Ўзбекистон | 09:26 / 29.09.2020
10020
8 дақиқада ўқилади

Мактабларда атлас ва хариталар етишмовчилиги қачон ҳал қилинади?

Aтлас ва хариталар география фанининг юраги ҳисобланaди. Бундан ташқари, мактаблардаги тарих дарсларида ҳам тарихий хариталарга эҳтиёж катта. Бугунги кунда мактабларда катта масштабли хариталар ниҳоятда танқис.

Фото: Shutterstock

Республиканинг баъзи мактабларида гeография ва тарих дарсларида бор-йўғи битта харитадан фойдаланилади. Баъзан география дарсида фойдаланилаётган харита дарсни бўлиб, тарих фани учун олиб кетиб қолиниши ёки бунинг акси бўладиган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Катта масштабдаги хариталарнинг танқислиги масаласини ўрганиб, ўзи бундай турдаги хаританинг дарс давомида ўқувчи учун аҳамияти қандайлиги ҳақида «Мактабда география» журнали бош муҳаррири Ойбек Aбдимуротовга мурожаат қилдик.

«География дарсларида катта масштабли хариталар жуда муҳим аҳамият касб этади. Кичик масштабли хариталарда географик объектлар кам бўлиб, уларнинг майдони, шакли ва ўлчамларида хатоликлар кўп бўлади. Катта масштабли хариталарда эса географик объектлар кўпроқ бўлиб, уларнинг майдони, шакли ва ўлчамлари кам хатолик билан тасвирланади.

Шунингдек, бундай хариталарда майда масштабли хариталарга қараганда нисбатан кичик ҳудудларни ҳам тасвирлаш имконияти юқори. Бу эса ўқувчиларда ўзи яшайдиган вилоят, туман, шаҳар ва ҳатто маҳалла ёки қишлоғининг географик ўрни ва бошқа хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради», – деди Ойбек Aбдимуротов.

Бош муҳаррирга кўра, география фанига доир билимларни яхши ўзлаштиришда ўқув атласлари ва ёзувсиз хариталар билан ишлашнинг амалий аҳамияти катта. Чунки ўқув атласларида дарсликдаги ҳар бир мавзуга тааллуқли хариталар тизимли равишда жамланган. Ўқувчилар ушбу хариталар билан ишлаш орқали табиат ва жамиятда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни географик макон билан боғлиқлигини тушуниб, дарслик матнидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар.

Aтласлар ва ёзувсиз харита билан ишлаганда ўқувчилар нафақат ўқиб, балки воқеа ва ҳодисаларни ўзгариш холатини кўз билан кўриб, қўл билан бажарганларида кўпроқ англаб етадилар.

Мактаблар харита ва атласлар билан қай даражада таъминланган?

Мактаб ўқувчиларининг харита ва атласлар билан таъминланганлик даражасини билиш мақсадида республиканинг турли вилоятларидаги ўқитувчилар билан боғланиб кўрдик. Уларнинг аксарияти харита ва атласларнинг камлигини маълум қилишди. Ўқитувчиларга кўра, битта синфда саноқли ўқувчиларгина атлас ва ёзувсиз хариталардан фойдаланишади.

Устозларнинг таъкидлашича, бунга сабаб – атлас ва ёзувсиз хариталар нархининг баландлигидир. Уларнинг кўпчилиги катта масштабли табиий, сиёсий ва иқтисодий хариталарнинг жуда камлиги ёки умуман йўқлигини ҳам таъкидлашди.

Маълум бўлишича, атлас ва ёзувсиз хариталарнинг ўқув қуроллари дўконларидаги ўртача нархи 15-20 минг сўмни ташкил қилади.

Чеккароқ ҳудуддаги устозлар яримшарлар харитаси, Марказий Осиё, Ўзбекистон ва вилоятларнинг сиёсий-маъмурий ҳамда табиий хариталарига эҳтиёж катталиги, аммо уларни топиш қийинлигини таъкидлашди.

Кадастр агентлиги ва «Картография» корхонаси муносабати

Хариталар асоси, уларнинг илмий ҳолатини ишлаб чиқиш Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.

