14:31 / 30.09.2021
6877
“Икки ўғлимиз нобуд бўлди, энди қизимизда оғир дард” – ёш оила яхшилар ёрдамидан умидвор

Бу ёш оиланинг ҳаётда синови қаттиқ бўлмоқда. Улар аллақачон икки фарзандидан айрилган. Афсуски, бир неча ой аввал уларнинг учинчи фарзандларига ҳам оғир хасталик ташхиси қўйилди.

Жомбой тумани Эски Жомбой маҳалласида истиқомат қилувчи Дурдона Розиқова қизи Умидахоннинг яхши ривожланмаётганини пайқаб қолди. Ҳудудий шифокорларга кўрсатгач, муаммо чақалоқнинг жигари билан боғлиқлигини айтишади.

“Икки ўғлимиз жуда ёшлигида нобуд бўлди. Шифокорлар шундан кейин турмуш ўртоғим иккимизни текшириб, қонимизда инфекция бор, дея ташхис қўйишди. Бир муддат даволанганимиздан сўнг Умидахон туғилди. У туғилганда жуда хурсанд бўлдик. Бироқ қувончимиз узоққа чўзилмади. Самарқанд ва Тошкентдаги мутахассис-шифокорларга кўрсатдик. Умидахонга биллиар жигар циррози ташхиси қўйишди.

Турмуш ўртоғим давлат ташкилотида ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Бир ойлик даромадимиз икки миллион сўмгаям етмайди, аммо қизимнинг бир ойлик муолажалари учун ўртача икки-уч миллион сўм кетяпти. Барака топишсин, турмуш ўртоғимнинг ишхонаси, яқинларимиз моддий томондан кўмаклашиб туришибди. Аммо шифокорлар Умидахонни тезлик билан операция қилдирмасак, аҳволи янаям оғирлашиши, кома ҳолатига тушиб қолиши мумкинлигини айтишяпти. Ҳиндистонлик шифокорлар билан гаплашилди, қизимнинг операциясини ўша ерда ўтказсак, тузалиб кетиш эҳтимоли катта экан. Операция қийматини тахминан 30 минг доллар дейишяпти. Бор имкониятимиздан фойдаланамиз, яқинларимиз ҳам ёрдам беришмоқчи. Фарзандимизнинг яшаб кетиши учун ҳар қандай қийинчилик ва синовлар бўлса ҳам тайёрмиз” дейди Дурдона Розиқова.

Дурдона Розиқованинг айтишича, қизининг операциясини ўтказишга розилик билдирган ҳиндистонлик шифокорлар билан телефон орқали суҳбатлашиб турилибди. Ҳужжатлар, ташхислар юборилган. Аммо ёш оиланинг бундай операцияни ўтказиш учун етарли маблағи йўқ. Шу сабабли яхшилар кўмагига муҳтож бўлиб туришибди. Бу оиланинг оғир синовлардан ўтиб олишида саховатпеша юртдошларимиздан ёрдам сўраб қоламиз.

Умида Ўроловага оид маълумотлар:

«Агробанк»дан очилган «Humo» карта: 9860 0303 1936 0662 отаси Анвар Джаббаров номида

«Ўзсаноатқурилишбанк»дан очилган VIZA карта: 4097 8209 0040 8227 отаси Анвар Джаббаров номида

Умидахоннинг онаси Дурдона Розиқованинг телефон рақами: +998990703611

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top