Ўзбекистон | 19:34 / 28.06.2021
25600
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг навбатдаги ҳудудга ташрифи эпидемиологик вазиятга кўра амалга оширилади

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда янги ҳафтада давлат раҳбари иштирокида қандай тадбирлар режалаштирилгани тўғрисида маълумотлар тақдим этди. 

«Давлатимиз раҳбари 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми доирасида ёшлар билан учрашади. 

Ҳафта давомида республика ҳудудларига амалий ташриф ҳам  режалаштирилган. Аммо ташриф бўйича якуний қарор эпидемиологик вазиятга кўра қабул қилинади. Бу ҳақида қўшимча тарзда батафсил маълумот берамиз», деди Шерзод Асадов тадбир чоғида.

Шерзод Асадов давлат раҳбарининг айнан қайси вилоятга ташриф буюриши режалаштирилаётганига ойдинлик киритмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев йил бошидан буён Бухоро вилояти (21-22 январь) Фарғона вилояти (4-5 февраль), Наманган вилояти (18-19 февраль), Тошкент вилояти (19 март), Самарқанд вилояти (15-16 апрель), Сурхондарё вилояти (1-2 июнь) ва Андижон вилоятига (17-18 июнь) сафар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғирлашиши ортидан махсус комиссия қўшимча карантин чекловларини жорий қилган, 28 июндан Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан киришда чекловлар ўрнатилган, бутун республика бўйлаб кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида иш вақти қисқартирилган. 

Мавзуга оид