16:17 / 12.06.2021
10469
«Инвестор жалб қилишда энг катта тўсиқ – стартаперлар билимининг етишмаслиги» — IMAN Invest компанияси асосчиси билан суҳбат

Тошкент халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейида таҳсил олган, 2018 йилда Буюк Британиядаги Oxford Brookes университетини тамомлаган, Исломий молия соҳасида шуғулланувчи Ўзбекистондаги биринчи ҳалол инвестицион компания IMAN Invest асосчиси Рустам Раҳматов «Осмондаги болалар» лойиҳасининг 14-сон меҳмони бўлди.

Суҳбат давомида қандай қилиб ўзбек стартапи Америкадан 2 миллион доллар инвестиция жалб қила олгани, банк тизимларининг қанчалик ҳалоллик билан ишлаши, исломий молиянинг мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсири хусусида фикр ва мулоҳазалар бериб ўтилганлигига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Фаолиятимнинг бошланиши

Ўқишни битириб, Ўзбекистонда иш ўрганувчи бўлиб ўз фаолиятимни бухгалтерия, аудит соҳасида бошлаганман. Бу соҳаларда 1, 2 йил давомида ишладим, бу соҳалар мен учун зерикарли кўринди. Менга амалий ишлар кўпроқ ёқади. Ва ундан кейин инвестиция фондларига қизиқдим. 2018 йилда Ўзбекистонда биринчи инвестиция фонди ташкил этилган эди. Шу ерда 2 йил ишлаб тажрибамни оширдим. Охирги иш жойим Жаҳон банки бўлди. Бу ерда ҳам инвестиция бўлимида ишладим. «Upstream» деган департамент бор ва шу ерда консультант сифатида иш бошладим. Яқинда у ердан ишдан кетиб, «IMAN Invest» ўзимнинг стартапимда тўлиқ ишлаяпман.

«Oxford brookes» университетини танлашимнинг сабаби

Мен ўқиб юрган вақтларимда Ўзбекистонда энг зўр лицейлардан бири «Вестминстер» лицейи бўлган ва мен ўзимга бу ерда ўқишни мақсад қилиб олганман. Тошкентда 1-2 йил давомида тайёрланиб, шу лицейга кирганман. Менинг ўйлашимча, бу ерда ўқиганим менга жуда катта фойда бўлган, чунки билим яхши берилган. «Вестминстер» лицейида ўқиб юрганимда, «бу ерни битирсам, ким бўлиб чиқаман» деган тушунча пайдо бўлган. Мен учун бу челленж бўлмади. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, «Вестминстер»ни битириб келажагимни кўрмадим. Англия, Америка ёки Австралияга ўқишга кираман, деб ўзимга мақсад қўйдим. Бу учта давлатни танлашимнинг сабаби, бу давлатларнинг университетлари топ даражада туради. Улар ичидан Англиядаги «Oxford brookes» университети ёққан ва мен шу ерда ўқишни танлаганман. Менга бир нечта жойлардан ўқиш учун грантлар бўйича таклиф бўлган. Лекин мен у пайтда грантларга қарамаганман. Биринчи ўринда грант ёки грант эмасми шунга қараб танлаш нотўғри эканлигини тушуниб етганман. Мен улар ичидан энг кам паст стипендия берадиган университетни танлаганман.

Ўзбек стартапи қандай қилиб Америкадан икки миллион доллар инвестиция жалб қила олди?

Биринчи ўринда ҳаммаси Аллоҳдан. Энг асосийси, компания ҳалол, тўғри йўлда бошланган лойиҳа. Бунга жуда кам стартапчилар, бизнесменлар эътибор беришади. Иккинчи ўринда, компания танлаган миссияси. Бизнинг бу йилги мақсадимиз – 10 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, минимум 100 та иш жойи ташкиллаштириш. Кейинги йилга бу сонлар 100 миллион долларга, ишчилар сонини 1000 тага кўпайтириш.

