11:01 / 07.11.2020
43555
«Халқ банки» собиқ раҳбари тузган жиноий гуруҳ ҳақида маълумот берилди

Бош прокурор «Халқ банки»нинг собиқ раҳбари тузган жиноий гуруҳ ҳақида маълумот берди. У аввал Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

7 ноябрь куни ўтказилаётган коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинди.

Маълум қилинишича, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

«Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган. Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 миллиард сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 миллиард сўмга яқин бюджет маблағини талон-торож қилган. 215 миллиард сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 миллион доллар нақд пулга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 миллиард сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. «Халқ банки» бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 миллиард сўмлик банк маблағини талон-торож қилган», — деди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурорнинг айтишича, у «Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 миллион сўмлик мебель жиҳозларини 273 миллион сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 миллион сўмлик бинони 4 миллиард 700 миллион сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.

Таъкидланишича, айни пайтда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

2019 йили октябрда Kun.uz «Халқ банки» бошқарув раиси Муродилла Ёқубович Эшматов «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берганди.

У бу лавозимда бироз аввалроқ банк фаолиятидаги камчиликлари ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини яхши тушунмагани учун ишдан олинган Отабек Панжиевич Алмарданов ўрнини эгаллагани маълум қилинганди.

Муродилла Эшматов 2016-2019 йилларда эса Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Top