11:45 / 06.04.2021
15128
«Ҳамма айб ёшларда эмас. Тан олиш керак, тизим мукаммал эмас» - 15 ёшда талаба бўлган жиззахлик йигит билан суҳбат

«Осмондаги болалар» лойиҳасининг навбатдаги сонига Муҳаммад Али Эшонқулов ташриф буюрди. Жиззахлик 26 ёшли йигит ўқитувчиликдан ташқари, халқаро тоифадаги иқтисодчи, тадбиркор, бизнес-мураббий, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Австрия IMC University Krems ўқитувчиси, «Патронлар лигаси» клуби асосчиларидан биридир. У суҳбат давомида мукаммаллик, мақсадсиз ёшлар, таълимда коррупция ва ислоҳотлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, суҳбат сўнгида ўқилиши керак деб ҳисоблаган китоблар рўйхатини ҳам айтиб ўтди.

Муҳаммад Али Эшонқулов 1994 йил 6 ноябрда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида туғилган. 5 ёшида Бахмал туманидаги 1-мактабда ўқишни бошлаган, кейинчалик 4-иқтидорли болалар мактабида таҳсил олган. 15 ёшида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириб, бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган.

Ўша йигит менман!

Кўпчилик савол беради, шунча жойни битириб, келиб-келиб ўқитувчи бўлдингми деб. Бунинг ўзига яраша тарихи бор. Ёшлигимизда мактабда бир воқеа бўлган. Бир тўполончи дўстимиз бўлар эди. Доим шовқин бўлса калтак шунинг бошида синар эди. Бир куни бир ўқитувчимиз келиб, ноҳақдан ҳамманинг олдида калтаклаб, анча изза қилди. Ўтиш даврида эдик, ўша дўстимиз ўзининг жонига қасд қилмоқчи бўлди, палончи устоз, ҳали жанозамга келиб ўлигимнинг устида йиғлайсиз, деб хат ёзди. Худонинг инояти билан ўша йигит бир ўлимдан қолиб, яшаб кетди. Энг қизиғи, ўша йигит менман! Ўшанда тушунганман ўқитувчининг нақадар кучга эга эканлигини, ё бировнинг ҳаётига нуқта қўйиши мумкин, ё кимнидир ҳаётга қайтариб қолиши мумкин. Агар насиб қилса, мен карьерамнинг биринчи беш йилини ўқитувчилик билан бошлайман, фақат бировнинг ҳаётига нуқта қўядиган эмас, кўпчиликни, руҳан ўлиб қолган одамларни ҳаётга қайтарадиган ўқитувчи бўламан, деб ният қилган эдик. Қисқа муддатда, Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон бўйича 10 мингдан зиёд шогирд чиқардик. Агар ўз касбингизнинг мутахассиси бўлсангиз, одамлар сизнинг ортингиздан қувлайди, жуда кўп қўмиталарга, катта-катта ташкилотларга, ҳокимларга дарс бердик.

Ўқитувчиликдан ташқари тадбиркорлик ҳам қиламиз. Европадан зотдор қорамол олиб келамиз ва бутун Ўзбекистон бўйича тарқатамиз. Таълим соҳасида бир иккита яхши лойиҳалар қилдик, ўқув марказлари очдик. Қўлимиздан келганча халққа хизмат қиляпмиз, Аллоҳим охирида суюнтирсин.

Болам ўқиб чарчаб қоляпти, дейдиган ота-оналарга...

Биз инсон деган зотга жуда паст баҳо берамиз, аслида инсон қобилиятлари, имкониятлари, салоҳиятини билганимизда, бу босимни бундан минг баробар кучайтирган бўлар эдик. Баъзи китобларда келади, энг мукаммал инсон ким дейилса, чақалоқлар деб жавоб берилади. Ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оппоқ қоғоздек бўлади, хотираси ҳам мукаммал бўлади, қизиқиши, диққатини жамлаши ҳам бизга нисбатан жуда кучли бўлади. Биз 10-20 марта ўқиб, ёдлайдиган нарсамизни улар бир марта кўришда фотохотира дейди, ёдлаб олишади. Шунинг учун, кўп паст баҳо бермаслик керак уларга. Аслида, ёшлигида қанчалик кучайтирсак, катта бўлганда шунчалик енгиллик бўлади. Бунга тарихдан мисоллар жуда кўп. Биз 4 ёшимизда энди ўқишни ўрганган эканмиз, 4 ёшида қори бўлганлар бор.

