Жаҳон | 08:40 / 08.10.2024
9769
3 дақиқада ўқилади

РФ ҳарбий суди украиналик Навалнаяни 8 йилга озодликдан маҳрум қилди

2022 йил сентябрида россиялик ҳарбийлар томонидан қўлга олинган Мариупол шаҳрида яшовчи 26 ёшли қиз терактни режалаштиришда айбланди, деб хабар берди «Медиазона» унинг адвокати Иван Бондаренкога таяниб.

Фото: svtv.org

Ростов-Дондаги Жанубий округ ҳарбий суди Мариупол шаҳрида яшовчи 26 ёшли Ирина Навалнаяни терактни режалаштириш ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлашда айблаб, 8 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда 7 октябр, душанба куни унинг адвокати Иван Бондаренкога таяниб «Медиазона» хабар берди.

Айбловга кўра, Навалная 2022 йил 27 сентябр куни босиб олинган шаҳарда «ДХР»нинг Россия таркибига қўшилиши бўйича «референдум» бўлиб ўтаётган пайтда Мариупол маъмурияти биноси ёнида портлаш содир этмоқчи бўлган. Иш материалларидан маълум бўлишича, судланувчи ушбу «қўшилиш»га қарши бўлиб, Украина махсус хизматларининг маълум бир ходими билан тил бириктирган ва гўё ундан қўлбола портловчи қурилмани олиб кетиш мақсадида велосипед сотиб олиш учун 25 минг гривна олган.

Муҳокамада прокурор Навалная учун 14 йил қамоқ ва 400 минг рубл жарима сўради, деб ёзади «Медиазона» ва якунда суд гуруҳ томонидан жиноят содир этишга уриниш ҳақидаги иборани олиб ташлаб, айбловни юмшатганини таъкидлади. Мариуполлик аёлга жарима солинмади. «Бу ҳақиқатда 8 йил — ҳамма тушунади, лекин улар буни оқлай олмайдилар», деди Иван Бондаренко ва ҳукм устидан шикоят қилишини айтди.

2022 йил 27 сентябрда РИА «Новости» агентлиги Навалная ўз айбига иқрор бўлганини айтиб, теракт тайёрлашда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Навалнаянинг ҳибсга олиниши тарихи

Мариупол босиб олинганидан кейин, 2022 йилнинг май ойида Ирина Навалная онаси Александра Скачко билан биргаликда Украинага эвакуация қилинди, деб ёзади «Медиазона». Иринанинг онаси сўзларига кўра, «ФСБ» ходимлари уни фамилияси туфайли филтрлаш пайтида масхара қилишган. Август ойида Навалная бувиси билан қолиш учун босиб олинган шаҳарга қайтиб келди ва бир ойдан кейин уни ҳибсга олишди.

Аёлнинг сўзларига кўра, у велосипедда денгиз томон кетаётганида полиция машинаси уни тўхтатган. Ҳужжатларини текширгандан сўнг, унинг қўлига кишан солинган ва полиция бўлимига олиб кетилган ва у ерда уни калтаклай бошлашган. Ҳибсга олинганидан кейин Навалная Донецкдаги тергов изоляторида сақланган. У қийноқлар ва калтаклар ҳақида гапирди, қийноқлар ва оиласига қарши таҳдидлар орқали айбини тан олишга мажбур бўлган.

Унинг квартирасида хавфсизлик кучлари «Азов»да хизмат қилган ўгай отасининг шахсий гувоҳномасини топди — у ҳозир асирликда, дея аниқлик киритади «Медиазона».

Украинада Ирина Навалнаяга, онасининг сўзларига кўра, ҳарбий асир мақоми берилган.

 

Мавзуга оид