14:18 / 09.01.2023
2649
11 ойда қарийб 140 минг киши ўқиш учун хорижга кетган – Статистика агентлиги

Шундан 99 минг нафардан кўпроқ ўзбекистонлик Қирзиғистон ва Тожикистон олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

2022 йил январ-ноябрь ойларида 138,9 минг нафар талабалар ўқиш мақсадида хорижга чиқиб кетган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 11 ойида 52 291 нафар ўзбекистонлик Қирғизистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Мамлакатимиз фуқароларининг 47 123 нафари Тожикистон, 13 128 нафари Россия, 10 646 нафари Қозоғистонда таълим олишмоқда.

Бундан ташқари, Туркияда – 5285, Жанубий Кореяда – 4645, АҚШда – 987, Буюк Британияда – 971, Беларусда – 928, Германияда – 772 нафар ўзбекистонлик талаба бор.

Аввалроқ Россия кейинги ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун РФ олий ўқув юртларида бепул таълим олиш квоталари миқдорини 750 ўринга ошириши мумкинлиги айтилганди.

Ҳукуматнинг 620-сон қарорида хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилиши, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим (базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида) ундирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистондаги 154 та олим таълим муассасасида ўқиётган талабалар сони 800 мингдан ортади.

Top