“Бошида кимёга умуман қизиқмаганман” – ўқитувчилик ортидан миллиардерга айланган Моҳира Болтаева
Моҳира 23 ёшда. У уч йилдан бери Тошкент шаҳрида Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда кимёдан дарс беради. Бу йил унинг ўқувчиларидан 3 нафари нуфузли халқаро кимё олимпиадасида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Ëш педагог ўқувчиларининг натижалари ортидан қисқа вақт ичида қарийб 1 млрд сўм пул мукофотларини жамғаришга эришди. Kun.uz билан суҳбатда у халқаро олимпиадалардаги иштироки, педагог сифатида кимёдан олимпиадаларга ўқувчиларни тайёрлаш методлари ва муваффақият формуласи ҳақида гапириб берди.
“Кимёни ўрганишим ота-онамнинг хоҳиши бўлган”
Отам – фермер, онам лаборатория ходими, оддий оила фарзандиман. Шунга қарамасдан оиламиздаги уч фарзанднинг барчаси ўқимишли, олий маълумотли. Ота-онам ҳамиша сифатли таълим олишимиз учун катта сармоя ажратган.
Икки акам – Беҳзод ва Бобур Болтаев 2013–2015 йилларда Халқаро кимё олимпиадаси ва Халқаро Менделеев олимпиадаларида олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритган. Иккалови биргалашиб талабалик йилларида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг академик лицейида олимпиадаларга тайёрловчи кичик марказ очган ва ўқувчиларни ўқитган. 9-синфни битирганимдан сўнг мени айни шу марказда ўқишга таклиф қилишган. Бошида кимёга умуман қизиқмаганман. Бу фандан олимпиадаларга қатнашишим ота-онамнинг хоҳиши билан бошланган. Акаларим кимё олимпиадаларида иштирок этиб келаётгани ва бу оилавий анъана сифатида шакллангани боис, менга ҳам мазкур йўналишда ўзимни синаб кўришимни айтишган. Шу тариқа кимё фанини ўрганишга киришганман.
“Тажрибасизлигим сабаб олимпиадада паст балл олганман”
Лицейда ўқиш вақтида 1-курсдан олимпиадаларга тайёрланишни бошладим, 2-курсда терма жамоа сафига қўшилдим. Биринчи йил мендан кучли болалар кўп бўлгани учун олимпиадада қатнаша олмадим. Иккинчи йил эса ўз устимда кучлироқ ишлаб, 4 кишидан иборат миллий терма жамоа сафига қабул қилиндим. Халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритдим. Аммо бу мен учун катта муваффақиятсизлик бўлган, ўзим кутган натижадан анча паст кўрсаткични қайд этганман. Айниқса, лаборатория бўлимидан тушган топшириққа жавобларни жуда қониқарсиз ёзганман. 75 баллдан 22 балл олганман. Яхши натижа кўрсата олмаганим тажрибасизлик ортидан келган. Масалаларни ечишда вақт тақсимотига эътибор қаратмаганман, довдираб қолганман. Ўша вақтда Ўзбекистон терма жамоаси ичида энг қуйи натижа меники бўлган, ёпилиш маросимида парда ортида туриб кўп йиғлаганман. Лекин ота-онам ва акаларим қўллаб-қувватлаб, катта куч беришган. Ушбу олимпиададан сўнг, 2019 йили Парижда ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида қатнашдим. Унда айнан лаборатория синовларига кучлироқ эътибор қаратдим, хатоларим устида ишлаб, кумуш медални қўлга киритдим.
“Дарс ўтиш мени деградациядан сақлаб қолди”
Мактабда 2021 йилдан буён ўқитувчи сифатида ишлайман. Ёш бўлганим болаларни яхшироқ тушуниб, улар билан тез тил топишиб, яқинроқдан ишлаш имконини берди. Олимпиадага тайёрланаётган болаларнинг кўпи мақсади бор, ўзини англаган бўлади, шу сабаб улар билан ишлаш қийинчилик туғдирмайди.
Одатда, олимпиада учун мактабда болаларни саралаб оламиз ва ўқитамиз. Тайёрлаш жараёнида кўрсатаётган натижаларига қараб олимпиадада қатнашишга салоҳияти ета олмаётган болаларни институтга йўналтирамиз. Ҳар куни соат 15:00 дан 18:00 гача дарс ўтамиз. Мактаб дарсликларига аралашмаймиз. Ўзимиз тузган тизим ҳамда ўқув дастури бор, шунга биноан болаларни олимпиадага тайёрлаймиз.