Муваффақиятга эришишимнинг асосий сабабчиси – акам

Акам раҳматли қўлимдан тутиб, мактабга олиб борганлар, ёзишни, чизишни, ҳисоб-китобни ўргатганлар. Дипломатияга киришни орзу қилар эдилар, уйдагилар “юқори балл тўплолмасанг керак” деб кўп ҳам ишонишмади, ТАТУга кирдилар. Лекин мен ўша орзуларини амалга ошираман деб Дипломатия университетига топшириб, кирганман. Акамнинг жуда кўп орзуларини ҳаётда амалга оширдим, ошириб келяпман. Умримнинг охиригача ҳақларига дуо қилиб, хизмат қилсам арзийди. Сабаби мен учун «кумир» ҳисобланган, яъни кўзимиз билан кўришимиз мумкин бўлган идеал инсон бўлиб хизмат қилганлар. Доим ўхшашга интиламан. Жойлари жаннатда бўлсин. Агар акам ёнимда бўлганларида тоғни талқон қилиб ташлар эдим. Ҳаётда ҳеч ким сизнинг акангиздек бўла олмайди, худди отангиздек бўла олмагандек. Акалар сиз учун доим иккинчи ота бўладилар. Энг охирги марта Жиззахга бирга кетганмиз, таксида суҳбатлашиб кетганмиз, манзилга етганда, ҳайдовчи курсдошмисизлар деб сўраган, йўқ, биз ака-укамиз деб жавоб берганимизда, ё, тавба, умримда биринчи марта бунақа мириқиб гаплашиб, суҳбати узилмасдан кетган ака-укаларни кўришим, деган эди. Шунга хурсанд бўламанки, бизнинг фикримиз доимо битта жойдан чиққан, ўртамизда тўсиқ бўлмаган, қисқа умр яшаган бўлсалар ҳам, манфаатли яшаганлар. Умрларини мен давом эттиряпман, деб ўйлайман. ИншаАллоҳ ҳамма орзуларини битта қолдирмай, амалга оширайлик.

Дадамнинг бир яхши гаплари бор: «Агар сен ҳаётда бирор-бир фикрингни ўйланмасдан, фильтрламасдан айта оладиган, истиҳола қилмасдан гапира оладиган, ҳеч қандай тўсиқ қўймасдан, самимий гапира оладиган дўстинг бўлса, демак, сен бахтли экансан». Ўшандай дўстларимнинг энг каттаси акам бўлган.

Ўқитувчиликдан бошқа фаолият

Европадан зотдор қорамол, Хитойдан ҳар хил технологияларни олиб келамиз. Бундан ташқари, «Патронлар лигаси» тадбиркорлик клуби асосчиларидан биримиз. Бутун Марказий Осиёдан ўз устида доимий ишлайдиган, ўхшаш қадриятларга эга тадбиркорлар йиғилган клуб, оиладай бўлиб қолганмиз. Яқин 5 йилда клуб доирасида олдимизга шуни олий мақсад қилиб қўйганмизки, Ўзбекистонда энг камида бир, бўлмаса уч нафар Нобел мукофоти лауреатига эришиш, 50 нафарга яқин “Форбс”га кирадиган тадбиркорларни чиқариш, ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизини бажариш, энг камида 10 минг, бўлмаса 100 минг Европа стандартларига жавоб берадиган иш ўрнини яратиш.

«Бизнес квадрат» қандай лойиҳа?

«Fratellicasa» бренди эгаси Шерзод ака бир куни бир яхши гап айтиб қолдилар. Америкада бизнес мактабда ўқиётганимизда ўқитувчимиз боғга олиб борди ва ҳамма пулларимизни олиб қўйиб, кечгача ким пул топса, шунга баҳо қўямиз, қолганлар хафа бўлмасин, деди. Шунда пул тикмасдан пул топишга мажбур бўлганмиз, шу бизда пулсиз ҳам бизнес қилса бўлади, деган стереотипни шакллантирган, миядаги кўп тўсиқларни олиб ташлаган. Шу гапларни анча йиллар олдин эшитганимда, ўзимизда ҳам шундай мактаб бўлганида, мен бориб ўқир эдим, деб дилимга тугиб қўйган эдим. Орадан йиллар ўтди, барибир ҳеч ким очмади, ўзимиз очишимизга тўғри келди. Ҳали янги лойиҳа, мартда бошладик. Худо шукр қиламан, ўқиб бошлаганлар икки ҳафта ўтар-ўтмас ойлик даромадини 1000 долларга чиқариб улгуришди, яъни биз кутгандан кўпроқ натижа берди. Баъзи устозлар “қўрқмайсизларми, мабодо эплай олишмаса, йигитларда ўзига бўлган ишонч тушиб кетмайдими” дейишганда, айтган эдимки, биз инсон салоҳиятига ўта паст баҳо берамиз, эҳтимол сиз кутгандек бўлиб чиқмаса-чи, эҳтимол биз кутгандан зўрроқ бўлиб чиқса-чи, деб айтган эдик. Биз кутгандан бир неча баробар зўр бўлиб чиқди. Гуруҳдаги ўқувчилар ичида таҳлиллар қилдик. Ким ўзи кучли соҳада иш қилса, даромадини ошириш тезлиги баланд бўлар экан, ким ўзи тушунмаган соҳага кирса ва жисмоний меҳнат билан кўпроқ шуғулланадиган бўлса, фақатгина ютқизар экан, холос.

