19:35 / 02.01.2021
25756
Афғонистонлик инвестор иши: жиноят ишида яна терговчи алмашган

Тошкент шаҳар прокуратураси  афғонистонлик инвестор иши бўйича жиноят иши тергови бошқа терговчига ўтказилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълумот берди.

“Афғонистон Республикаси фуқароси Барекзай Аймалнинг аризасига асосан дастлаб 2019 йил 29 октябрда Яккасарой тумани ички ишлар органи томонидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисм А бандига кўра очилган. Жиноят қўзғатилишига фуқаро Хушвақтов Фахриддин фирибгарлик йўли билан афғонистонликларга тегишли бўлган жуда кўп миқдордаги, яъни 80 минг АҚШ долларини қўлга киритганлиги асос бўлган.

Афғонистонлик инвестор Тошкентда катта пулга алданиб қолди. У тергов иши  чўзилаётганидан шубҳаланмоқда
Фахриддин Хушвақтов

Жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратурасига дастлабки тергов жараёнларини давом эттириш учун келиб тушган ва тергов жараёнида ҳақиқатдан ҳам Хушвақтов Фахриддин мазкур фирибгарлик жиноятини содир қилганлиги иш ҳужжатларидан тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топган. Шу сабабли ушбу фуқарога нисбатан 2020 йилнинг 6 июлида Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, яъни фирибгарлик йўли билан жуда кўп миқдордаги пул маблағларини эгаллаш жинояти бўйича сиртдан айб эълон қилиниб, Хушвақтовга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган.

Ҳозирда қидирув ҳаракатлари Сергели тумани ички ишлар органи томонидан олиб борилмоқда. Қидирувни жадаллаштириш бўйича биз томонимиздан доимий назорат ўрнатилган, бир қатор топшириқлар берилган. Берилган топшириқларимиз бўйича тезкор ходимларимиз томонидан ўзларининг ваколат доирасида барча ишлар бажарилмоқда. Ҳозирги кунгача Хушвақтовнинг қаерда эканини аниқлашнинг имконияти бўлгани йўқ.

Шу сабабли жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига кўра ҳаракатдан тўхтатилган. Бу жиноят иши бўйича барча тергов ҳаракатлари айбланувчи ушланганидан кейин тикланади. Тикланган иш жараёнидан аризачиларнинг қандай қўшимча важлари бўлса, ҳаммасини қабул қиламиз. Ҳар бир важ бўйича терговнинг холисона олиб борилишини таъминлаймиз”, дея Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Воҳидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бахтиёр Воҳидов

Воҳидовнинг қўшимча қилишича, айни пайтда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган терговчи хизмат сафарида экани боис тергов жараёнини олиб бориш бошқа терговчига топширилган.

Kun.uz cайтида эълон қилинган мақола ортидан Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими Акмал Атахановга нисбатан қайта хизмат текшируви тайинлангани ва у хизмат текшируви натижасига кўра ишдан олингани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, у терговга жалб этилдими? Тошкент шаҳар прокуратураси масъули бу борада қуйидагиларни маълум қилди:

“Атаханов билан Хушвақтов ўзаро жиноий тил бириктириб бу жиноятни содир қилганми ёки жиноий тил бириктирмасдан содир қилганми бу бўйича Хушвақтов ушланганидан кейин тергов органи томонидан барча тўпланган материалларни баҳолаш орқали уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо берилади. Шу сабабли ҳозирда олдиндан бирон нарса дейиш ваколатига эга эмасмиз.

Афғонистонлик инвестор Исмоил Сафо

Бир шахснинг иккинчи бир шахс билан тил бириктириб жиноий иш содир қилганини аниқлаш учун далиллар керак. Бу далилларнинг ҳақиқатдан ҳам асосли эканлигини исботлаш учун бизнинг жиноий ишимиз доирасида Хушвақтовнинг қидирувда эканлиги, Хушвақтов топилмасдан туриб, Атахановнинг масаласига қонуний баҳо бериб бўлмаслиги сабабли бу тергов ҳаракатлари ўтказилмаган. Қачонки Хушвақтов ушланиб, терговга жалб қилинганидан кейин бу масалада қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Жиноят иши бўйича тергов ҳали тамомланмаган. Бир шахс ҳали қидирувда. Қонунда тергов сири деган нарса бор ва мен тергов сирини сизга ошкор этолмайман.

Тезкор ходимлар тезкор-қидирув ишларини давом эттирмоқда. Жиноят қилган одам ҳеч қачон жазосиз қолмайди, жазонинг муқаррарлиги таъминланади. Терговни жадаллаштириш бўйича раҳбарият томонидан берилган топшириқларнинг ҳаммаси қонун доираси олиб борилмоқда”, деб айтган Бахтиёр Воҳидов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top