Ўқувчиларни олимпиадага тайёрлаш менга жуда ёқади, мени деградациядан сақлаб қолган нарса ҳам айнан дарс ўтишим деб биламан. Болаларга ўргатиш учун китоб, мақолалар ўқийсиз, ўз устингизга ишлайсиз, тўхтаб қолмайсиз. Агар шу ишни қилмаганимда ривожланаётган тенгдошларимдан анча ортда қолиб кетган бўлардим.
Халқаро олимпиадада тушадиган топшириқлар университет кимёсига яқин ва мураккаброқ. Кўп манбаларни ўрганиш талаб этилади. Битта педагогга ўқувчиларни кимёдан олимпиадага тайёрлаш қийинлик қилади – вақт кам, иш кўп. Мен бу жараёнда жамоам билан ишлайман: кимдир материал тайёрлаб беради, кимдир лаборатория машғулотларини ўтказади, яна кимдир масалаларни ечишни ўргатади ва бошқа кимдир назарияни ўтади. Битта ўқитувчининг ўзи ўқувчига барчасини сифатли қилиб етказиб беришга жисмоний жиҳатдан улгурмайди. Ҳозирда олимпиадага тайёрланаётган болалар сони 20 нафардан кўп. Вазирлик томонидан ташкил этилган саралашдан ўтган 4 нафар бола халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун терма жамоа сафига қабул қилинади.
“Терма жамоа сафида ўқувчиларим етакчилик қилди”
Кимё фани бўйича энг нуфузли олимпиада бу – Халқаро кимё олимпиадаси ҳисобланади. Унда 90 та давлатдан иштирокчилар қатнашади. Ўзига хос томони, ушбу илм мусобақасида ҳар бир давлат ўзининг сараланган, соҳа бўйича энг юқори билимга эга ўқувчиларидан иборат 4 кишилик терма жамоасини юборади. 2024 йилда миллий терма жамоа сафига 3 ўқувчим қабул қилинди. 4 кишилик жамоа ичида 3 та қатнашувчи менинг ўқувчиларим бўлгани мен учун катта ютуқ бўлди. Улар 3 та медал – олтин, кумуш, бронзани қўлга киритди.
Бу олимпиадада ютуқ сифатида диплом ва медал берилади, аммо пул мукофотлари йўқ. Халқаро кимё олимпиадаси медалининг ўзи уни ютган бола карерасида катта имконият эшикларини очиб беради. Нуфузли университетлар, йирик иш берувчилар медал соҳибларига қизиқа бошлайди, улар биладики, медални қўлга киритган болада катта потенциал бор, у ўзининг устида ишлаб, янада юқори натижаларни қайд эта олади.
“Рағбат – ўз устимизда ишлашга катта иштиёқ беради”
Ўзбекистонда фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантириш тизими 2019 йилда ишга туширилган. Бу тизимнинг йўлга қўйилиши илм соҳаси вакиллари учун катта мотивация беряпти. 2019 йил 51-Халқаро кимё олимпиадасида кумуш медални қўлга киритганимда 66 млн 900 минг сўм мукофот пули олганман. 18 ёшимда билимим ортидан катта даромадга эга бўлишим ўз устимда тинимсиз, керак бўлса, ухламай ишлашга туртки берган.
Уч йилдан буён ўқитувчи сифатида мукофот пулларини оляпман. Умумий ҳисобда жамғарилган маблағ миқдори салкам 1 млрд сўмга яқинлашиб қолди. 2022 йилда бир нафар ўқувчим Халқаро кимё олимпиадасида ғолиб бўлган, унинг учун менга 118 миллион сўм мукофот пули берилган. 2023 йил олимпиадаларда ўқувчиларим юқори натижаларни кўрсатгани учун 350 млн сўм пул мукофоти берилган. Бу йил эса фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросимида умумий ҳисобда 378 миллион сўм маблағ тақдим этилди.
Албатта, бу катта иштиёқ беради. Шахсий кузатувларимга кўра, пул мукофотларининг берилиши ҳисобига олимпиадаларда қатнашиш ва олимпиадаларга ўқувчи тайёрлаш истаги ошган. Ўқитувчилар ўқувчи тайёрлашга ҳаракат қиляпти, унинг учун ўз устида ишлаяпти, қўшимча манбаларни ўқияпти. Бунда нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам ривожланяпти. Фикримча, рағбатлантириш тизимининг энг фойдали жиҳатларидан бири – пул билан бўлса ҳам инсонлар орасида билимга қизиқиш ортиши. Майли, бола медални қўлга кирита олмасин, майли, ўқитувчи олимпиадага бола чиқара олмасин, лекин айнан шу натижага эришиш учун ҳаракат қилиб ўқийди, изланади, билим даражаси ортади.
