“Нимадан ўлгани номаълум” – Юқори Чирчиқдаги сой бўйидан 2 тонна ўлик товуқлар ташлаб кетилгани аниқланди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги тақиқланган жойга кўп миқдорда ўлган товуқлар ташлаб кетилгани акс этган видеолар тарқалди. Kun.uz Кенгли маҳалласига бориб ҳодиса тафсилотларини ўрганди.
Маълум бўлишича, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилсой бўйига номаълум шахслар томонидан кўп миқдорда парранда ўлиги ташлаб кетилган. Ҳодисага жамоатчилик эътиборини қаратган Иномжон Раимов ўлган товуқлар сой бўйига 19-20 октябрь кунлари ташлаб кетилганини айтмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеонинг муаллифи менман. Видео 24 октябрда олинган. Ўлган товуқлар эса ундан тўрт-беш кун олдин ташлаб кетилган экан. Икки-уч тонна атрофидаги товуқ ўлигининг ҳидидан атрофда юриб бўлмай қолди.
Бизни ўйлантиргани бу товуқлар нимадан ўлган? Уларнинг қанчаси бозорга чиқиб кетди-ю, қанчаси бу ерга ташлаб кетилди? Чунки булар касаллангани эҳтимоли юқори. Агар касалланмаса, бунча миқдордаги товуқ бир вақтда нобуд бўлмайди” дейди мурожаатчи Иномжон Раимов.
Маҳаллий аҳоли ушбу ҳудудга яқин масофада иккита товуқ фабрикаси борлиги, ўлган товуқлар фабрикадан чиққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Эътиборлиси, Давлат экология қўмитаси маҳаллий аҳолининг мавзуга доир мурожаатларини эътиборсиз қолдирган. Ҳолат акс этган видео интернетда шов-шувларга сабаб бўлгач, мутасаддилар ҳаракатга тушиб қолгани айтилмоқда.
“Шунча ўлган товуқ қаердан чиққанини билиш мақсадида Давлат экология қўмитасига мурожаат қилдик. Ўн беш кун ичида мурожаатингиз кўриб чиқилади дейилган. Мендан ташқари ҳудудда яшовчи бошқа одамлар ҳам қўмитага мурожаат қилишди. 19 октябрь куни заявкани бергандик. 15 кун ичида аризамизни қўмитанинг вилоят бошқармасига жўнатилишини айтишди.
Аммо ўн беш кун кутиб туролмасдик. Шу боис ҳолатни видеога олиб, Теlegram-каналларга тарқатдик. Ижтимоий тармоққа видеони жойлаганимиздан кейин туман экология бўлими масъуллари келиб, ҳудудни тозалатишга киришишди” дейди мурожаатчи.
Суриштирувимиз давомида Қизилсой соҳилида бундан бошқа чиқиндилар ҳам кўплигига шоҳид бўлдик. Масъуллар бу вазият маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан вужудга келтирилаётганини таъкидлашди.
“Ҳозирги кунда мазкур ҳудуддан бир ярим-икки километр узоқликда маиший чиқинди тўкиш полигони мавжуд. Белгиланмаган жойга маҳаллий аҳоли ва турли ташкилотлар томонидан ноқонуний равишда чиқиндиларни тўкиб кетиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Жумладан, Жамбул қишлоғида ҳам товуқ қолдиқларини ташлаб кетиш ҳолати кузатилди. Ҳозирга келиб, ушбу ҳолат Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Юқори Чирчиқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими томонидан ўрганилиб, жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Бундан кейин ушбу ҳудудда жамоатчилик ва туман инспекторларининг назоратини кучайтириш устида ишлар амалага оширилади”, дейди Юқори Чирчиқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Шавкат Иброҳимов.
Махсус транспортларга ортиб олиб кетилган ўлик товуқлар қаерга олиб борилади? Мутахассиснинг таъкидлашича, улар махсус полигонга олиб борилиб, ёқиш йўли билан йўқ қилинади.
“Бу ердан ортиб кетилган паррандалар махсус объектга олиб борилади. У ерда эса махсус ўра қазилади. Ўша ўрага барча ўлик товуқлар тўкилиб ёқилади. Ёниб бўлгач, дезинфекция воситаси билан ишлов берилади. Ундан сўнг тупроқ билан кўмиб ташланади.
Бундан ташқари, жонсиз паррандалардан лаборатория учун намуналар олинади. Намуналар Ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликлари бўйича давлат лабораторияси ҳамда Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги марказига жўнатилади.
Қолаверса, туман лабораториясида ҳам текширилади. Яъни параллел равишда учта жойда текширилади. Шундан сўнг лабораторияларнинг хулосаларига кўра, худудда касалликларнинг олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилади”, дейди Юқори Чирчиқ тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ҳожиакбар Отабоев.
Эслатиб ўтамиз, қонунларимизда табиатга етказилган зарар учун ҳам жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-моддасига кўра, фуқаролар муҳофаза қилинаётган табиий ҳудуд режимини бузса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 15 баробаригача, мансабдор шахслар 15 баробаридан 20 баробаригача миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
21:12 / 14.12.2024
Тошкент вилоятида 649 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
18:09 / 25.10.2024
Янги Тошкент шаҳри учун Тошкент вилоятидан қўшимча ер ажратилди
14:02 / 26.07.2024
Тошкент вилоятида BМW йўл четида тўхтаб турган Tracker’га бориб урилди
18:26 / 17.07.2024