22:22 / 16.03.2022
102226
Путин Ғарб санкциялари ва Украина ҳақида гапирди

Россия президенти Владимир Путин регионларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказди. У йиғилишда жумладан, мамлакатга қарши киритилган санкциялар, Украина ва Донбасс борасида фикр билдирди.

Фото: ТАСС

АҚШ доллари ҳақида

Путин Америка доллари асосий захира валютаси деган ишончга жиддий зарба берилганини айтди. 

"Глобал иқтисодиёт ва савдога ҳамда Америка доллари асосий захира валютаси деган ишончга жиддий зарба берилди", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, "глобал инфляция спиралини Ғарбнинг ўзи бошлаб берди".

Украина ҳақида

Украина ҳеч қачон Россияга таҳдид учун плацдарм бўлмайди, деди Россия президенти.

"Биз Россия, халқимиз хавфсизлигини ишончли таъминлаймиз ва Украина мамлакатимизга қарши тажовузкор ҳаракатлар учун плацдарм бўлиб хизмат қилишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз", - деди у.

Путин шунингдек, Россия музокаралар давомида Украинанинг нейтрал мақоми, уни демилитаризация ва денацификация қилиш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

Ғарб санкциялари ҳақида

Россия президентининг фикрича, Ғарбнинг санкциялар киритишдан мақсади миллионлаб инсонлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.

"Бундай қадамлар миллионлаб инсонлар ҳаётини ёмонлаштиришга қаратилган, уларда тажовуз, иқтисодий, сиёсий, ахборот урушининг барча аломатлари мавжуд", - деди у.

Донбасс ҳақида

Путиннинг сўзларига кўра, Киев ҳукуматига Донбассдан қўшинларини олиб чиқиб кетиш таклиф қилинган, лекин улар рози бўлмаган.

"Донбассдаги операция бошида маъносиз қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида Киев ҳукуматига турли каналлар орқали жанговар ҳаракатларга кирмаслик, шунчаки Донбассдан қўшинларини олиб чиқиб кетиш таклиф қилинганди. Бундай қилишни хоҳлашмади, нима ҳам дердик, бу уларнинг қарори", - деди Россия президенти.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top