Спорт | 16:07 / 10.10.2024
8373
6 дақиқада ўқилади

Тарихни янгилаш имконияти – Эрон Тошкентда илк бор мағлуб этиладими?

Бугун, 10 октябр куни Ўзбекистон миллий жамоаси 2024 йилдаги энг муҳим учрашувини Эронга қарши ўтказади. Форслар ўз тарихида ҳали Ўзбекистонда мағлуб бўлмаган ва миллий жамоамиз бугун бош мураббийсиз бу нохуш анъанага чек қўйишга уринади. ЖЧ-2026га чиқиш йўлидаги энг муҳим тўқнашув олдидан жамоа етакчилари Элдор Шомуродов ва Сардор Озмуннинг ўзаро «сўз жанги» 34 минг томошабин қаршисида ўтадиган бугунги ўйинга интригани янада оширди.

Фото: Tribuna.uz

«Бунёдкор» стадионида аншлаг бўлади

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи 3-саралаш босқич 3-тури доирасидаги Ўзбекистон – Эрон учрашуви А гуруҳидаги яққол пешқадам номини аниқлаб бериш билан бирга рақиблардан бирининг мундиалга чиқиш имкониятини кескин оширади. Ўйиннинг даражаси жуда юқорилиги сабабли чипталар учрашувдан бир кун аввал тўлиқ сотиб бўлингани маълум қилинди. «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган ўйин учун чиқарилган чипталарнинг маълум қисми ҳаттоки, «олиб-сотар»ларнинг қўлига чиқиб, каррасига қиммат нархда сотилаётгани айтилди. Шундай экан, 34 минг томошабин сиғимига эга стадион бугунги ўйинда мухлислар билан тўлиб, аншлаг бўлиши кутилмоқда.

Катанец учинчи бор келмади

Миллий жамоамизда таркиб бўйича муаммо бўлмаса-да, Тошкентдаги йиғинда Сречко Катанецнинг иштирок этмагани хавотирга сабаб бўлади. Словениялик бош мураббий сўнгги матбуот анжуманида соғлиғи сабабли 3-марта ҳам Ўзбекистонга кела олмаса, бу унинг миллий жамоадаги фаолияти якунланганини англатишини айтган эди. Шунга қарамай, Эрон ва БААга қарши баҳсларда жамоани унинг ёрдамчилари тайёрлаши маълум қилинди. ЎФА хорижлик мураббийнинг кейинги фаолияти бўйича ҳозирча аниқ маълумот берганича йўқ.

Шомуродов ва Озмун ўртасидаги «даҳанаки жанг»

Ўзбекистон – Эрон учрашуви олдидан Элдор Шомуродов ва Сардор Озмун ўртасидаги ўзаро «айтишув» ўйинга нисбатан қизиқишни янада оширмоқда.

Элдор Шомуродов сешанба кунги машғулот олдидан интервью бериб, «Эронга қарши учрашув Қирғизистонга қарши кечган ўйиндан кўра осон бўлади», - дея фикр билдирган эди. Ўйин олди матбуот анжуманида эса Сардор Озмун Элдор Шомуродовнинг сўзларига жавоб қайтарди.

«Ўзбекистон миллий жамоасини ҳурмат қиламиз. Уларга қарши кўп маротаба ўйнадик. Бу сафарги ўйинда 3 очкони қўлга киритиш жуда муҳим. Аммо рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, Ўзбекистон сўнгги марта бизга жиддий чақирув ташлаб, муаммо туғдирганига 12 йил бўлди, 2012 йилдан буён Эронни мағлуб эта олмаяпти», - деди Эрон миллий жамоаси ҳужумчиси.

12 йилдан буён мағлуб этилмаётган рақиб

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги кунга қадар Эронга қарши жами 14та ўйин ўтказиб, форсларни Тошкентда мағлуб эта олмаган. 14 ўйиндан 10тасида Эрон ғолиб бўлган, 3 ўйинда дуранг ва яна бир баҳсда Улуғбек Бақоевнинг Теҳрондаги ягона голи Ўзбекистон миллий жамоасига бу рақиб устидан қозонилган ягона ғалабани келтирган. Тўплар нисбати 5:18 – форслар фойдасига.

