22:09 / 10.03.2022
103410
Путин — санкциялар, энергия нархлари ва Россияни тарк этган компаниялар ҳақида

Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилиш давомида у Россияга қарши киритилган санкциялар, мамлакатдаги иқтисодий вазият, жаҳон бозорида энергия ресурслари нархи кўтарилиши борасида фикр билдирди.

Фото: РИА Новости

Санкциялар ҳақида

Путин Россияга қарши санкциялар барибир киритилишига шубҳа қилмаганини айтди.

"Ҳеч шубҳам йўқки, бу санкциялар барибир киритилган бўларди. У ёки бу тарзда. Санкциялар кўп йиллар давомида киритилиб келгани каби", – деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳаттоки совет иттифоқи парчалангандан кейин ҳам чекловларнинг амал қилиши тўхтамаган.

"Улар Россияга нисбатан тўхтовсиз амал қилган. Совет иттифоқи республикаларининг совет даврида олган аввалги кредитларини тўлатиш учун роҳатланиб пул олишган", – деди Путин.

"Санкциявий босим ҳар доим бўлган. Ҳа, албатта, ҳозир у комплекс тусга эга ва биз учун маълум бир масалалар, муаммо, қийинчиликларни келтириб чиқаради. Аммо биз бу қийинчиликларни аввал ҳам енгганмиз, ҳозир ҳам енгамиз. Бу даврдан ўтиб олиш керак. Иқтисодиёт янги вазиятга мослашади", – деди у.

Ғарб мамлакатларида энергия нархининг кўтарилиши ҳақида

Ғарбда энергия ресурслари нархи ўзларининг хатолари сабабли ўсмоқда, деди Путин.

"У ерда нархлар бизнинг айбимиз билан эмас, ўзларининг хатолари сабабли ўсмоқда, айбни бизга ағдаришнинг кераги йўқ", – деди у.

Путин АҚШ Россиядан энергия ресурсларини импорт қилишни тўхтатгани ва нархлар кўтарилишида Россияни айбдор қилаётганини таъкидлади.

"Бу Қўшма Штатларда нефт ва нефт маҳсулотлари нархи ошишига ҳам тегишли. Россия нефтини импорт қилишни тўхтатишганини эълон қилишди, нархлар осмонда, инфляция юқори. Тарихий максимумга етди. Америка бозоридаги улушимиз 3 фоиздан ошмайди, бу жуда кам, нархлар эса ўсмоқда, бунга алоқамиз йўқ", – деди Россия президенти.

АҚШнинг Эрон ва Венесуэлага муносабати ҳақида

Путиннинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ ўзи илгари санкциялар киритган Эрон ва Венесуэла билан энергия ресурслари бўйича шартнома имзолашга уринмоқда.

"Бир вақтлар ўзлари ноқонуний чекловлар киритган мамлакатлар билан нима бўлмасин келишишга уринишмоқда. Эрон билан ҳам ярашишга, зудлик билан барча ҳужжатларни имзолашга тайёр. Венесуэла билан ҳам. Келишиш учун Венесуэлага боришди. Аммо бундай ноқонуний санкцияларни киритмаслик керак эди", – деди у.

У Россия билан ҳам шундай бўлишига ишонч билдирди.

"Биз билан ҳам шундай бўлади. Бунга асло шубҳа қилмайман", – деди Путин.

Россия бозорини тарк этган компаниялар ҳақида

Владимир Путин Россия бозорини тарк этишини эълон қилган компанияларга нисбатан ташқи бошқарув жорий этилишини маъқуллади.

Ҳукумат аъзолари йиғилишида мамлакат бош вазири Михаил Мишустин хорижлик мулкдорлар компанияларини асоссиз ёпган тақдирда ҳукумат уларга нисбатан ташқи бошқарув жорий этишни таклиф қилишини айтди.

"Мулкдорнинг қароридан келиб чиқиб корхонанинг келгуси тақдири аниқланади. Бунда ташкилот фаолият йўналиши ва иш ўринларини сақлаб қолиш асосий вазифа бўлади", – деди Мишустин.

Путин бунга жавобан Россия барча хорижлик ҳамкорлар билан ишлашга тайёрлигини, Россияда қолаётган хориж инвесторлари ва ҳамкорларининг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши кераклигини таъкидлади.

"Россияда қолаётган ва ишлаётган хорижлик инвесторлар ва ҳамкасбларимизнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши лозим. Ҳукуматдан буни эътибордан қочирмаслигини сўрайман", – деди Россия президенти.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top