Ўзбекистон | 10:27 / 20.10.2022
5402
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 55 мингдан ортиқ хонадоннинг ҳуқуқий ҳужжати йўқлиги аниқланди

Вилоятда 2022 йилнинг 9 ойи давомида 336 та ҳолатда 25,7 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани кузатилган. 

Видеодан кадр

Бу ҳақда давлат кадастрлари палатаси ва Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, 211 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган 8,2 гектар ер майдонида аниқланган ноқонуний қурилишлар Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари инспекторлари томонидан бартараф қилиниб, ер майдонлари ўз ҳолатига қайтарилган. Ўзбошимчалик билан эгалланган 14,8 гектар ер майдонларида ноқонуний қурилишларни бартараф этиш бўйича судларга 81 та даъво аризаси киритилган. 9 ой давомида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузган 2 344 нафар юридик ва жисмоний шахсга нисбатан 3,9 млрд сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланган.

Матбуот анжуманида билдирилишича, 2022 йил 9 ойи давомида вилоятда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган жами 20 475 та турар ва нотурар жой объектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шунингдек, вилоят бўйича хатлов ўтказилиб, 55 мингдан ортиқ хонадоннинг ҳуқуқий ҳужжати йўқлиги аниқланган ҳамда маълумотлар базаси шакллантирилиб, таклиф учун давлат кадастрлари палатасига жўнатилган.

Мавзуга оид