10:26 / 24.04.2021
6729
Қарийб 18 йил ишламаган масжидни қайта таъмирлаш учун саховатпешалар ёрдами керак

Сариосиё туманининг Шарқ юлдузи маҳалласи, Қорасув қишлоғи аҳолиси маҳалла масжидини ҳашар йўли билан, пахсадан 1991 йилда қуришган эди. Ўшанда Шайх Аловуддин Аттор номи билан аталган масжидда қорасувликлар 2000-йилларгача намоз ўқишган.

Кейин эса бу масжид турли важлар билан ёпиб ташланади. Орада 18 йилча одамлар масжидсиз қолади. Имон-эътиқодли одамларнинг саъй-ҳаракати билан масжид яна қайта очилди ва 2019 йилда Адлия вазирлигидан имом Шаҳобиддин Сангардакий номи билан жоме масжиди сифатида расмий рўйхатдан ўтди.

Шодиқул Тоштемировнинг ҳикоя қилишича, қурилиши ҳашар йўли билан амалга оширилган даргоҳ қарийб 20 йил қаровсиз қолгани учун масжид биноси, қўшимча иморатлар таъмирталаб бўлиб қолган. Қорасувликлар қўлидан келганча ушбу масжидни ободонлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшиб, хайр-эҳсон қилишмоқда.

Тўлқин Жалиловнинг айтишича, масжид хонақоҳида ҳозир бир вақтнинг ўзида 300 киши намоз ўқиши мумкин. Тўғри, маҳалла аҳли хайрия ва ҳашар йўли билан масжидни анча эпақага келтиришган.

Бироқ, жоме масжидига айлантирилгач, жума кунлари мингга яқин одам тўпланиб, замонавий таҳоратхонага ҳам эҳтиёж пайдо бўлган. Шу кунгача масжид таҳоратхонасида сув газ плитаси устида иситилиб, офтобаларга қуйиб бериб келинмоқда.

Масжидда таҳоратхона ҳолати кўнгилдагидек эмаслигидан, у жоме этиб қайта тиклангач, ҳомийлар ва ҳашар ёрдамида қўлдан келганча замонавий таҳоратхона девори кўтарилиб, том қисми ёпилган. Аммо уни жиҳозлашда маҳаллий аҳолининг ҳам иқтисодий имкониятлари чекланган.

Биз муборак Рамазон ойида саховатпеша ҳамюртларимизни ушбу масжиднинг таҳоратхонаси қурилишига, таҳоратхонани керакли безак анжомлари, сув иситиш ва узатиш ускуналари билан таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қоламиз.

Масжиддаги қурилиш ишларига масъул Обиджон Исмоиловнинг пластик рақамлари:

  • UzCard (Xalq banki): 8600 0609 5771 8597
  • Humo (Agrobank): 9860 0303 4724 4771

Сирожиддин Мамажонов тайёрлади.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top