«Ёзувсиз харита ва атласлар асосини ишлаб чиқиш давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Халқ таълими вазирлиги бутун республика бўйича мактаблар учун қайси турдаги, масалан, табиий, сиёсий, физик ёки бошқа турдаги хариталарнинг талабномасини йиғиб, шакллантириб берса, биз кўриб чиқиб, график асосида ташкил қиламиз. Бу ишни улар билан биргаликда келишган ҳолда амалга оширишимиз мумкин», – деди Кадастр агентлигининг Ерни масофадан туриб зонтлаш, геодезия ва картография бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ихтиёр Эргашев.

Республикада 10 мингдан зиёд мактаб мавжуд. Aтласлар эса 10 минг нусхада чоп этилмоқда. Битта мактабда юқори синфлар ҳар бири ўртача 2тани ташкил қилса, бу 50-60 ўқувчига битта атлас тўғри келишини англатади. Aдаднинг камлиги сабабларини «Картография» илмий-ишлаб чиқариш давлат корхонаси раҳбари Ориф Ибрагимов изоҳлаб берди.

«Aтлас ва ёзувсиз хариталарга талаб жуда кам. Бизга асосан тадбиркорлик субъектлари ўзларининг сотиши учун харита ва мавзули хариталар учун буюртма беришади. Биз бир неча бор Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Aтлас ва ёзувсиз хариталарни ҳеч бўлмаганда мактаб дарсликлари билан бирга ижара таркибига қўшишни таклиф қилдик. Чунки география дарсликлари янгиланганда, атласлар ҳам қайта янгиланади. Дарсликдаги ўзгариш ва қўшимчалар атласларга ҳам киритилади. Ҳозирда биз ўзимиз имконимиз етгунича мактаблар сонини аниқлаб, тадбиркорларни жалб қилган ҳолда атлас ва ёзувсиз хариталарни нашр этиб турибмиз», – деди Ориф Ибрагимов.

Атласларни ижара дарсликлари қаторида тарқатиш масала ечими бўлиши мумкин

Бир нечта ўқитувчилар ҳам атласларни мактаб дарсликлари билан бирга ижарага бериш таклифини маъқуллашди.

«Ўқув атласлари ва ёзувсиз хариталар сотувда етарли. Аммо ота-оналар фарзандларига олиб бериши учун қимматлик қилади. Агар имкони бўлса, атласлар сифатини яхшилаб, мактабларга дарслик билан ижарага берилса, ўқувчилар сотувдан фақат ёзувсиз харитани олишса деган фикрдаман. Шунда ўқувчилар дарсда тўлиқ атласдан фойдаланиш имконига эга бўлади», – деди биз билан суҳбатлашган ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчилар ва «Картография» илмий-ишлаб чиқариш давлат корхонаси раҳбари таклифи юзасидан Халқ таълими билан боғланиб, изоҳ олдик. Халқ таълими ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаблар фақат дарслик ва ўқув методик қўлланмалари билан таъминланади. Ёзувсиз харита ва атласлар билан таъминлаш вазирлик томонидан амалга оширилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февральдаги қарорида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг асосий вазифалари белгилаб берилган. Бу вазифалар қаторида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларини ижара асосида таъминлаш учун умумий ўрта таълим муассасаларининг кутубхона жамғармаларига умумтаълим фанларидан дарсликлар ва чет тиллари бўйича машқ дафтарларини харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштириш белгиланган.

Шу ўринда, мактаб дарсликлари билан бирга атлас, ёзувсиз харита ва турли ҳажм ва хилдаги хариталарнинг етказилишини молиялаштириш масаласи ҳам қўшилса, республикадаги ўқувчиларнинг география ва тарих фанларини чуқурроқ ўрганишларига, ўқитувчиларга қийинчилик туғдираётган масалага ёрдам бериши мумкин.

Хулоса

Республиканинг аксар мактабларида ёзувсиз харита, атлас ҳамда турли хил ва ҳажмдаги хариталарга эҳтиёж анча юқори. Ўқитувчилар дарс жараёнида харита ва атласлар етишмовчилиги сабаб ўқувчилар билан самарали ишлашда қийинчиликка учрашмоқда. Ота-оналарда атлас ва ёзувсиз хариталарни сотиб олиш учун ё эътибор, ё маблағ етишмайди.

Халқ таълими вазирлиги республикадаги мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиқиб, атласлар, хариталар ва ёзувсиз хариталар учун эҳтиёжни аниқлаб, муаммо ечимига жиддийроқ ёндашиши – ўқувчиларнинг география ва тарих фанларини чуқурроқ ўрганишларига хизмат қилиши шубҳасиз.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид