Жаҳон | 15:49 / 11.10.2024
19568
4 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Курск областида янги йирик ҳужум бошлади

Суджадан шимоли-ғарбдаги украин бўлинмалари қуршовга тушиб қолиши мумкин.

Фото: Getty Images

Россия қўшини Курск областидаги бир неча участкада янги ҳужум бошлади. Хусусан, Зелений Шлях хутори (Суджа райони), шунингдек, Олговкадан (Коренево райони) тўрт километр жанубда қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтаётгани акс этган видеолар пайдо бўлган. Бу шуни англатадики, Россия қўшини украинлар мудофаа чизиғини ёриб ўтган ва беш километрга яқин масофада илгарилаган.

РФ қуролли кучлари «Север» гуруҳининг норасмий телеграм-каналида ёзилишича, Россия қўшини Украина қуролли кучлари мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, «бешта аҳоли яшаш манзилини эгаллаб, душманнинг камида иккита баталёнини қуршовга олиб, таъминот ва эвакуация учун муҳим бўлган иккита йўлни кесиб қўйган».

РФ мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган «Rybar» телеграм-канали 10 октябр куни кечқурун Россия қўшини Коренево ва Суджа районларининг бир қанча ҳудудларида ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берди. «Россия қўшинининг илғор гуруҳлари кун охирига келиб Зелений Шляха [хутори]га етиб боришди, бу Украина қуролли кучлари мудофааси камида қисман ёриб ўтилганини тасдиқлашга имкон беради», — дейилади постда. 

Шунингдек, «Rybar» Россия қўшини Коренево районида Олговка томондан Зелений Шляха йўналишида қарши ҳужум уюштириб, «оккупация қилинган ҳудудларнинг каттагина қисмини озод этгани» ҳақида ёзан.

Манба маълумотига кўра, Россия қўшини Новая Сорочина устидан назорат ўрнатиб, Малая Локня томон «илгариламоқда». Блогер Борис Рожин Олговка ҳам назоратга олинганини ёзган. 

Украина мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Deep State OSINT-лойиҳаси ҳам қарши ҳужум ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган. Унинг ёзишича, рақиб Украина қуролли кучлари Курск гуруҳининг «чап қанотини бостирган» ва Россия телеграм-каналлари хабар берганидан кўра узоқроққа — Новоивановкага (Суджа райони) етиб борган, бу ерда ҳужумни қайтариш учун украинларнинг нафақат олдинги бўлинмалари, балки одатда фронт чизиғи ортида жойлашадиган артиллериячилар ва дронлар операторлари ҳам жангга киришишига тўғри келган.

DeepState ўз харитасида Украина қуролли кучлари ушбу ҳудудда бирданига 38 километр квадрат майдонни бой берганини кўрсатган, бу ҳудудлар энди «кулранг зона» бўлиб қолган. «Агентство»нинг тасдиқлашича, бу Украина қўшини 14 сентябрдан буён Курск области ҳудудида берган энг катта кунлик йўқотишидир. «Север» гуруҳининг норасмий телеграм-канали эса Россия қўшинлари Курск областида «илгарилаган жами масофа» 10 километрни ташкил этганини ёзган.

DeepState украин қўшинининг бир қисми қуршовга тушиб қолиши мумкинлигига эътибор қаратиб, «хатони такрорламаслик» ҳақида огоҳлантирган. DeepState айнан қаердаги украин қўшини қуршов хавфи остида эканига аниқлик киритмаган, аммо, жанглар харитасига кўра, гап катта эҳтимол билан Олговка ҳақида бормоқда.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Россия қўшинларининг Курск областидаги қарши ҳужуми юзасидан ҳозирча изоҳ бермади, аммо 10 октябр куни кечқурун телемарафон доирасида намойиш этилган ҳужжатли филмда Россия Курск йўналишига Запорижжя, Херсон ва Краматорск йўналишларидан олиб келинган 50 мингга яқин ҳарбийни ўтказганини айтган. «Бу бизнинг мудофаа амалиётлари ўтказиш шароитимизни яхшилайди», — дея Украина ҚК бош қўмондони сўзларини келтирган «РБК-Украина».

Мавзуга оид