Фарғонадаги портлаш қурбонлари сони ошди
Яна уч киши шифохонада вафот этиб, қурбонлар сони 4 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида болалар ҳам бор. Беш киши қамоққа олинган.
Фарғона шаҳридаги заправкадаги рўй берган портлаш оқибатида яна 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум қилинишича, 17 декабр куни соат 13:45 ларда Фарғона шаҳри, Янгийўл маҳалласидаги Petrolium пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м.куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган.
Бунинг оқибатида 1 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Шу ҳудудда бўлган бир неча киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди ҳамда 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Kun.uz билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари билдиришича, мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишига одамлар норозилик билдиришганди. Бироқ масъуллар бу норозиликка эътибор қаратмаган.
«Одамлар бу ерда заправка қурилмасин деб айтган. Шаҳарнинг ичида-ку бу. Умуман, бу каби заправкалар 2-3 км ташқарида, четроқда бўлиши керак. Бензин бор эди, пропан очилганига уч ой бўлди, дейишяпти. Одамлар “мумкин эмас” дейишганига ҳеч ким қулоқ солмаган. Мана, одам ўлди, бошқаларга жароҳат етган», деди Kun.uz’га интервю берган ҳодиса гувоҳларидан бири.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов ОАВ вакилларига берган интервюсида ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлгани, 4 киши жароҳатлангани, яна 8 киши тиббиёт ходимлари назоратида эканини маълум қилганди.
Мавзуга оид
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
16:56 / 20.12.2024