13:05 / 04.04.2022
3368
“Ўзбекнефтгаз”: Геология ишлари натижасида 8 та янги кон очилди ҳамда 57,1 млрд м3 табиий газ захиралари кўпайтирилишига эришилди

Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги шиддатли ва тезкор даврда барқарор ривожланиши ҳамда юртимиз аҳолиси турмуш тарзи барқарор юксалишида халқ хўжалигининг энг асосий ва муҳим бўғинларидан бири — нефть ва газ саноатининг ўрни беқиёсдир.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Нефть ва газ саноатининг юртимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши учун республикамиз углеводород хомашё базасини мустаҳкамлаб бориш ва доимий равишда қайта тўлдириш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу жараёнда юртимизнинг қир ва адирларини, чўл-у биёбонларини, кенг ва бепоён далаларини қадам-бақадам ўрганиб, унинг ҳар бир қарич еридан маъдан ва табиий бойликларни излаб топаётган, нефть ва газнинг янгидан янги конларини очаётган, уларнинг саноат миқёсидаги захираларни тайёрлаб халқимизга туҳфа этаётган геологларимизнинг хизмати алоҳида эътиборга сазовордир.

Бугун уларнинг касб байрами нишонланадиган кун бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 26 декабрида имзоланган Қонунга кўра, ҳар йили апрель ойининг биринчи якшанбаси геологлар куни деб белгиланган.

Бу эса ўз навбатида, Давлатимиз томонидан геология соҳасига катта эътибор бериш билан бир қаторда юксак ишонч билдирилаётганини ҳамда ундан салмоқли натижалар кутилаётганини кўрсатади.

Соҳа ҳар доим давлат раҳбарининг эътиборида бўлиб, юқори технологик “Uzbekistan GTL” заводи очилиши маросимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифларида ҳам геология соҳасига эътиборни янада кучайтириш, бу борадаги мақсадларимизга эришиш учун молиялаштириш ҳажмларини камида икки баробарга ошириш ва айнан шу йўл билан бундай заводларимиз ва бошқа ишлаб чиқариш қувватларимизни барқарор равишда хомашё билан таъминлаш бўйича бир қатор зарур топшириқлар берилган эди.

Таъкидлаш керакки, 2022 йил “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида “Геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш йили” деб эълон қилинди ва жойлардаги барча ишларни тезкор механизмлар асосида амалга ошириш йўлга қўйилди.

Ушбу жараёнда “Ўзбекнефтгаз” АЖда хизмат қилаётган геологларнинг сўнгги йилларда Давлат геология қўмитаси ва юртимиздаги бошқа турдош ташкилотлар, шунингдек хорижий компаниялар билан биргаликда амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари натижасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари доирасида бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, “Шўртан” ва “Учқир” конларига тегишли майдонларда 2600 км2 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, 30 га яқин янги майдонлар бурғилашга киритилди, 80 дан ортиқ қудуқлар қурилиш билан тугатилиб, жами 246 минг метр бурғилаш ишлари бажарилди. Юқоридаги тадбирларни амалга оширишга “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳисобидан 1,73 трлн сўм йўналтирилди.

Натижада, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 8 та янги нефть ва газ конлари очилди ҳамда 57,1 млрд м3 табиий газ ва 2,7 млн тонна нефть ва газконденсат захиралари кўпайтирилиб, Республика углеводород хомашё базасини 70,1 млн тонна шартли ёқилғига ўстиришга эришилди.

Биргина 2021 йил мисолида айтишимиз мумкинки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кенг кўламли ишлар бажарилиши йўлга қўйилди, жумладан 1410 кв км 3D сейсмик ишлар бажарилди, 22 та янги майдон бурғилашга киритилди, 139 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилди, 5 та – яъни “Ижобат”, “Ғарбий Қуйи Сургил”, “Раззоқбобо”, “Қуйи Шарқий Бердах” ва “Четқум” янги газ конлари очилди, 42 млн тонна шартли ёқилғи миқдорида углеводород захиралари кўпайтирилди.

“Ўзбекнефтгаз” геолог мутахассислари эришилган натижалар билан қаноатланиб қолмасдан 2022 йилда ҳам бир қатор тадбирларни самарали амалга оширишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

Жумладан, жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2400 км2 3D сейсмик ишларни бажариш, 20 дан ортиқ янги майдонни бурғилашга киритиш, 75 та янги қудуқларда 215 минг метр бурғилаш ишларини бажариш ва ушбу тадбирларни амалга ошириш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳисобидан 1,6 трлн сўмдан ортиқ маблағларни йўналтириш режа қилиб олинган.

Албатта, ушбу вазифаларни тўлиқ, ўз вақтида ва самарали амалга ошириш “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг геолог мутахассисларидан катта масъулият, куч-ғайрат ва шижоатни талаб қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан соҳада геология ишларини жадаллаштириш борасида қатор ишлар бажарилди ва доимий “Ишчи гуруҳи” фаолияти йўлга қўйилди.

“Ишчи гуруҳ” томонидан ўтказилган муҳокамалар жараёнида

2022–2026 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 10 минг 200 кв кмдан ортиқ 3D сейсмик ишларни бажариш, 100 дан ортиқ янги майдонни бурғилашга киритиш, 965 минг метр бурғилаш ишларини бажариш, 310 та қудуқни қурилиш билан тугатиш режа қилиб олинди.

Ушбу тадбирлар натижасида 177,6 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 6,5 млн тонна суюқ углеводород захираларини ўстиришни таъминлаш белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Республиканинг Устюрт, Қашқадарё ва Бухоро минтақаларида янги майдонларни ўзлаштириш, янги захираларини аниқлаш ҳамда углеводородларни қазиб чиқаришни самарали ташкил этиш жараёнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “ЎЗЛИТИНЕФТГАЗ” АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ мутахассислари ва “ИГИРНИГМ” ДМ ўртасида ҳамкорликдаги ишлар бажарилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ геологлари ўз олдиларига қўйилган улкан вазифаларни тўлиқ адо этиш ва билдирилаётган ишончни тўлиқ оқлаш учун ҳаракат қилмоқдалар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ барча ташкилотлар, вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгусида республикамизнинг нефть ва газ геологияси соҳасини муваффақиятли ривожлантиришда, ватанимиз равнақи, юртимиз тараққиёти ва халқимиз манфаатига беминнат хизмат қилиш йўлида бор имкониятларини сафарбар этишда давом этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top