Жамият | 12:04 / 05.08.2024
5847
6 дақиқада ўқилади

“Кимё ҳаётимиздаги жараёнларни чуқурроқ ўргатади” – Халқаро Олимпиада совриндорлари билан суҳбат

Далер Раҳимов ва Саида Абдуллаева Халқаро кимё олимпиадасида Ўзбекистон ҳисобига олтин ва кумуш медалларни ёзиб қўйишнинг уддасидан чиқишди. Улар Kun.uz'га берган интервюсида қандай қилиб бу натижага эришгани ва Саудияда ўтказилган олимпиада таассуротлари билан бўлишди.

Саудия Арабистони шу йилнинг 21-30 июл кунлари 56-Халқаро кимё олимпиадасига мезбонлик қилди. Унда дунёнинг 87 та давлатидан 340 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар иштирок этди. Булар қаторида Ўзбекистон терма жамоасидан 4 ўқувчи билан қатнашиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 1 та бронза медалларини қўлга киритди.

Kun.uz мусобақа таассуротлари, болаларнинг кимёга қандай кириб келгани, келгуси режалари ҳақида билиш мақсадида олтин ва кумуш медалларини олган Далер Раҳимов ҳамда Саида Абдуллаева билан интервю уюштирди.

Далер Раҳимов – асли бухоролик. У Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Aбу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси, олтин медал соҳиби.

Саида Абдуллаева Навоий шаҳрида жойлашган 11-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Кумуш медал соҳибаси.

Кимё фанига кириб келиш

Саида Абдуллаева: Математика, информатика фанларига 5-6-синфларимда қизиққанман. Шу сабабли кичик фан олимпиадаларига қатнашиб юрганман. Кейин эса биологияга қизиққанман. Кейин кимё дарси ўтилган ва бу фанга жуда қизиқиб қолганман. Бошида кимёни университетга кириш учун ўқиганман. Мактабдаги кичик олимпиадаларга қатнашиб юрганимда халқаро олимпиадага қандай қилиб қатнашиш мумкинлиги ҳақида билиб қолганман. Шундан кейин 9-синфнинг охирида халқаро олимпиадага қатнашиш учун жиддий тайёргарлик кўра бошлаганман. Кимё фанини ўрганиш орқали атрофингиздаги барча ҳаётий жараёнлар қандай кечишини билиб олиш мумкин ва бу жуда қизиқ.

Далер Раҳимов: Болалигимдан математика, физика фанларига қизиққанман, турли фан олимпиадаларига қатнашганман. Аниқ фанларга қизиқиш устозларим ва ота-онамнинг ташаббуслари билан бўлган. Фан тўгаракларига қатнашиб юрган вақтим ўқитувчиларим халқаро олимпиада ҳақида маълумот беришган ва унга қатнашиш истаги пайдо бўлган. Ҳозирда бутун дунёда инсоният кўпайиб бормоқда, табиий ресурслар эса камайиб бормоқда. Шу сабабли водород гази ёки ток билан ишлайдиган машиналарни ишлаб чиқариш керак. Ҳозирги ҳаётимиздаги машиналар, кашфиётлар кимё, физика фанларининг маҳсули ҳисобланади. Буни чуқурроқ билиш учун кимё, физика фанларини ўрганиш зарур деб ҳисоблайман.

Олимпиада таассуротлари

Саида Абдуллаева: Халқаро олимпиадага қатнашиш учун Ўзбекистонда 3 та босқични босиб ўтиш керак: биринчи босқичда 25 киши саралаб олинади, иккинчи босқичда эса 12 киши ўша 25 ўқувчининг ичидан саралаб олинади, учинчи босқичда 6 киши Менделеев олимпиадасида қатнашиш имкониятини қўлга киритади. Бу ўқувчилар орасида мен ҳам бор эдим ва олимпиадада қатнашиб келдим. Олимпиадага келадиган бўлсам, назарий ва амалий босқичларни ўз ичига олади. Лаборатория босқичи ҳам 2 қисмдан иборат бўлиб, бу йилги амалий қисм бошқа йилдагилардан фарқ қилди. Назария қисмида эса 5 соат ичида бажарилиши керак бўлган турли хил масалаларни ечиш вазифа қилиб берилган эди.

Далер Раҳимов: Олимпиаданинг амалий қисмида номаълум модданинг формуласини аниқлашингиз керак бўлади, яъни сизга бажариладиган ишлар кетма-кетлиги берилади.

Саида Абдуллаева: Яъни маълум бир модданинг массасини аниқлаш топшириғи ҳам берилган эди олимпиаданинг амалий қисмида. Лаборатория иккита босқичдан иборат бўлди: иккита топшириқ берилди ва ярим соат танаффус қилиб, овқатланиб олганимиздан кейин 3 соат 15 минутда кейинги амалий ишни бажардик. Бу орада ярим соатдан кейин жамоадошларимиз билан кўришиб, умуман, олимпиада қандай ўтганлигини муҳокама қилдик.

Далер Раҳимов: Биз аслида имтиҳондан чиққандан кейин бир-биримиз билан гаплашмаймиз деб келишиб олган эдик. Чунки кимнингдир иши ўхшаб ёки кимникидир ўхшамаган бўлса, тушкунликка тушиб қолишлари мумкин деб бунга келишгандик. Лекин барибир бир-биримиз билан гаплашдик жараён ҳақида.

Саида Абдуллаева: Олимпиадага жўнаб кетишдан олдин бироз ҳаяжон бўлди, чунки катта майдон дунёнинг 90 та давлатидан энг кучли саралаб олинган ўқувчилар келишади. Улар билан биргаликда битта олимпиадада иштирок этиш, билимларни синаш жуда ҳаяжонли бўлди. Аммо Саудияга борганимиздан кейин атрофдагилар билан гаплашиб, фикр алмашганимиздан кейин ҳаяжон камайишни бошлади.

Далер Раҳимов: Олимпиада жараёнида менда ҳам ҳаяжон бўлди. Чунки ота-онангнинг ишончи, ўқитувчиларингнинг берган кўмаклари, билимларини оқлаш керак деб ўйлаганман. Бу эса ҳаяжонли. Ёпилиш маросимида ҳали ким нечанчи ўрин олганини ҳеч ким билмайди. 360 қатнашчининг ҳар бири қанчадан балл тўплаганини ҳеч ким олдиндан билмайди. Ёмон фикрлар ҳам хаёлга келади. Маросимда биринчи бронза медали, кумуш ва олтин медални эълон қилишади. Мени баллимни биринчи айтиб қўйишмасин деб ичимда такрорлаб турганман. Бошқа давлат вакили билан гаплашганда саволларга яхши жавоб бердим деб турса, ичингизда мен яхши жавоб бера олмаганман деб туриш аламли.

Интервюни тўлиқ шаклда YouTube’да томоша қилиш мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Зияддин Маматжонов.
Монтаж устаси Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид