11:57 / 05.11.2020
4044
Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Кэмбриж университети ўртасида меморандум имзоланди

Олий таълим тизимида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида соҳани замон талаблари даражасига чиқариш, рақобатбардош кадрларни тарбиялаш мақсади ётибди. Ушбу мақсадларга эришиш учун аввало, жаҳон ҳамжамияти, ривожланган давлатлар тажрибасини ўзлаштириш, кадрлар тайёрлашда етакчи хорижий олийгоҳлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш яхши самара беради.

Самарқанд давлат тиббиёт институти мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги кадрларни тайёрлаб берадиган етакчи олийгоҳлардан бири ҳисобланади. Институтда яратилган бой тажрибадан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадида ҳозирги кунда хорижий ҳамкорлар билан бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида бир қатор хорижий давлатлар талабаларини институтда таҳсил олиши кўзда тутилган. Уларга хорижий профессор-ўқитувчилар билан бирга, институт ўқитувчиларининг чет тилларида ўқув машғулотларини олиб бориши амалга оширилмоқда.

Институт профессор-ўқитувчиларининг хорижий тилдаги билим ва кўникмаларини яхшилаш ва манбалардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Буюк Британиянинг Кэмбриж университети билан меморандум имзоланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Кембриж Буюк Британиянинг энг қадимий университети ҳисобланиб, 1209 йилда ташкил қилинган. Дунёдаги ҳеч бир университет сон жиҳатидан Кембриж каби дунёга Нобел мукофоти совриндорларини етказиб беролмаган. Университетнинг 90 дан ортиқ битирувчи ва ўқитувчилари ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилган.

Қувонарлиси шундаки, Самарқанд давлат тиббиёт институти жамоаси келгусида ушбу нуфузли университет билан фаол ҳамкорлик олиб боради. Энг яхши тажрибаларидан самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

 

Мазкур меморандум бўйича Кэмбриж университети Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларининг инглиз тили соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича беғараз кўмаклашади. Ўқитувчи ва талабаларни тегишли адабиётлар билан таъминлаб, тиббиёт фанларидан инглиз тилида ўқув машғулотлар олиб боришига методологик ёрдам кўрсатади. Имзоланган меморандум институт инсон ресурслари ва потенциалини янада бойитишга хизмат қилади.

СамДТИ матбуот хизмати

Top