Мукаммаллик нима?

Ишнинг мукаммаллиги шундаки, ундан хато топа олмайдиган даражада қилиш, ўшанга яқинроқ қилиш. Дунёда мукаммал нарсанинг ўзи кам деб ўйлайман, Аллоҳ таоло томонидан яратилган ҳамма нарса мукаммал, инсон томонидан қилинган ҳамма ишда хатолик бор.

Мақсадсиз ёшлар ҳақида

Аввало, ҳамма айб ёшларда эмас. Тан олиш керак, тизим мукаммал эмас. Бизнинг таълим тизимимиз билан ҳақиқий амалиёт ўртасида катта фарқ бор. Олий таълим тизимимизда битириб келаётган ёшларда шу муаммо бор. Яъни, назария билан амалиётнинг ўртасида катта жарлик бор. Энг аввало, шуни тўғрилаб қўйишимиз керак.

Талабалар орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ўқишга киришдан аввал аксарияти ўртача ҳисобда кунига 8 соатдан дарс қилган ва кам ухлаган, жуда фаол турмуш тарзида бўлган, эрта туриб, кечроқ ухлаган. Ўқишга киргандан кейин шу кўрсаткич, энг яхши ўқийдиганларда ҳам, 2 соатга тушиб қолган. 8 соатдан 4 баравар тушиб кетяпти. Агар 2 соат яхши ўқиса, бемалол тўрт, бешга ёпадиган талаба бўлишяпти. Ўқишга кириши ва битиришининг ўртасида жуда катта фарқ, яъни пасайиш бўляпти. Ўқишга киргандаги ҳолатим ҳозиргидан яхшироқ эди, дейдиган талабалар жуда кўп. Аксариятининг “умри” мандат чиққанидан кейин тугаган.

Булар саҳарлаб туриб дарс қилишга кучни қаердан топишган, чунки энг олий мақсади ўқишга кириш бўлган. Ўқишга кирди, мақсадига эришди, ундан кейинги мақсадни қўймагани учун фақатгина дипломни кутиб яшаяпти, холос. Бу ўта ачинарли ҳаёт. Диплом бир девордай нарса, борасиз, девор қулайди, ундан кейинги нарсага кўпчилик болалар тайёр бўлмайди. Шунинг учун ишсизлик муаммоси бўлади. Ўзини алдаш учун чет элга кетишади, ўзини алдаш учун магистратурага киришади, иш тополмайди, иш кўп бизда, муносиб кадр кам.

Таълимда коррупция

Биз ўзи коррупцияга аралашмай ўқиганлигимиз учун кам деб ҳисоблайман, лекин аслида жамиятда кўп. Умримнинг ярми Дипломатияда ўтган, 7 йил ўқиб, 4 йил дарс бериб, 3 йил шу жойга кириш учун тайёрланган бўлсам, ҳозир 26 ёшдаман, умримнинг ярми Дипломатия учун кетган. Бирор марта коррупция бўлган ҳолатини кўрмаганман, ўзимиз ҳам бермаганмиз. Ҳамма ҳам карьера қилар экан, карьерасини хавф остига қўйишга қўрқади, ҳамманинг ҳам қонуний ишлагиси келади. Ҳеч ким ўз ҳаётини, жамиятдаги обрўсини, оиласи шаънини ўртага қўйиб, коррупцияга ўзининг хоҳиши билан ҳаракат қилмайди, деб ўйлайман. Энг аввало, коррупцияга сабаб маош масаласи деб ўйлайман. Масалан, 2та университетда оладиган ойлигимни мен ўзимизнинг соҳада 1 соатда топишим мумкин.

Ёшлар сўра олмайдиган савол: қачон оила қуриш керак?

