Жаҳон | 20:11 / 07.10.2024
14518
4 дақиқада ўқилади

WSJ: «Қурол барони» Виктор Бут яна савдога қайтди. У ҳусийчиларга автомат сотиш битимида қатнашди

АҚШда қурол савдоси учун 25 йилга қамалиб, америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер билан алмашилганидан кейин Россияга қайтган Виктор Бут яна қурол савдоси билан шуғулланаётгани маълум бўлди.

Фото: Сергей Савостянов / ТАСС / Profimedia

АҚШда қурол савдоси учун судланиб, америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер билан алмашилган ҳолда Россияга қайтган Виктор Бут яна қурол савдоси билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal вазиятдан хабардор европалик амалдор ва бошқа манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, 2024 йил августда Москвада Бут Калашников автоматларини сотиш бўйича Яман ҳусийчилари билан имзоланган 10 миллион долларлик битимда иштирок этган. Тахминларга кўра, қуролларни етказиб бериш октябр ойида бошланади, автоматлар Ямандаги портга озиқ-овқат маҳсулоти ниқоби остида етказилади.

The Wall Street Journal Бутни ўғит ва автомобил хариди баҳонасида Москвага келган ҳусийчилар билан имзолаган битимда воситачи деб атамоқда. Битимдан хабардор манбалар ҳусийчилар билан музокаралар Кремл кўрсатмасига биноан ёки «унинг сўзсиз розилиги» билан ўтказилганми — буни билмайди. Журналистларнинг таъкидлашича, режалаштирилаётган етказиб беришларнинг манбасини аниқлаш имкони бўлмаган.

Таъкидланишича, ҳусийлар бошқа турдаги Россия қуроллари — танкларга қарши ракеталар ва зенит мажмуаларига ҳам қизиқиш билдирган. Виктор Бут «РБК»га берган изоҳида The Wall Street Journal’да эълон қилинган мақолани Владимир Путиннинг туғилган куни учун мўлжалланган сафсата деб атади. «Менинг позициямга келадиган бўлса, у қуйидагича — ҳусийчилар ресурслари етарли даражада бўлмаса ҳам ўз ишини яхши уддалаяпти. Улар ўтган йилнинг ўзида АҚШнинг 10 дан ортиқ разведка дронини уриб туширди… Шуни таъкидлашни истардимки, медиада обрўли шахслар йўқлиги сабабли, Америка оммавий ахборот воситалари ўзлари илгари сурган, кенг жамоатчиликка маълум бўлган «қурол барони» бренди ва менинг исмимдан фойдаланмоқда. Ва шуниси тушунарлики, буларнинг барчаси мақолага кўпроқ жамоатчилик эътиборини тортиш ва афтидан, нашрнинг тушиб кетган рейтингини кўтариш мақсадида амалга оширилмоқда», — дейди у.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл WSJ материалини «халқ вакилларига нисбатан ахборот ҳужумига уриниш ёки фейклар тоифасига киритиш»га мойил эканини маълум қилди.

Виктор Бут ким ва уни нега «ўлим савдогари» деб аташади?

Виктор Бут — советлар армиясида таржимон бўлган, советларнинг ҳарбий-транспорт авиациясида хизмат қилган. 1991 йилда захирага олингач бизнес билан шуғуллана бошлаган — ўзининг айтишича, халқаро авиапарвозлар соҳасида фаолият кўрсатган. Бут дунёнинг асосан хавфли саналадиган минтақаларига маҳсулотлар етказиб бериш бўйича кенг кўламли бизнесни йўлга қўйгани маълум.

У халқаро қурол савдосини бошлашдан олдин гуллар, мебел ва музлатилган жўжалар етказиб бериш билан шуғулланган. ОАВ маълумотига кўра, Бут Афғонистонга (ҳукумат қўшинларига ҳам, толибларга ҳам), Ангола ва Ғарбий Африка мамлакатларидаги исёнчиларга қуроллар ва ҳарбий жиҳозлар етказиб берган. Уни, шунингдек, «Ал-Қоида»га ҳам қуроллар, жумладан, кимёвий қуроллар етказиб беришга алоқадорликда гумон қилишган.

У 2008 йил мартида Бангкокда АҚШ ҳукумати берган ордер асосида қўлга олинган. Ню Йорк Федерал округ прокуратураси уни «қуроллар АҚШ фуқаролари ва расмий шахсларини ўлдиришда қўлланишини англаган ҳолда» Колумбиядаги Инқилобий қуролли кучлар жангариларига қурол етказиб бериш бўйича жиноий тил бириктиришда айблаган.

Ўшанда Ғарб нашрлари Таиландда Бутни ўзини гўёки FARS жангарилари сифатида кўрсатган Америка махсус хизматлари жосуслари тузоққа туширгани ҳақида ёзганди.

2022 йил август ойида Россияда 31 ёшли баскетболчи Бриттни Грайнер гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Ўша йил декабрида Грайнер АҚШда қурол савдоси учун 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Виктор Бут эвазига қамоқдан озод қилинганди.

Мавзуга оид