09:00 / 04.11.2020
4608
Фуқаролик кодексининг янги таҳрири муҳокамага қўйилди 

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Фуқаролик кодексининг янги таҳрири муҳокамага қўйилди.

Norma’нинг ёзишича, лойиҳа билан қуйидагилар назарда тутилган:

фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, фуқаролик муомаласи қатнашчиларининг хоҳиш-истагини ифодалаш эркинлиги ва мулкий мустақиллигига, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади;

фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.
 
Лойиҳага мувофиқ:

  • бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ушбу Кодексга зид бўлиши мумкин эмас;
  • вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат органлари ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва доирада фуқаролик муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатлар чиқаришлари мумкин.

 Фуқаролик қонун ҳужжатини билмаслик ёки уни тўғри тушунмаслик ушбу ҳужжатни қўлламаслик ёки унда назарда тутилган жавобгарликдан озод этиш учун асос бўлмайди.
 
Лойиҳада белгиланишича, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунда назарда тутилган асослар, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, бироқ умумий тамойиллар ва фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари келтириб чиқарадиган фуқаролик ҳуқуқи мазмунига мувофиқ ҳаракатларидан вужудга келади.
 
Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қуйидаги асосларга биноан вужудга келади:

  • қонунда назарда тутилган шартномалар ва бошқа битимлардан, шунингдек гарчи қонунда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлардан;
  • қонунда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асоси сифатида назарда тутилган давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларидан;
  • суднинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаган қароридан;
  • қонун йўл қўядиган асосларда мол-мулк олиш натижасида;
  • фан, адабиёт, санъат асарларини яратиш, ихтиролар ва бошқа интеллектуал фаолият натижасида;
  • бошқа шахсга зарар етказиш натижасида;
  • асоссиз бойиб кетиш натижасида ва бошқалар.

Шунингдек, лойиҳада фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатини, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгиловчи нормалар, бошқа корпоратив ва тадбиркорлик муносабатлари, шартномавий ва бошқа мажбуриятлар, шунингдек мулкий ва номулкий муносабатлар ва ҳ.к. баён этилган.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top