18:35 / 05.01.2021
15158
АҚШда яна сайлов: пастор ва журналист Трампнинг сенаторларига қарши. Ўртага президент-Байденнинг келажаги қўйилган

Бугун Америкадаги ягона штатда Жо Байденнинг президентлиги қандай кечиши ҳал қилинади. Жоржия Сенатдаги охирги икки вакантни тўлдиради, агар бу ердан бир республикачи сайланса ҳам, Доналд Трампнинг партияси президентлик сайловларидаги мағлубиятдан кейин таскин берувчи мукофотга эга бўлади - республикачилар Америка парламентининг юқори палатасида устунликни сақлаб қолишади.

Фото: Getty Images

Агар демократлар ноябрдаги президентлик сайловларидаги каби азалдан республикачиларники бўлган штатда муваффақиятга эришишса, улар жекпотни ютиб олишади: улар бир вақтда Оқ уй, сенат ва АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида назоратни қўлга олишади.

Бу ҳолда президент-Байденнинг қўл-оёғи сенатда устунлик қилувчи республикачилар томонидан боғлаб қўйилмайди ва у ўзи истаганидек жиддий ислоҳотлар ўтказиши мумкин бўлади. Америкаликлар ҳаётини тубдан ўзгартирувчи қарорлар қабул қилиш учун президент фармонлари етарли бўлмайди, қонунларни ҳам ўзгартириш талаб этилади - бу эса Конгрессга боғлиқ.

Агар республикачилар кичик устунликни сақлаб қолишса, сенатда кўпчиликни ҳам сақлаб қолишади ва улар демократлар фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этиши мумкин бўлади. Байденнинг маъмурияти Трамп қолдирган мерос билан қолади.

Мавжуд бошқарув услуби Байденга Трампнинг айрим қарорлари, хусусан, Эрон билан ядровий келишувдан ёки иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиш ҳақидаги қарорларни қайта кўриб чиқиш имконини беради. Аммо Сенат қўлловисиз ва қонунларни ўзгартирмасдан президент-Байденнинг ҳар қандай ислоҳоти омонат ислоҳотлар бўлиб қолади, кейинги президент бундай ислоҳотларни бекор қилиши ҳам мумкин бўлади.

Ёш қизчалар сайлов участкаларига чорлашмоқда. Ноябрда айнан сайловдаги давомат туфайли демократлар устун келишганди

Айнан шу туфайли Жоржиянинг икки округидаги сенатор сайловлари ҳудудий эмас, умуммиллий кўламга чиқиб қолди.

Штатга кўп ойлар давомида президентлик сайловларида чиниққан барча жанговар ҳарбий сайлов машиналари ташланди. Номзодлар шахсан Трамп ва Байден томонидан ташвиқ қилинди.

Нима учун яна сайлов, нима учун бу қадар шовқин?
Президентлик сайловларида Байденга овоз берган америкаликлар сони Трампга овоз берганлардан 7 миллионга кўп бўлди ва у  306 нафар делегат (Трампда 232) овозига эга чиқди. Аммо Трамп ҳамон мағлубиятини тан олмади ва сайловларда унинг овози ўғирланганини таъкидлади - аммо у бу гапи учун бирор исбот келтирмаган. Унинг судлашишга уринишлари муваффақиятсизликка учради ва мағлубиятини тан олиш онлари яқинлашиб келмоқда.

Инаугурация маросими 20 январга белгиланган, 6 январда эса Конгресс сайлов натижаларини - Байденнинг ғалабасини тасдиқлаши керак. Одатда бу шунчаки расмиятчилик, аммо бу сафар ўнлаб республикачи сенаторлар ва Вакиллар палатаси аъзолари қарши чиқишмоқчи, бу эса демократлар ғалабани тантана қилиши ўрнига кўнгилсизлик келиб чиқиши эҳтимолини оширади.

