Ўзбекистон | 19:24 / 24.11.2021
15012
3 дақиқада ўқилади

Аҳолига 80 минг гектар ер ижара асосида бўлиб берилади

Деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар бўйича ўтказилган тадбирда ер муаммолари алоҳида муҳокама қилинди.

«Халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан кичик интенсив боғ, узумзор ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун, 14 фоизлик имтиёзли ставкада 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Ҳамма шуни ҳисобга олсин – пул тайёр турибди, энди буни ақл билан ишлатиш керак.

Бунга халқаро молия ташкилотларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади. Яна бир масала – экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади», деган президент.

Кластерлар томонидан чет элдан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассиси жалб қилиш харажатларининг 50 фоизигача қисмига субсидия берилиши маълум қилинган.

Юқоридаги имтиёзлар шартномалари рўйхатдан ўтган кластерларга берилади.

Келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ижарага берилиши маълум қилинди.

«Келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар майдонларни аҳолига бўлиб бериш бўйича куни кеча қарорни имзоладим. Ушбу ерлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади. Мен 20 йил қилишга ҳам тайёрман, лекин аввал ишонч ҳосил қилайлик.

Бунда, асосий мезон – томорқадан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари бўлади.

Танловда деҳқончиликда тажрибаси бор аҳоли, шунингдек, 3та дафтарга кирган оилалар қатнашади. Очиқ электрон танловда ҳар бир талабгорнинг ҳозиргача ўз томорқасидан қандай фойдаланаётганига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари баҳо беради.

Ушбу ерларда деҳқончилик қилиш учун, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экишга 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ажратилади. Деҳқон хўжалиги ердан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилинади. Буни ҳар бир деҳқонга тушунтириш керак.

Бир ой муддатда 80 минг гектар ерлар лотларга бўлиниб, очиқ танловга чиқарилсин. Ҳар бир ер участкаси 2 кунда кадастр рўйхатидан ўтказилиши шарт», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бунда, аҳоли давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича йиғимлардан озод қилинади (1 миллион 350 минг сўм).

Қудбиев, Умаров вилоят ҳокимлари билан бирга, келгуси йил 1 мартга қадар барча қишлоқ хўжалиги ерларининг кадастр рўйхатидан ўтказилишига масъул ва бирорта ҳудуд раҳбарининг бу масалада «ўйин қилишга ҳаққи йўқ»лиги таъкидланган.

Мавзуга оид