Жамият | 13:40 / 09.03.2020
15575
7 дақиқада ўқилади

«Ваъдалар бажарилмаслигига ўрганиб кетганмиз...» — Балиқчидаги маҳалла ўнлаб йиллардан бери қандай яшамоқда?

Тасаввур қилинг, бутун бошли маҳаллада тоза ичимлик суви йўқ, электр энергияси учун аҳолининг ўзи қўлбола симёғочлар орқали сим тортиб олган. Охирига етказилмай қолган йўллар жуда хароб. Табиий газ-ку, эски дард... Булар Андижон вилояти Балиқчи туманидаги «Насриддинобод» маҳалласидагиларнинг бугунги муаммолари.

Kun.uz таҳририятига «Насриддинобод» маҳалласининг Насриддинобод ва Боғитурон кўчасида яшовчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди.

Маҳалла гузари олдида йиғилган насриддинободликлар муаммоларни бирма-бир айта бошлашди.

«Бу ерга 1992 йилда кўчиб чиққанмиз. 2016 йилда электр тармоқлари асосий кўчага юқори кучланишли линия тортди. Кўчамиз учун 6 дона эски симёғоч сўраган эдик, беришмади. Ўшандан бери ўзимиз қўлбола симёғочлар ясаб, ўрнатиб фойдаланиб келяпмиз.

Ҳар ойда МИБ ходимлари истеъмол қилинган электр учун пулни йиғишга келишади. 50 минг сўм қарз бўлсак, узиб кетишни билишади, лекин муаммони ҳал қилишга келганида бировнинг иши йўқ. Бир неча бор туман ҳокимлиги, вилоят ва туман электр тармоқлари корхоналарига мурожаат қилдик. Ҳар сафар ўша гап: «Дастурга киритиш таклифи берилди ёки дастурга киритиляпти. Режалаштиряпмиз», дейишади. Ҳаракатларимиз 10 йилдан бери ҳеч натижа бермаяпти», дейди Насриддинобод кўчасида яшовчи Арифжон Жуманов.

Асли ҳайдовчи бўлган, лекин қўлидан келгани учун монтёрлик ҳам қилиб, маҳалла аҳли корига яраб келаётган Муҳаммадали Қодиров симёғочларнинг ҳолатидан шикоят қилди.

«Касбим ҳайдовчилик. Лекин, электр билан боғлиқ бўлган ишларга ёшлигимдан қизиқаман. Маҳалладошларим кечасими, кундузими, электр бўйича қанақа юмушни илтимос қилса, қўлимдан келганича ёрдам бераман. Барча асбоб-анжомларим, «столба»га чиқишда оёққа тақиладиган «тирноқ»ларим ҳам бор. Кимникидадир ток ўчиб қолади, кимникидадир сим узилиб кетади. Кимнингдир уйида кексалар, касали ёки чақалоғи бор. Бориб тўғрилаб, ёқиб беришга ҳаракат қиламан. Кучли шамолда сим узилиб кетади. Қўлбола симёғочларга «тирноқ» билан чиқиш қийин, шу боис нарвонда чиқиб бўлса ҳам улаб бераман.

Насриддинобод ва Боғитурон кўчаларидан ёш болалар мактабга қатнайди. Йўл бўйидаги қўлбола симёғочлар шамол турган пайтда ағанаши мумкин, авария ҳолатида», дейди «монтёр» Муҳаммадали Қодиров.

Қамбарали тоға Нишонов ва Маърифатхон Йўлдошева ичимлик суви муаммосини баён қилишди.

«Бу эски сув иншоотини 2005 йилда ўзимиз таъмирлатганмиз. Икки йил атрофида тоза ичимлик суви чиқиб турди. Кейин яна тармоқ ишдан чиқди. Сабаби, двигатели ишдан чиқаверар экан. Тармоқдаги қувурлар эса яроқсиз ҳолатга келган», дейди у.

«10 йилдан бери уйимизда 38-40 метр чуқурликдаги ер қаъридан сув тортадиган «качалка» (қўлбола зах сувни тортиш қурилмаси) орқали зах сув тортиб чиқариб фойдаланиб келамиз. Овқат пишириш, чой қайнатиш, ювинишга ҳам шу сув ишлатилади.

Бу сув истеъмол учун яроқсиз, лекин нима қилайлик, бошқа иложи йўқ. Фойдаланяпмиз. Қишлоқнинг ўз шароити бор. Аслида, «качалка»ни кир ювиш, мол-қўйни суғориш учун қилган эдик», дейди Маърифатхон Йўлдошева.

Жалолиддин тоға Акбаров мустақиллик йилларида маҳалла учун бирор манфаатли иш қилинмаганидан шикоят билдиради.

«Маҳалламиздаги мавжуд муаммолар бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Барча мутасаддилар арзимизни эшитиб, ўрганиб кетаверишади. Ҳамма гап шундаки, биз марказдан 35-40 километр узоқда яшаётганимиз учун эътибордан четда қоляпмиз. Тўғриси, мустақиллик йилларида маҳалламиз учун бирорта манфаатли иш қилинмади», дейди у.

Насриддинобод ва Боғитурон кўчаларида 150дан ортиқ хонадон бор экан. Маҳалланинг ички йўллари аянчли аҳволда. Табиий газ тормоғи тортилган бўлса-да, газ йўқ. Аҳоли қийналиб яшамоқда. Маҳаллада ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар йиғилиб қолган.

Ота-оналар маҳалладаги 27-умумтаълим мактаби биноси олдида тротуар йўқлигини айтишди.

Албатта, ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва турли нохушликларнинг олдини олиш учун тротуар бўлиши керак.

Балиқчи туман ҳокимлигида

Туман ҳокимияти биносига бориб, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Сарварбек Митиллаев билан учрашдик. У «Насриддинобод» МФЙдаги муаммолар бўйича изоҳ берди.

«Маҳалладаги муаммолардан хабаримиз бор. Фуқароларнинг электр бўйича ўзлари фойдаланаётган қўлбола симёғочларини хатловдан ўтказиб, дастурга киритганмиз. Ичимлик суви бўйича эса бу йил туманда 231 километрга қувур тортиш учун қарор ишлаб чиқилган. Қарорда «Насриддинобод» МФЙга 11 километр қувур тортиш ҳамда мавжуд 2та қудуқни реконструкция қилиш кўрсатиб ўтилган. 2020 йил дастурига таклиф киритилган. Бу дастурдан энг оғир ҳудуд танлаб олиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилинади», дейди ҳоким ўринбосари.

Мутасаддининг изоҳи аввалроқ маҳалла аҳлига берилган изоҳлардан фарқ қилмайди, насриддинободликлар «Яна ўша эски гаплар-ку?», дейишлари тайин. Уларнинг қўлида «маҳалла жорий йилда дастурга тушиши» ҳақидаги ваъдаларга тўла кўплаб жавоб хатлари йиғилиб кетган. Энди улар бундай «навбатчи ваъдалар»га ишонмай қўйишган.

Лекин агар бу сафарги ваъда ҳам ўша «эски ваъда»лардан бўлмаса, шу йил насриддинободликларнинг кўксига шамол тегса керак...

Қани кўрамиз...

                                                                        Сарварбек Назаров, KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид