15:03 / 20.04.2021
11306
Қорабоғда ичида чўчқа боқилгани айтилган 18-асрга оид масжид бузиб юборилди
Фото: Reza

Тоғли Қорабоғдаги Қубадли тумани ҳудудида жойлашган кўҳна масжид бузиб юборилди. Бу ерда арман истилочилари чўчқа боққани айтилади.

Қорабоғдаги урушдан кейин Озарбойжон назоратига қайтган Қубадлидаги бу масжид 18-асрда қурилган. Масжид Худофарин – Қубадли – Лочин йўли қурилиши давомида эҳтиётсизлик оқибатида бузиб қўйилган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев воқеа тафсилотларини ўрганишга топшириқ бериб, айбдорлар жазоланишини айтган.

Йўл қурилиши давомида Юсуфбейли қишлоғидаги масжид бузилиши ҳақида расмий органлар огоҳлантирилмаган. 2001 йилда маҳаллий аҳамиятдаги архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган. У Худофарин – Қубадли – Лочин автомобил йўлининг яқинида жойлашган. Маълум бўлишича, автомобил йўли қурилишида субпудратчи корхона бўлиб иштирок этаётган Озарбойжон автомобил йўллари давлат агентлиги мутасаддиларини жиддий чоралар кутмоқда.

Бу воқеадан кейин Қорабоғдаги вайроналарни тиклаш гуруҳларига маданий ва архитектура ёдгорликларини асраш бўйича алоҳида кўрсатма берилган. Юсуфбейли қишлоғида жойлашган бу масжид арман истилосидан кейин хароб ҳолатга тушиб қолган ва у ерда турли хил ҳайвонлар, хусусан, чўчқа боқилган. Қорабоғдаги уруш тугагач, масжид аскарлар томонидан тозаланаётгани тасвирланган видео тарқалганди. Унда аскарлар масжидда ҳайвонлар боқилганини айтган.

Top