Жаҳон | 15:18 / 10.10.2024
12106
6 дақиқада ўқилади

Ливанни ким бошқаради ва «Ҳизбуллоҳ» нималарга қодир?

Сўнгги ҳафталарда Ливан Исроил томонидан мунтазам ракета зарбалари остида яшамоқда ва бу ҳужумлар натижасида жами 1000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. 1 октябрга ўтар кечаси Исроил армияси Ливан ҳудудида қуруқлик амалиёти бошлади. Буларнинг барчаси — Исроил ва ўз армиясига эга бўлган «Ҳизбуллоҳ» сиёсий партияси ўртасидаги зиддият туфайлидир.

Фото: Getty Images

«Ҳизбуллоҳ»нинг яхши қуролланган отрядлари Ливан миллий армиясидан кўра қудратлироқ куч ҳисобланади ва аҳоли, айниқса шиа мусулмонлар орасида катта қўлловга эга.

Давлат ташкилоти эмаслигига қарамай, бу «Ҳизбуллоҳ»га сўнгги 40 йил давомида Ливандаги ҳукмрон куч бўлишига халал бермаган.

Ливанни ким бошқаради?

Ливанда сиёсий ҳокимият турли диний оқимлар ўртасида тақсимланган.

Ливан Франциядан мустақилликка эришгач, 1943 йилда қабул қилинган конвенцияга кўра, мамлакат президенти маронитлар сектасига мансуб христиан, бош вазир – сунний мазҳабдаги мусулмон, парламент спикери эса – шиа мазҳабидаги мусулмон бўлиши белгиланган.

Ўша вақтда бу Ливандаги диний жамоаларнинг улушини жуда аниқ акс эттирарди: аҳолининг ярмидан ошиқ қисми христианлар бўлган, яъни уларнинг сони сунний ва шиаларнинг жами сонидан кўпроқ эди.

Аммо ўтган вақт ичида конвенция жуда эскирди, чунки ҳозирда Ливандаги христианлар, суннийлар ва шиалар сони деярли бир хил: ҳар бири 30 фоиздан кўпроқ.

Худди шу конвенцияга кўра, парламентдаги ўринларнинг ярми христианларга, қолган ярми мусулмонларнинг икки гуруҳига ажратилганди.

Амалда Ливандаги ҳеч бир партия ёки диний секта тўлиқ ҳокимиятга эгалик қилмайди. Ҳукумат парламент коалицияларидан шакллантирилади ва ҳар қандай муҳим қарор барчани қониқтирадиган консенсусни топиш орқали қабул қилиниши керак — бу эса кўпинча мамлакатни сиёсий боши берк кўчага киритиб қўяди.

«Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги мақоми қандай?

Ливаннинг шиалар яшовчи ҳудудларида «Ҳизбуллоҳ» мактаблар ва тиббиёт муассасаларини назорат қилади ҳамда ижтимоий хизматларни ўз гарданига олган. Фото: Getty Images

«Ҳизбуллоҳ» аввалига 1982 йилда Ливандаги фуқаролик уруши чоғида Ливаннинг жанубий қисмини оккупация қилган Исроил қўшинларига қарши курашиш учун шиалар қўшини сифатида пайдо бўлганди.

Гуруҳни шиаларнинг энг йирик мамлакати Эрон фаоллик билан қуроллантирган ва молиялаштирган. «Ҳизбуллоҳ»нинг араб тилидан таржимаси «Аллоҳнинг партияси» маъносини беради.

«Ҳизбуллоҳ» ўз мавжудлиги ҳақида расман 1985 йилда эълон қилиб, Ливанда Эрондаги каби ислом давлати тузишни ўз мақсади сифатида белгилаганди. Гуруҳ шунингдек Ливан жануби ва Фаластин ҳудудларида Исроил оккупациясига барҳам беришга қасам ичганди.

2009 йилда ташкилот янги манифест эълон қилади, бу вақтга келиб унда ислом давлати қуриш ҳақидаги гап йўқ эди. Аммо Исроилга нисбатан позиция ўзгаришсиз қолган.

1990 йилда Ливандаги фуқаролик уруши якунланганида қуролланган гуруҳлар ўз отрядларини тарқатиб юборади, фақат «Ҳизбуллоҳ» бу ишни қилмайди. Гуруҳ мамлакат жанубида Исроил оккупациясига қарши курашни давом эттиришини маълум қилади.

2000 йилда Исроил ўз қўшинларини Ливандан узил-кесил олиб чиқади, «Ҳизбуллоҳ» аъзолари эса буни ўз ғалабаси сифатида талқин қилади.

«Ҳизбуллоҳ» Ливаннинг шиа аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувватланади. Фото: Getty Images

1992 йилдан «Ҳизбуллоҳ» Ливан парламенти учун сайловларда ўз номзодларини кўрсата бошлайди.

Ҳозирга келиб гуруҳ парламентда бир неча мандатга эга. Ливан ҳукуматидаги вазирлар орасида ҳам «Ҳизбуллоҳ» вакиллари бор.

Ливаннинг шиалар кўпчиликни ташкил этадиган ҳудудларида гуруҳ мактаб таълими, соғлиқни сақлаш тизими ва ижтимоий ёрдам учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ливандаги бошқа партиялар ҳам ўз сайловчиларига шундай хизматлар кўрсатади, аммо айнан «Ҳизбуллоҳ» энг йирик тармоққа эгалиги айтилади.

«Ҳизбуллоҳ» қандай қилиб шундай нуфузли сиёсий кучга айланди?

«Ҳизбуллоҳ» қўшини дунёдаги давлатники бўлмаган энг йирик армия саналади. Фото: Getty Images

«Ҳизбуллоҳ» ўз лашкари туфайли Ливандаги шундай сиёсий куч бўлиб олди. Гуруҳ ўз сафларидаги жангчилар сони 100 мингга етишини айтади, аммо мустақил кузатувчиларга кўра бу миқдор бир неча баробар кичикроқ: тахминан 20 мингдан 50 минггача.

Бундан ташқари, Америка стратегик ва халқаро тадқиқотлар таҳлилий маркази баҳоларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» яхши қуролланган ҳамда камида 120 минг ракета ва снарядларни ўз ичига олувчи улкан арсеналга эга (бошқа маълумотларга кўра, бу миқдор 200 мингга яқин).

У дунёда давлатники бўлмаган энг кучли армия деб ҳисобланади — ва у масалан, Ливан армиясидан каттароқ кучдир.

Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» мамлакатдаги расмий ҳукуматнинг заифлигидан фаол фойдаланади. Хусусан, икки йилдан ошиқ вақтдан буён мамлакат президенти ўриндиғи бўш қолмоқда, чунки сиёсий партиялар уни ким эгаллаши борасида келишувга эриша олмаяпти.

Ливандаги марказий ҳокимият «Ҳизбуллоҳ»га ўз режаларини амалга оширишга халал бериш учун етарлича кучли эмас.

Мавзуга оид