Ўзбекистон | 20:45 / 07.10.2024
14314
2 дақиқада ўқилади

Газлашмаган ҳовлилар учун ҳам электр энергиясига 50 фоизлик чегирма берилиши мумкин

Газлашмаган ҳовлили хонадонларга ҳам электр энергиясига 50 фоиз чегирма берилиши режалаштириляпти. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, янги тартиб 1 январдан жорий қилиниши мумкин.

Фото: Kun.uz

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, газлаштирилмаган ҳовлилар учун ҳам электроэнергия тарифларига 50 фоизлик чегирма берилиши режалаштириляпти. У бу ҳақда «Лолазор» подкастида айтиб ўтди.

«Олдин генерация қувватларимиз етарли бўлмаган. Ҳозир етарли. Айни пайтда кўп қаватли уйлар учун [газлаштирилмаган] электр энергиясига 50 фоиз чегирма амал қилади. Биз газлашмаган ҳовлили хонадонларга нисбатан ҳам буни қўллаш бўйича топшириқ олганмиз. Чегирма уларга ҳам 50 фоиз бўлади. Бу бўйича тегишли вазирликлар билан ишлаяпмиз. Шунингдек, саноат корхоналарига ҳам юкламага қараб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлар қўллаш режалаштириляпти», — деди энергетика вазири.

Мирзамаҳмудовнинг қўшимча қилишича, электромобилларни куннинг маълум вақтида зарядлаш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқиляпти. Бу ҳам энергия тизимининг баланслашида муҳим аҳамиятга эга.

«Қуёш ва шамол электростанцияларини ишга туширяпмиз. Бу йил биринчи марта батарея сақлаш тизимини ишга туширамиз. Уларнинг умумий қуввати 300 мегаватт, Андижон ва Фарғонада. Сентябрда бизда биринчи марта ишлаб чиқарилган энергияни тармоққа қабул қила олмаслик ҳолати бўлди. Бу уч кун кузатилди. Яъни истеъмол ишлаб чиқаришдан кам бўлган. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун 4 гигаватли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилгач электр энергияси батареяда йиғилади, керакли пайтда эса тармоққа узатилади», — деди вазир. 

Ишлаб чиқаришнинг ошиши ва истеъмолнинг камайиши сабабли Ўзбекистон 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 800 млн киловатт соат кам электр энергияси сотиб олган.

Энергетика вазирининг таъкидлашича, газлаштирилмаган ҳовлилар учун дифференциал тарифларни жорий қилиш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлар олиб бориляпти.

«Ишлаб чиқарувчиларни ҳам инобатга олган ҳолатда буни 1 январдан жорий этишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

Мавзуга оид