Шу кунгача 100 нафардан кўп болани ўқитдим. Уларнинг ҳаммасида ҳам юқори натижалар қайд этилмаган. Қайси бирларидир олимпиадага чиқа олмаган, баъзилари бошқа соҳани танлаб кетган. Қайсидир нуқтада ўз вазифамни уддалагандирман, бошқа бирида эса уддасидан чиқа олмагандирман. Энг муҳими, ўқувчиларим ҳаётидаги маълум бир муддатни илм олишга йўналтира олганим педагог сифатидаги муваффақиятимдир деб биламан.
Бу каби натижаларни қайд этишимга ёрдам берган нарсалар: меҳнат, сабр, ирода. Қайсидир вақтда тўхтаб қолмадик – ишладик охиригача, қайсидир вақтда хафа бўлиб ташлаб кетмадик – изландик охиригача, қайсидир вақтда ухламадик – ўқидик охиригача. Мана шулар ҳисобига яхши натижалар кўрсатилди. Албатта, бугунги ютуқлар фақат бир ўзимнинг меҳнатим эмас, ота-онам, акаларим, жамоадошларим, ўқувчиларим ва улар ота-оналарининг биргаликдаги ҳаракатларидир.
“Халқаро кимё ҳамжамиятининг Ўзбекистонга ишончи ортяпти”
Мамлакатимиз 2024 йилда Халқаро кимё олимпиадасида 90 та давлат орасида 11-ўринни қайд этилиб, миллий терма жамоа аъзолари 1 та олтин, 2 кумуш, 1 та бронза медалларини қўлга киритди. Ўтган йили 90 та давлат орасида 9-ўринда эдик, 2 та олтин, битта кумуш, битта бронза медалини олгандик. 2022 йилда эса терма жамоа халқаро олимпиадада умумий ҳисобда олтин ҳам ололмаган, 4 та кумуш медал билан қайтган. Натижалар аста-секин яхшиланяпти, келгуси йилларда кучли 10 таликка киришга умид қиламиз.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг халқаро олимпиада рейтингида эгаллаб турган ўрнини яхши кўрсаткич деб бемалол айтишимиз мумкин. Сабаби рўйхатда юқори ўринларда қайд этилган мамлакатлар узоқ йиллардан бери ушбу статусни ушлаб турган давлатлардир, уларнинг даражасида етиб олиш учун бизга бир неча йил керак бўлади.
Халқаро кимё ҳамжамияти Ўзбекистон ёшларининг бу фан бўйича салоҳиятини тан ола бошлаяпти. Шунинг учун 2026 йилда халқаро кимё олимпиадасини ўтказиш Ўзбекистонга топширилди. Энди мазкур йирик тадбирни ўзбекистонликлар ташкил қилади, олимпиада доирасида бериладиган саволлар, масалаларни Ўзбекистондаги мутахассислар тузади. Албатта, бу катта ишонч. Икки йилдан кейин 90 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрувчи кимё соҳаси билимдонларини кутиб оламиз, ҳозирда халқаро кимё олимпиадасини мамлакатимизда ўтказиш бўйича тайёргарлик жараёнлари бошланган.
“Ўзим кутган билимни ололмадим”
Олти йил мобайнида институтда ўқиб, тиббиёт соҳасида фаолиятимни давом эттирмасликка қарор қилдим. Олийгоҳда биринчи курсда таълим олишни бошлаганимда ҳаммаси бошқача бўлади, деб тасаввур қилгандим, беш йил аввал режа ва мақсадларим ўзгача эди. Институтда ўзим кутган, ўзим хоҳлаган билимни тўплай олмадим. Бир нарсани тушундим: соҳани фақат профессионал педагоглардан ўрганиш керак, чаласавод бўлиб қолишингизни ҳеч қандай омил билан оқлаб бўлмайди.
Эндиликдаги режам – биокимё соҳасини чуқур ўзлаштириш, соҳанинг кучли мутахассисларини топиб, уларнинг тажрибасини ўрганиш ва шу йўналиш бўйича малакали педагог сифатида дарс бериш. Асосий мақсадларимдан бири эса илмий муҳитдан узоқлашиб кетмаслик, илмий жамиятнинг ичида бўлиш, зарурий вазият туғилса, шундай жамиятни ташкил қилишга ёрдам беришдан иборат.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Маматжонов,
Монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов.
Мавзуга оид
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
16:40 / 25.11.2024
“42 км югуриш унга чўт эмас” – 54 ёшида марафон чемпиони бўлган янгибозорлик ўқитувчи
19:44 / 18.11.2024
Хоразмда ўқувчининг онаси мактабга бориб, ўқитувчи аёлга ташланди
16:56 / 11.11.2024