Кўпчилик ҳамма нарсага эришиб бўлгандан кейин оила қуриш керак, деган фикрда. Кимдир эртароқ оила қуриш керак, деган фикрда. Келинг шуни холис кўриб чиқамиз. Бир ота ўғлига савол берибди: ўғлим, сени уйлаб қўяй, деса, шошманг, дада, аввал мен уй олай, машина олай, карьерамни қилиб, бир яхши мутахассис бўлай, топиш-тутишим зўр бўлганидан кейин уйланаман, дебди. Шунда отаси: ўғлим, аҳмоқ экансан, сен уй олиб, машина олиб, ҳамма шароитларингни зўр қилиб, тахт қилиб, тайёрига хотин оладиган бўлсанг, у хотининг ҳеч қайсининг қадрига етмайди, аввал олиб, кейин бирга эришадиган бўлсанг, ҳар битта нарсанинг қадрига етадиган бўлади. Агар ҳаммаси зўр бўлса, у аёлингни қачон синайсан, сабрлими, йўқми, билмайсан-ку, ёнингда ким яшаётганини билмай ўтиб кетасан, деган экан. Шунинг учун биргаликда ҳаётнинг паст-баландини кўриб, эришилган нарсада қиймат бўлади, деб ҳисоблайман. Мен шахсан эрта турмуш қуриш тарафдориман, бу ҳар тарафлама фойда, руҳий, жисмоний, ҳатто моддий ҳам.

Кўпчилик қўрқади, оила қурадиган бўлсам, ўзимга пул тополмаяпман, аёлимга қаердан пул топаман дейди, ризқ берувчи Аллоҳ. 32та тишни берган, ризқни ҳам беради, сиз қаердан биласиз, балки уйлангандан кейин топиш-тутиши зўр бўлиб кетар. Аёл киши – барака. Аксари тадбиркор дўстларимиз билан суҳбат қурганимизда, 95 фоизининг жавоби шу бўлган, уйлангандан кейин кучайиб кетганман, дейишади.

Кеч турмуш қуриш жамиятда бузғунчиликка, фаҳш, зинонинг тарқалишига олиб келади. 5та нарсага шошилиш керак дейишади-ку, шуларнинг 1таси қиз боланинг бўйи етганда, узатишга шошиш керак.

Ёш фактори турмуш қуриш учун асосий сабаб бўлиши керак эмас, деган фикрдаман. 30га кириб, ҳали ҳам ёш бола бўлиб юрган одамлар бор. 13 ёшида қариганлар бор. Ҳаёт сизга қандай синов беришига қараб руҳий ёшингиз аниқланади. Шунинг учун инсон аввало, ақлан, руҳан, жисмонан ва моддий томондан тайёр бўлиши керак. Энг муҳими, руҳан тайёрлик. Аёлига зулм қилиб қўймайдиган ҳолатда уйланиш керак.

Ёшларга амал қилиши керак бўлган маслаҳатлар

Энг аввало, ҳаётга нимага келганингизни англаб етинг, олий мақсадингизни тушунинг. Вақтингиз шунда бекорга кетмайди, умрингиз бекорга сарфланмайди. Тушунгандан кейин ўша олий мақсадга эриштирувчи сабабларни қилинг. Биринчиси, устоз топинг. Иккинчиси, ҳаракатни бошланг. Ҳаракат ҳам оддий эмас, мақсадли бўлиши керак ва олий мақсадга эришиш йўлида бор кучингизни, салоҳиятингизни сарфланг, деган бўлар эдим. Умматга қанчалик кераклигимизни билганимизда, биз кечалари ухламас эдик. Биз шу қадар керакли инсон бўлишимиз керакки, ҳатто касал бўлишга ҳақимиз йўқ, ҳатто ўлиб қолишга ҳам ҳақимиз йўқ, сабаби, ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.

Ҳар юз йилда келадиган энг буюк инсон бу – сиз

Бир шайх шогирдларига: ҳар юз йилда Аллоҳ таоло бу инсониятни жаҳолатдан қутқариб, жарликдан олиб чиқадиган, адолатни ўрнатиб, мазлумларнинг ҳақини олиб берадиган бир буюк инсон жўнатади, деган экан. Шунда шогирдлари: устоз, ҳозирги юз йилликда ким ўша киши, билсангиз, айтинг, хизматини қилайлик, ёнига борайлик”, дейишибди. Устоз шундай дебди: шу жойида хато қилдингиз, сиз ўша инсонни ўзингиздан ташқаридан қидира бошладингиз, аслида ўша инсон менман, деб ҳаракат қилишингиз керак”.

