қилмасалар, Хайриддин ҳам Ҳиндистондан комил шифо топиб қайтса! Онаизорнинг кўз ёшлари тиниб, маҳзун қалби хурсандчиликка тўлишига кўмак берайлик.

Хайриддин Маҳмудов оид маълумотлар:

Хайриддин Маҳмудов +998914129707

Агробанк (UzCARD). Онаси Нодира Темирова номида

8600 0417 1851 8625

Сбербанк (VISA). Shodi Xojaev номида

4276 4100 1575 1530

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top