Иқтисодиёт | 17:01 / 10.10.2024
7762
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кучайди

Сентябр ойида инфляцион кутилмалар ёмонлашди. Аҳоли орасида энг ёмон инфляцион кутилма Тошкент шаҳрида (15,2 фоиз) кузатилган бўлса, бизнес вакиллари орасида Тошкент вилоятида (14,4 фоиз) қайд этилди. Даромадлари 15 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича энг юқори даражада шаклланган – 15,8 фоиз. Тошкент шаҳрида 17 фоиз ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши 36 фоизга етган.

Фото: Kun.uz

Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 13,3 фоизни ташкил қилиб, август ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (50 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (47 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (45 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (39 фоиз).

Сентябр ойида келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида валюта курсининг ўзгаришини қайд этган респондентлар улуши кўпайган.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Сентябр ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 12,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,1 фоиз бандга пасайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (51 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (46 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (44 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (38 фоиз).

Валюта курсининг ўзгаришини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб ҳисобловчи тадбиркорларнинг улуши ҳам ошган.

Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма савдо (14 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари (11,3 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма соғлиқни сақлаш (13,6 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса кафе ва ресторан (11,3 фоиз) соҳасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (15,2 фоиз) ва Сурхондарё вилоятида (14,4 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон (12,2 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (12,4 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Тошкент (14,4 фоиз) ва Жиззах вилоятларида (14,3 фоиз) баланд, Қорақалпоғистонда (10,7 фоиз) эса энг паст бўлган.

Даромадлари 15 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича энг юқори даражада шаклланган – 15,8 фоиз. Тошкент шаҳрида 17 фоиз ва ундан юқори инфляция кутаётганлар улуши 36 фоизга етган.

Мавзуга оид