Спорт | 21:07 / 10.10.2024
16602
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 10 киши қолган Эрон билан дуранг қайд этди

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 3-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Эронга қарши майдонга тушди.

Фото: UFA

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида 33 800 томошабин қаршисида А гуруҳи пешқадамлари ўртасида ўтган қарама-қаршиликнинг дастлабки бўлимида майдонда тенгкураш кузатилиб, айтарли яққол голли вазият юзага келмади.

Иккинчи бўлимдаги кулминацион воқеа 57-дақиқада рақиб футболчи Солиҳ Ҳарданининг майдондан четлатилиши бўлди. Бош ҳакам Элдор Шомуродовга нисбатан ушбу қўполликка дастлаб эътибор қаратмаган бўлса, VAR текширувидан кейин эронликлар майдонда 10 киши бўлиб қолишди. Қолган ярим соатдан кўпроқ вақт давомида мезбонлар сон жиҳатдан устунликка эришган бўлса-да, бундан фойдалана олишмади.

Аксинча, 90+2-дақиқада жарима майдони ичида Рустам Ашурматов тўпни қўли билан ўйнагани учун Ўткир Юсупов дарвозаси томон пеналти белгиланди. Форслар 11 метрлик жарима зарбасини тепишга ҳозирлик кўраётганда эса ҳакам VAR’ни кўриб чиқиб, пеналтини бекор қилинди.

Шу тариқа, жуда муҳим баҳсда бош мураббий Сречко Катанецсиз тўп сурган вакилларимиз дуранг қайд этишди – 0:0. Жамоалар ўртасидаги сўнгги уч ўйинда ҳам дуранг қайд этилди.

А гуруҳида Ўзбекистон ва Эрон 7 очко билан қўшҳокимлик қилишда давом этишмоқда. Гуруҳдаги қолган икки ўйин ҳам бугун бўлиб ўтади.

Ўзбекистон 15 октябр куни Тошкентда БАА миллий жамоасини қабул қилади.

ЖЧ-2026 саралаши. А гуруҳи. 3-тур

Ўзбекистон – Эрон 0:0
Ўзбекистон
: 1.Ўткир Юсупов, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 4.Фаррух Сафиев (3.Ҳожиакбар Алижонов, 46), 5.Рустам Ашурматов, 7.Отабек Шукуров, 9.Одил Ҳамробеков, 10.Жалолиддин Машарипов, 13.Шерзод Насруллаев, 14.Элдор Шомуродов, 22.Аббосбек Фазуллаев (11.Остон Ўрунов, 71), 23.Ҳусниддин Алиқулов.
Эрон: 1.Али Ризо Бейранванд, 2.Солиҳ Хардани, 4.Шожаи Халилзода, 5.Милод Муҳаммадий, 6.Саид Иззатуллоҳий, 7.Али Ризо Жаҳонбахш (11.Али Гулизода, 78), 8.Муҳаммад Муҳиби (10.Меҳди Гоеди, 55), 9.Меҳди Торемий, 13.Али Неъмати, 14.Сомон Қуддус (21.Умид Норафкон, 71), 20.Сардор Озмун (19.Шаҳриёр Моганло, 78).

Огоҳлантириш: Фарруҳ Сафиев (19), Одил Ҳамробеков (30), Сомон Қуддус (66).

Четлатиш: Солиҳ Ҳардани (Эрон), 57.

Мавзуга оид