5 йиллик мақсадимиз – бутун дунёда рибони камайтириш, бутун мусулмонларга Ўзбекистондан бошлаб, кейин Туркия, БАА ва Африкада баракани кўпайтириш. Айнан Африкадаги бозори жуда қизиқтиради мени. Учинчиси, жуда ҳам муҳими – жамоа. Менежментда ишлайдиган ҳар бир шеригимни жуда ҳам катта бир мутахассис деб ўйлайман.

IMAN компанияси энг йирик халқаро танловнинг финалга чиққан Ўзбекистонлик биринчи стартапи бўлди ва АҚШдан икки миллион долларлик инвестицияни жалб қила олди. Компаниянинг олий мақсади бу – рибони йўқ қилиш, мусулмонларнинг баракасини ошириш, уларни бой қилиш, рибовий тизим билан бемалол баҳслашиш.

Жамиятдаги мени қийнайдиган муаммолар

Мен учун энг катта муаммо – Ўзбекистоннинг инвестиция бўлими. Инвесторларни жалб қилаётганимизда бир нечта нарса уларни тўхтатади. Биринчи ўринда, қонун қанчалик ишлаяпти ёки ишламаяпти, шуни кўради. Қанақадир кейсларни кузатишади. Катта пул тикмоқчи бўлган инвесторлар Ўзбекистонга келиб, 1-2 ой яшашади. Ўзбекистонда қонунчиликда ёзилган нарса реал ҳаётда бошқача бўлишини жуда кўп кўрганман.

Кейинги муаммо банкларимиз ривожланиши ҳақида. Бунга сабаб банкларимиз дунёдаги банк системасидан ажралиб, ўзлари ривожланишида. Охирги бўлган реал ҳодисалардан бири, инвестицияга жалб қилган пулимизни 4 ҳафтадан бери ололмаяпмиз. Бу банкларимиз ривожланмаганлигидан. Банкларимиз «200 йил» ортда қолиб кетган. Банк соҳамизда жуда ҳам кўп муаммолар бор. Биз дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак. Катта муаммолар устида бош қотиришимиз керак, кичик муаммоларга қарамаслик керак, кимдир чалғитса ҳам эътибор қаратмаслик керак.

Жаҳон банкида ишлаб юрган вақтларим

Жаҳон банкида ишлаганимда, мен ўйлардимки, бу қанақадир ютуқ, Жаҳон банки бу дунёда етакчи корхона, у ерда катта мутахассислар ишлашади. Тўғри, шунақа. Лекин, мен ўзимдан рози эмас эдим. Бу корхона билан менинг қадриятларим ҳар хил. Мен инвестиция бўлимида ишлардим, рибога аралашмаган бўлсам ҳам, бу корхона ўзи рибовий корхона, мен шунга ўзимдан рози бўлмаганман. Розиликни ўзим бошлаган ишимда топдим. Ҳар бир ютуғим «IMAN»да, ҳар бир ходимларимнинг ютуғи менга розилик олиб келади. Мен биламанки, қилаётган ишларим умматга жуда катта фойда. Мен шуларда розилик топганман. Ундан олдин бунақа розилик йўқ эди.

Ҳаётдан олган хулосам

Биринчи олган хулосам, курсни тўғрилаб олиш. Курс дегани, мен жуда ҳам кемаларга қизиқаман ва инсонни катта океан деб ҳис қиламан. Қаерга курс қўйсангиз, ўша ерга қараб кетасиз. Компасни қўлингизга олганингизда унда шимол бор, жануб бор. Мусулмонларнинг исломий компасини олсангиз, у Маккани кўрсатиб туради. Шу курсни Маккага олсангиз, тўғри йўналишда кетасиз, деб биламан. Курсни Маккага олмасангиз, қийналасиз ва адашасиз. Йигирма беш ёшга тўлган бўлсам, буни беш йил олдин тушунганман. Ундан олдин бошқача фикрда юрардим, фақат ўзимнинг ривожланишимни, дунёвий илмларни ўйлардим, ўзимга нотўғри идеаллар қўярдим. Лекин мен танлаган идеал инсонларим лойиқ эмас эди, дунёда бир зот бор, биз унга интилишга арзийдиган. Энг асосий хулосам шу, қолганлари кичик-кичик муаммолар...

Top