Путин: «Вагнер» ХҲК Россияда «юридик жиҳатдан мавжуд эмас»
Июнь ойи охирида Владимир Путин «Вагнер» ХҲКни компания деб атаган ва шу билан бирга, давлат унга 86 миллиард рублдан ортиқ пул тўлаганини айтганди.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) «юридик жиҳатдан мавжуд эмас», чунки Россияда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисида қонун йўқ. Бу ҳақда 13 июль, пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин «Коммерсант» газетаси мухбири Андрей Колесниковга маълум қилди.
Колесниковнинг «Вагнер гуруҳи» «жанговар бўлинма сифатида» сақлаб қолинадими, деган саволига Путин шундай жавоб берди: «Бизда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисидаги қонун йўқ. У шунчаки мавжуд эмас. Гуруҳ бор, лекин қонуний равишда у мавжуд эмас. Бу ҳақиқий қонунийлаштириш билан боғлиқ алоҳида масала. Лекин бу Давлат думасида, ҳукуматда муҳокама қилиниши керак бўлган масала. Бу осон масала эмас». «Бундай юридик шахс йўқ», деб таъкидлади Кремл раҳбари.
Бундан ташқари, у 29 июнь куни компания эгаси Евгений Пригожин ва ёлланма аскарлар командирлари билан учрашиб, уларнинг Седой лақабли бевосита қўмондони қўли остида «хизматни ўташни давом эттириш бўйича барча эҳтимолий вариантларни» таклиф қилганини айтди. «Мен буни айтганимда кўпчилик бош ирғади. Олдинда ўтирган ва буни кўрмаган Пригожин эса: «Йўқ, йигитлар бу қарорга рози эмас», деди», - дея айтиб ўтди Путин.
Июн ойи охирларида Россия президенти Владимир Путин ҳарбийлар билан учрашувда Россия «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси фаолиятини «тўлиқ» молиялаштирганини айтганди.
Президентнинг сўзларига кўра, бутун хусусий ҳарбий компанияни сақлаб туриш учун «2022 йил майидан 2023 йил майига қадар» Россия бюджети 86,3 миллиард рубл (1 млрд доллардан ортиқ) сарфлаган. Бу сумма ёлланма жангчиларнинг яшаш харажатлари ва маошлари, шунингдек рағбатлантирувчи ва суғурта тўловларини ўз ичига олади.
Пригожин ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси қўмондонлари исёндан кейин Путин билан учрашгани ҳақида Франциянинг Liberation газетаси хабар берди. Кейинчалик бу маълумотни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, учрашув 29 июнь куни Кремлда бўлиб ўтган ва деярли уч соат давом этган. Унда 35 киши, жумладан, Пригожиннинг ўзи ҳам қатнашган.
Учрашувда Путин фронтда ХҲКнинг ҳаракатларини баҳолади, қўмондонларнинг исён билан боғлиқ тушунтиришларини тинглади ва уларга ишга жойлашишнинг «қўшимча вариантларини таклиф қилди», деди Кремл вакили. Песковнинг сўзларига кўра, қўмондонлар 24 июнь куни содир бўлган воқеалар бўйича ўз версияларини баён қилиб, улар давлат раҳбари ва олий бош қўмондоннинг тарафдорлари эканини айтган.
Мавзуга оид
13:36 / 06.01.2025
Зеленский: Путин билан фақат куч позициясида гаплашиш керак
15:17 / 01.01.2025
«Боку Москва билан олдинги муносабатларда қолмайди» – экспертлар Оқтовдаги фожиа оқибатлари ҳақида
11:30 / 01.01.2025
Ким Чен Ин Путинни «энг яқин дўст» деб атади
17:48 / 31.12.2024