Иқтисодиёт | 10:50 / 23.11.2015
7282
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда гидроэнергетика ривожи учун 889,4 млн доллар йўналтирилади

Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилгача 9та янги гидроэлектростанция қурилиши ҳамда 15та мавжуд ГЭС таъмирланиши учун 889,4 млн доллар маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланган ҳукумат қарорида шу ҳақда маълум қилинган.

Қарорга кўра, "Ўзбекэнерго" компанияси тизимида 4та янги ГЭС барпо этилади.

ГЭС «Камолот» (Чирчиқ-Бўзсойда, 8 МВт),
Нанай ГЭСи, (Оқсарой дарёсида, 2 МВт),
Тамшуш ГЭСи (Оқдарё-Оқсув дарёсида, 11 МВт),
Дектар ГЭСи (Танхиздарё, 2,5 МВт).

"Ўзбекэнерго" таркибидаги 11та ГЭСда (шу жумладан, Фарҳод, Чорвоқ ГЭСлари) модернизация қилиш ишлари олиб борилади.

Компанияга бу лойиҳалар учун 576,61 млн доллар маблағ ажратилади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги эса 321,8 млн доллар маблағ эвазига 5та янги ГЭС қуради ҳамда мавжуд 4тасини модернизация қилади.

Туябўгузсув омборидаги Кичик ГЭС (12,5 МВт),
Катта Фарғона каналида Кичик ГЭС (10,2 МВт),
Оҳангарон дарёсида Кичик ГЭС (18 МВт),
Дарғом каналида Шавдар кичик ГЭСи (7,2 МВт),
Тўполангдарёда Зарчоб кичик ГЭС-1 (23 МВт).

Вазирлик модернизация қиладиган ГЭСлар қаторида Андижон ГЭС-1, Туямўйин ГЭС ва Тўпалонгдарё гидроузели бор.