17:49 / 28.11.2020
3961
Халқаро стартаплар танловида Ўзбекистон номидан қайси компания қатнашиши маълум бўлди
Фото: Seedstars Summit

IMAN компанияси Seedstars World Competition йирик халқаро стартаплар танловининг миллий турида ғолиб бўлди. Компания 2021 йил апрел ойида бўлиб ўтадиган ҳамда мукофот фонди 500,000 долларни ташкил этадиган финал босқичида Ўзбекистон номидан иштирок этади.

IMAN компанияси бугунга қадар Entrepreneurship World Cup чемпионати натижаларига кўра, дунёнинг энг яхши стартаплар юзталигига кириб, 1 миллион доллар миқдоридаги мукофотни ютиб олганди.

IMAN ҳақида

IMAN – бу 3 та маҳсулот: электрон савдо майдончаси, сармоя ва муддатли тўлов хизматини бирлаштирган илова. Ҳар бир хизмат турли платформалар билан интеграциялашган илованинг ўзига хослиги шундаки, барча хизматлар Ислом молияси тамойилларига мувофиқ ишлайди ва камида 1 миллион сўмга эга бўлган ҳар қандай шахс инвесторга айланиши мумкин.

IMAN Marketplace (электрон савдо майдонча) турли онлайн ва офлайн дўконларнинг 10 мингдан ортиқ маҳсулотларини ўзида жамлаган онлайн тизимдир. Бунинг учун IMAN Marketplace’га уланиш ва сотишни бошлаш учун IMAN Бизнес тизимига уланиш ҳамда дўкондаги маҳсулотларни ҳар куни янгилаб туриш кифоя. Платформадаги турли маҳсулотлар, кийимлар, хўжалик буюмларидан то кўчмас мулк ва автомобилларгача мавжуд. Ушбу маҳсулотларни иккинчи хизмат – IMAN Pay орқали муддатли тўлов асосида сотиб олиш мумкин.

IMAN Pay – бу харидорлар маҳсулот ва хизматларни муддатли тўлов асосида сотиб олишларига имкон берувчи тўлов хизмати. Бугунги кунда ушбу хизматдан уйдан чиқмай ёки Ўзбекистондаги 100 дан ортиқ дўконлар кассалари орқали фойдаланиш мумкин. Барча маҳсулотлар IMAN Invest хизмати орқали молиялаштирилади.

IMAN Invest – мавжуд инвестиция ва хизматларни бошқариш учун хизмат. Қулай ва шаффоф инвестиция платформасидан фойдаланишни истаган ҳар қандай шахс инвестор бўла олади.

«Дунё бўйича 700 миллион мусулмонлар анъанавий банк ва омонат хизматлари эътиқодларига зидлиги туфайли улардан фойдалана олмайдилар. 30 миллиондан (аҳолининг 90%) ортиқ мусулмон яшайдиган Ўзбекистонда Ислом молияси маҳсулотларини таклиф этадиган банк мавжуд эмас ва шу сабабли ҳам IMAN таклиф этаётган хизмат янада долзарб ҳисобланади. Биз инвесторларнинг даромад қилишига ва харидорлар ҳаётини максимал даражада қулай ва осон қилувчи содда, тушунарли тизимни яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Биз нафақат инсонларни ягона фалсафа атрофида бирлаштиришни, балки сармоядорларга сармоя киритиш орқали даромад олиш билан бирга инсонлар ҳаёт даражасини оширишларига имкон бера олдик. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг 10 миллион доллардан ортиқ пуллари «ёстиқлари остида ётибди». Шу каби маблағлардан фойдаланиш имкониятини IMAN’га тақдим этган ҳар қандай шахс сармоядорга айланиши мумкин», дейди IMAN компанияси асосчиси ва бош директори Рустам Раҳматов.

«Биз банклар ва сотувчилар учун фойдали бўлган муддатли тўлов имкониятини яратиш ва сармояларни жалб қилиш учун тўлақонли ҳалол ечим таклиф қила олдик. Шунинг учун, дунёнинг исталган ерида, исталган анъанавий банк учун қўшимча инвестициявий тизим сифатида, шунингдек электрон савдо маҳсулотлари учун эса молиявий майдонча сифатида таништирилишимиз мумкин. Бизнинг барча маҳсулот ва хизматларимиз фойдаланувчилар учун максимал даражада қулай бўлган иловада жамланган. Ишонамизки, келажак турли соҳаларга тегишли бўлган турли вазифаларни, молия, ҳордиқ ва ҳаёт тарзини бир жойда бирлаштирадиган шундай экосистемалар билан боғлиқ. Биз бу лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошираётган бўлсак-да, мақсадимиз худди шундай экотизимни дунёдаги мусулмонларга тақдим этиш», дейди IMAN компанияси ҳаммуассиси ва стратегик ривожланиш масалалари бўйича директори Марк Зубов.

П2П молиялаштириш ўзининг технологияси, ҳаракатлилиги, бюрократик ҳолатларнинг камлиги, шунингдек, ҳар бир инсон банкнинг иштирокисиз ундан фойдалана олиши мумкинлиги сабабли АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда машҳур бўлиб улгурди.

Молиялаштиришнинг бу тури хатарларнинг тақсимланишига асосланганлиги туфайли бугунги кунда кўплаб истеъмолчиларни жалб этмоқда. Мутахассислар ушбу моделни асос қилиб олишга қарор қилишди ва бу турдаги молиялаштиришга Ўзбекистонда талаб юқори бўлишига умид билдиришмоқда.

Бугунга қадар компания таъсисчилар, шунингдек кўплаб сармоядорларнинг маблағлари ҳисобига молиялаштириб келинмоқда. Ҳозирда IMAN 2 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилиш мақсадида халқаро сармоядорлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу маблағлар маҳсулот сифатини яхшилаш, маркетинг ва муддатли тўлов хизматларини ривожлантириш учун йўналтирилади. Кундан-кунга IMAN’га нисбатан қизиқиш ортиб бораётганлиги сабабли, компания бошқа ривожланаётган бозорларга ҳам кириб боришни режалаштирмоқда.

Исломий молия ҳақида

Ислом молиясининг анъанавий молиядан фарқи шундаки, Ислом молияси фойда ва зарарни тақсимлаш тамойилларига амал қилади ва фақат битта томон тарафидан қопланадиган таваккалчилик ва ҳамда судхўрликка асосланган битимларни тақиқлайди. Ислом молияси хатарлар ва фойда жараённинг барча иштирокчилари ўртасидаги адолатли мувозанатни назарда тутади. Ғарбда фойда ва хатарлар икки томон ўртасида тенг тақсимланадиган ушбу капитални молиялаштириш механизми «skin-in-the game» номи билан танилган.

Ислом молияси шаффофлик, тенг масъулият ва реал активларни молиялаштиришни назарда тутганлиги туфайли олимлар томонидан ушбу молиялаштириш тури реал иқтисодиётни ривожлантиради ва жамиятдаги тенгсизлик даражасини камайтиради деб тан олинган.

Seedstars ҳақида

Seedstars – ривожланаётган мамлакатлардаги халқаро стартаплар танлови. Платформа Seedstars venchur фонди кўмагида Женевада ташкил этилган. Танлов ҳар йили турли соҳаларда битта ғолибни аниқлайди.

Мавзуга оид
Top