22:33 / 28.04.2021
21056
80 минг долларлик фирибгарлик иши бўйича суд ҳукми ўқилди

Суд ҳукми билан Фахриддин Хушвақтов афғонистонлик инвесторларнинг 80 минг доллар пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган деб топилди ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

27 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида афғонистонлик тадбиркорларни 80 минг долларга чув тушириш ва бошқа бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланган Фахриддин Хушвақтовга суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукми билан, Фахриддин Хушвақтов:

  • жабрланувчи Валентина Дорошенко билан боғлиқ ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан оқланди;
  • 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш); 228-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 228-моддаси 3-қисми билан оқланди;
  • 227-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан оқланди;
  • 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топилди.
Фахриддин Хушвақтов

Фахриддин Хушвақтовга суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судья Толиб Обидов тайинланган жазо умумий тартибли колонияда ўталиши, жазо муддати Фахриддин Хушвақтов қўлга олинган вақт – 2021 йил 21 февралдан бошлаб ҳисобланишини маълум қилди.

Суд ҳукмида Афғонистон фуқаролари ва бошқа жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарар қай тариқа қопланиши ҳам келтириб ўтилган. Унга кўра, суд ҳукми қонуний кучга кирган кундаги 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қиймати – 10548,18 сўм эканини инобатга олиб, судланувчи Хушвақтовдан жабрланувчи Аймал Барекзай фойдасига 80 минг АҚШ доллари ҳисобидан 843 млн 854 минг 400 сўм ундирилиши белгиланди.

Афғонистонлик Исмоил Сафо

Шунинг билан суд иши ёпиқ деб эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда жияни Барекзай Аймал билан бирга тадбиркорлик қилиш ниятида Ўзбекистонга келган афғонистонлик Исмоил Сафо фирибгарлик қурбони бўлгани, ундан алдов йўли билан 80 минг долларини ўзлаштирганлар устидан жиноят иши қўзғатилганига бир йилдан ошган, бу орада беш марта терговчи алмашган, жиноят ишига алоқадор бошқа шахслар нима учундир терговга жалб қилинмаётгани ҳақида сайтимизда журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Kun.uz эълон қилган мақоладан сўнг Яккасарой тумани ИИБ ходими Акмал Атахановнинг фаолияти юзасидан қайта хизмат суриштируви ўтказилиб, унинг натижасига кўра, «паспорт стол» ходими ишдан олинган, ўша пайтда Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаган Баҳриддин Валиев қочқинга нисбатан эълон қилинган қидирув ишларини жадаллаштириш бўйича барча чоралар кўрилишини маълум қилган эди.

Афғонистон фуқароси Аймал Барекзай Яккасарой туманидаги 1-сонли давлат нотариал идораси нотариусини коррупция ва фирибгарлар билан шерикликда айблаган, нотариус ҳам ўзларини алдаш билан боғлиқ жиноятда бевосита иштирок этганини иддао қилган эди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, мазкур жиноят ишига бевосита алоқадор бўлган собиқ ИИБ ходими Акмал Атаханов, нотариус Шуҳрат Исроиловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши алоҳида иш юритувига олинган.

Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган иш бўйича суд маҳкамаларини ёритиб борди.

Top