Капитолийдаги маросимдан аввалроқ эса айнан Жоржия вақтинчалик жанг саҳнасига айланди. Якшанба куни АҚШнинг амалдаги президентининг Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергер билан телефон мулоқоти аудиоси тарқалди. Унда Трамп амалдордан штат сайловларидаги мағлубиятини бекор қилиш учун етарлича овоз топишни талаб қилган. Сешанба куни эса яна бир ҳал қилувчи жанг - Сенат учун сайлов бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги ҳолатда Конгресснинг юқори палатасидаги 100 ўриндан 50таси республикачиларга тегишли, демократлардан 48 вакил, қолган икки ўрин эгаси Жоржияда аниқланади. Агар демократлар бу штатда устунликка эришишса, 50га 50 ҳолати юзага келади ва ҳал қилувчи овоз - вице-президент Камала Ҳаррисники бўлиб қолади.

Шу тариқа, демократлар устунликка эга бўлишади. Бундай камтарона устунлик ҳал қилувчи ислоҳотларни амалга ошириш учун ажойиб шароит эмас, аммо бу барибир сенат тўлиқ республикачиларга тегишли бўлишидан яхшироқдир.

Сенатдаги кучлар нисбати 3 ноябрдаги сайловлардаёқ аниқ бўлиши керак эди, ўша куни америкаликлар президент билан биргаликда Сенат аъзолари ва Вакиллар палатаси аъзоларининг учдан бир қисмини сайлашди. Аммо кутилмаган ҳолат юзага келди: Жоржия штатидаги икки ўрин ўйинда қолди.

Жоржияда, Американинг бошқа кўплаб штатларидан фарқли ўлароқ, сайловларда ғалаба учун камида 51 фоиз овоз тўпланиши керак - акс ҳолда иккинчи тур белгиланади.

Сенатор-республикачилар Дэвид Пердью ва Келли Леффлер биринчи турда қайта сайлана олишмади ва иккинчи турга ўтишди. Уларга икки демократ: журналист-тадқиқотчи Жон Оссофф ва пастор Рафаэль Уорнок рақиблик қилишмоқда.

Ким ғалаба қозонади?
Жоржия - республикачилар учун мерос штат, демократлар 1991 йилдан буён бу ерда ғалаба қила олишмаган. Аммо Трамп олиб борган сиёсат ва демография штатни иккиланувчи штатлар тоифасига қўшди.

Байден ва Ҳаррис бу штатда Трампни катта қийинчилик билан енгишди, конгрессменлар пойгасида ғолиб бўлиш эса ундан ҳам қийинроқ.

Сайлов драмасининг якуний қисмидаги асосий шахслар: Пердью, Оссофф, Леффлер ва Уорнок

Республикачи Пердью биринчи турдаёқ ғалаба қозониши учун 1 фоиздан кўпроқ овоз камлик қилди: 71 ёшли сенатор 49,8 фоиз овоз олди, унинг 33 ёшли рақиби Оссофф эса 47,9 фоиз.

Параллел кечган пойгада демократ Уорнок биринчи бўлди, аммо у фақат 33 фоиз овоз тўплаган. Иккинчи ўринни эгаллаган Леффлер 26 фоиз тўплади, аммо учинчи ўрин ҳам республикачилар номзодига теккан (20 фоиз).

Шу туфайли, қачонлардир Мартин Лютер Кинг воизлик қилган черковнинг қора танли руҳонийси иккинчи турда анча кучайган рақиб билан тўқнашади.

Штатда овоз бериш жараёни анча олдинроқ бошланган, овозларни ҳисоблаш эса маҳаллий вақт билан 6 январ куни кечқурун (Тошкент вақти билан 7 январ куни кундузи) бошланади. Президентлик сайловлари шуни кўрсатдики, якуний натижаларни кўп вақт кутиш керак бўлади.

Сўровлардан фақат кураш қизғин кечишини билиш мумкин. Аммо социологлар ноябрдаги сайлов бўйича прогнозларида кўп хато қилишди, шу туфайли кўпчилик январдаги сайлов натижасини тахмин қила олишмаяпти.

Top