Юз йилда келадиган буюк инсон бу – сиз, шуни тушунинг, ҳис қилинг! Агар Маҳатма Ганди бўлганида, Ҳиндистон нима бўлар эди. Яъни, халқнинг дардини тушуниш, ўзиникини бировга илиб қўйиш эмас, аввало, жамиятдаги муаммоларга ечим аслида ўзимизда, биз ёрдамчи бўлишимиз, ўша буюк инсон бизмиз, деб ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳар бир инсон буюк одам. Ҳеч ким ўзига паст баҳо беришга ҳақи йўқ аслида. Бизга жуда катта, жуда улуғ омонат топширилган, бу нарсани арзонга сотиб қўймаслигимиз керак. Тушунишимиз керак бўлган энг биринчи нарса - ўзлигимизни англашимиз керак. Ким ўзининг нафсини таниса, батаҳқиқ, Роббисини ҳам танибди. Шу масаладан бошлашимиз керак. Биз киммиз, деган саволга жавоб беришдан бошланиши керак. Агар ўзингиз ҳақингизда чуқур тафаккур қилиб бошласангиз, энг катта душманингиз ўзингиз эканлигингизни тушуниб етасиз. Инсоннинг энг катта тўсиғи, энг катта муаммоси, бу ҳукумат, сиёсат, ташқи бўлаётган масалалар, доллар курси, ишсизлик эмас, ҳеч нарса эмас, энг катта муаммоси – бу ўзи. Биз ўзимизга ўзимиз тўсиқ қўямиз, ўзимизга ўзимиз душманлик қиламиз. Бизнинг ташқаридан келиб, ҳеч ким ушлаб тургани йўқ, ўқимагин, деб.

Агар инсон нима қилишини аниқ биладиган бўлса, совуқ бўладими, тикка турибдими, ташқаридами, фарқи йўқ, у ўша ишни қилади. Излаган имкон топади. Агар инсон нима қилишини аниқ билмаса, ноаниқ бўлса, нимага яшаётганини тушунмаса, унга ҳамма шароитни яратиб беринг, у ҳеч нарса қила олмайди.

Ҳаётга қиймат бериш ҳақида

Инсон ҳаётига қиймат бериши, маъно киргизиши аввало, ният билан бўлади. Инсон ҳар бир ҳаракатини шу дунёни яна ҳам яхшилаши учун, инсонларга хизмат қилиши учун фойдали қилган ҳолда ҳаракат қилиши керак. Бунда қанчалик кўп иш қилишингиз эмас, қанчалик сифатли ва қайси ниятда қилишингиз муҳимроқ.

Агар сен бир нарсани ишлаб чиқарсанг, бир одам бўлса ҳам умрида шундан фойдаланса ва муаммоси ечилса, иши осон кечса, демак сен бекорга яшамаган экансан, сен фойдали умр кечирган экансан. Бу ҳаётда қанчалик кўп пул билан қанча одамга хизмат қилиш эмас, қанчалик холис хизмат қилиш муҳимроқ. Агар қанчалик холис хизмат қилинса, Аллоҳ таоло кутилганидан катта нарсани ҳам, пулни ҳам бериб қўяр экан.

Ҳаётда ҳеч қачон кибр қилмаслигимиз керак. Профессионал бўлсангиз ҳам, оддий ўқитувчи бўлсангиз ҳам, керак бўлса вазирларга дарс берасиз. Қиймат мана шу нарса деб тушунаман мен, фарқи йўқ қайси соҳада ишлашингизнинг, ҳатто “Махсустранс”да ишласангиз ҳам, энг зўри бўлинг. Қоровул бўлсанг ҳам, Ўзбекистонда энг зўр қоровул бўл. Ким энг зўри деб сўрашса, мана бу, деб сени кўрсатишсин.

Ўқилиши керак деб ҳисоблаган китобларим

  1. Жалолиддин Румийнинг маснавийлари
  2. Марио Пюзо «Чўқинтирган ота»
  3. Александр Дюма «Иф қалъасининг маҳбуси»
  4. Навоий асарлари
  5. Миллион долларлик хатолар
  6. Аҳатқул Жуманқул «Савдогарлар устози»
  7. Сонд Зи «Жанг санъати»
  8. Темур тузуклари
  9. Фирдавсий «Шоҳнома»

Таълим соҳасида қилиниши керак бўлган 3та ислоҳот

  1. Хусусий университетлар очилишини осон қилиб қўйиш
  2. Университетларга киришни осон, битиришни қийин қилиб қўйиш
  3. Университетларимизни халқаро стандартларга тўғрилаш

Илм нарсаларнинг энг фойдалисидир! Қайси соҳада бўлишимиздан қатъи назар, ҳар куни ўз устимизда ишлайлик. Бугунги кунимиз кечагидан яхшироқ бўлсин.

Top