Ўзбекистон | 21:19 / 21.12.2024
5639
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқотида TBC Group вакили Оливер Ҳюз шахсга доир маълумотлар ва банк ахборотларини булутли технологиялар (Cloud)да сақлашга рухсат бериш, бунинг учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурди. Давлат раҳбари масала ўта жиддийлигини қайд этиб, ҳар томонлама пухта ўйланган ечим зарурлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон 24” эфиридан кадр

Кеча, 20 декабр куни, президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда иштирок этган TBC Group вакили Оливер Ҳюз шахсга доир ҳамда банк маълумотларини Cloudʼда сақлашга рухсат бериш учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурди.

Менда баъзи саволлар мавжуд. Бу ерда саноат ва банк сектори номидан гапиряпман, деб ўйлайман. Саволим булут, яъни Cloud ҳақида. Бугунги кунда банклар учун маълумотларни сақлашга нисбатан талаблар жуда қаттиқ. Уларни ўз ҳисоблаш марказларимизда сақлашимиз керак, бу жуда қиммат ва уни кенгайтириш қийин. Ҳозирча яхши, лекин биз қанча узоққа бормоқчи бўлсак, бу қийинлашиб бораверади.

Бу бутун мамлакатдаги технологик компанияларининг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳозир ҳукумат, Марказий банк, ҳамкасбларимиз билан гаплашяпмиз. Биз банкларга ўзларининг маълумотларини Cloud’да, Ўзбекистонда ва ҳатто офшор ҳудудларда сақлашга рухсат беришни қонунчиликка киритишни таклиф қилмоқчимиз.

Бу нафақат технология саноати ва банк сектори, балки сунъий интеллектни ривожлантириш учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки сунъий интеллект жуда катта ҳисоблаш қувватини талаб қилади, бу эса бугунги кунда Ўзбекистонда йўқ. Биз буни аллақачон амалга оширишни бошлаяпмиз, СИ ботларини чиқаришни йўлга қўйдик ва муаммоларга дуч келяпмиз”, деди Хюз.

Президент масала ўта жиддийлигини қайд этиб, ҳар томонлама пухта ўйланган ечим зарурлигини таъкидлади.

Аслини олганда, бу тўғри савол. Сунъий интеллект бизнинг келажагимиз. Бунга албатта жиддий эътибор қаратишимиз керак. Қўчқоров, Марказий банк, адлия вазири – биргаликда ўйлаб, менга таклиф беринглар. Фақат тўғри қарорлар қабул қилишимиз керак.

Фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳақида гаплашяпмиз. Бу жуда жиддий масала. Хато қилишга ҳаққимиз йўқ”, деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 15 апрелдан кучга кирган қонунда, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситаларда сақлаш талаби белгиланган.

 

Мавзуга оид