Вакилларимиз Эронга қарши сўнгги ўйинни июн ойида Теҳронда ўтказиб, ЖЧ-2026 2-саралаш доирасида нурсиз дуранг қайд этишган. Вакилларимиз бугунги баҳсда Тошкентдаги нохуш анъанага чек қўйиб, тарихни янгилаш имкониятига эга.

Ўзбекистон – Эрон. Ўзаро ўйинлар:

11.06.2024. Эрон – Ўзбекистон – 0:0

21.11.2023. Ўзбекистон – Эрон – 2:2

20.06.2023. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

20.06.2023. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

08.10.2020. Ўзбекистон – Эрон – 1:2

11.09.2018. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

19.05.2018. Эрон – Ўзбекистон – 1:0

12.06.2017. Эрон – Ўзбекистон – 2:0

06.10.2016. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

11.06.2015. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

14.11.2012. Эрон – Ўзбекистон – 0:1

03.06.2012. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

05.09.2009. Ўзбекистон – Эрон – 0:0

11.07.2007. Эрон – Ўзбекистон – 2:1

14.12.1998. Ўзбекистон – Эрон – 0:4.

Саралашда мағлуб бўлмаётган рақиблар

Карлуш Кейрушдан кейин Амир Ғолиноийни миллий жамоа бошқарувига қайтарган форслар саралаш босқичида йўқотишларсиз давом этмоқда. Сўнгги марта Осиё кубоги яримфиналида Қатарга мағлуб (2:3) бўлган Эрон ҳозиргача орада фақат Ўзбекистон билан дуранг (0:0) қайд этди, қолган баҳсларда устунлигини кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам Эрон билан қайд этилган дурангдан ташқари, қолган ўйинларда ғалабаларни қайд этди.

Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги 5 ўйини:

26 март. Ўзбекистон – Ҳонгконг – 3:0

6 июн. Ўзбекистон – Туркманистон – 3:1

11 июн. Эрон – Ўзбекистон – 0:0

5 сентябр. Ўзбекистон – КХДР – 1:0

10 сентябр. Қирғизистон – Ўзбекистон – 2:3

Эрон миллий жамоасининг сўнгги 5 ўйини:

21 март. Эрон – Туркманистон – 5:0

6 июн. Ҳонгконг – Эрон – 2:4

11 июн. Эрон – Ўзбекистон – 0:0

5 сентябр. Эрон – Қирғизистон – 1:0

10 сентябр. БАА – Эрон – 0:1

Эрон трансфер нархи бўйича Ўзбекистонни ортда қолдирмоқда

Transfermarkt порталига кўра, Эрон миллий жамоасининг умумий баҳоси 47,75 миллион еврони ташкил этаётган бўлса, Ўзбекистон миллий жамоаси 38,05 миллион евро нархга эга. Форсларнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси Меҳди Торемий ҳисобланади – 10 млн евро, мамлакатимизнинг энг қимматбаҳо футболчиси эса Аббосбек Файзуллаев – 6 миллион евро.

Эрон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 3 ўйинчиси:

1. Меҳди Торемий (Интер) – 10 млн евро

2. Сардор Озмун (Аш-Шабоб) – 8 млн евро

3. Меҳди Ғойеди (Иттиҳод Калба) – 4 млн евро

Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо 3 ўйинчиси:

1. Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) – 6 млн евро

2. Элдор Шомуродов (Рома) – 5 млн евро

3. Абдуқодир Ҳусанов (Ланс) – 5 млн евро

Анонс. ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаши. А гуруҳи. 3-тур

10 октябр (пайшанба)

Ўзбекистон – Эрон

Тошкент, «Бунёдкор» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: Спорт

Усмон Ибодов

Мавзуга оид