Ўзбекистон | 15:00 / 27.11.2021
11016
4 дақиқада ўқилади

“Илмсиз тадбиркор энди узоққа бормайди” — Алишер Исаев бизнесни трансформация қилиш ҳақида

“Ҳозирги билим даражасида ўзбек тадбиркори трансформация қилиб ўзгармаса, 10 йилдан кейин ҳеч бири қолмайди”, дейди Kun.uz'нинг бизнесменлар учун мўлжалланган янги лойиҳаси илк меҳмони Алишер Исаев.

Бизнесда ва шахсий ривожланишда трансформациянинг аҳамияти борган сари ортиб бормоқда. Kun.uz трансформация жараёни, шахсий ривожланиш, бизнесда янги моделларни тузиш ва уни бошқариш, бизнесни рақамлаштириш каби мавзуларда кўзга кўринган мутахассислар билан суҳбатлар лойиҳасини бошлади.

Трансформация нима?

“Трансформация” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгариш деган маънони англатади. Бу – тушунча бизнесда ўзгаришга ва ўрганишга очиқ инсонлар қўл урадиган жараён. Зеро, тезлик билан ўзгараётган замонда қотиб қолган ва мослашмаган бизнес таназзулга учрайди.

Кўрсатувнинг илк сони меҳмони – таниқли тадбиркор, савдо ва бошқарув бўйича мутахассис, “Миллиард” клубининг асосчиларидан бири Алишер Исаев бўлди.

Бизнесда трансформация нима учун муҳим?

— Сўнгги вақтларда трансформация ҳақида мавзулар кўп очиляпти, бунга бир неча сабаб бор. Биринчидан, 20 йил ёки 10 йил олдинги бизнесдан олинган фойда билан бугунгиси фарқ қилади. Дейлик, 20 йил аввал 100 сўм пул тикса бир йилда 500 сўм фойда оларди, ўн йил аввал бу 50-100 сўмгачани ташкил қилган, бугун эса 20 сўм оладими-йўқми — муаммо. Авваллари фойда илмсизлик билан бизнесда қилинган хатоларни “ювиб кетган”, фойданинг кўплиги бизнес илмидаги хатоларни ёпиб турган. 2030-йилларга бориб эса бутун дунёда маржа, яъни фойда даражаси 2-3 фоизга тушади.

Трансформациянинг эффекти шундаки, ўзбек тадбиркорлари ҳозирги билим даражасини трансформация қилиб ўзгармаса, 10-15 йилдан кейин бизнесидан асар ҳам қолмайди, чунки бизнесда 2-3 фоизлик даромад илмсизликни кечирмайди.

Иккинчидан, Евросиё Иқтисодий Иттифоқи каби катта-катта тузилмалар қудратли давлатлар иқтисоди учун кичик давлатларни ўзига бозор қилиб олади. ЕОИИга кирган давлатларнинг 50-70 фоиз тадбиркори банкрот бўлган, сабаби, юқорида айтганимдек, кичик давлатлар кучли давлатлар учун бозор бўлиб хизмат қилади.

Энди хулоса қилиш мумкинки, трансформация бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ўзбекистон ҳам ЕОИИга кирадиган бўлса, бизнинг тадбиркорларни ҳам шундай қисмат кутиши тайин. Трансформация эса уларни бизнесда илмнинг қадри қанчалик муҳимлигига ўргатади ва йўқотишларга чидамли қилади.

“Агар ўзгармаса, 3-4 йилдан кейин аҳвол ёмон бўлишини ҳис қилаётганлар ўқишга ҳаракат қиляпти”

— Бутун республикадаги барча тадбиркорларни олсак, 0,1 фоизи бугун биз сўз очган мавзуни тушунишга ҳаракат қиляпти, фаолиятида трансформациядан фойдаланиш чораларини кўряпти. Бу статистика қайдан келди? Яқинда президентимиз билан учрашувда республикада 4 млн тадбиркор борлиги айтилди. Энди турли курсларга бораётган, бизнесга унинг илмини олиб киришга интилаётганлари 4 мингта, яъни 0,1 фоиз. Бу ҳам ҳали ҳаммаси ўқиганлари – уққанлари эмас.

Бугун ўзини ва бизнесини трансформация қилмаса, 3-4 йилдан кейин аҳвол ёмон бўлишини ҳис қилаётганлар ўқишга ҳаракат қиляпти.

***

Суҳбат давомида тажрибали тадбиркорнинг трансформацияни нимадан бошлаш кераклиги бўйича тавсиялари, ўзбек тадбиркорларини қийнайдиган бизнес жамоасидаги муаммолар, “тоға-жиян” муносабатлари, бизнесни бошқаришга оид тавсиялар ва бошқа ҳаётий тажрибалар билан танишишингиз мумкин.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилинг.

Кўрсатув муаллифи ва бошловчи – Аббос Ризкиев.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Кўрсатув ҳамкори – “Ark Buloq” халқаро савдо маркази.

Баракали савдо “Аrk Buloq”дан бошланади!

Мавзуга оид