Жамият | 13:13 / 15.03.2023
23698
6 дақиқада ўқилади

Таълимнинг келажаги. Кўп пул топадиган кадр бўлиш учун STEM тизимида ўқиш муҳимми?

Бутун дунё рақамлашаётган, сунъий интеллект ҳаётимизга фаол кириб келаётган даврда келажакда ишсиз қолмаслик учун қандай йўналишда таълим олиш керак? Болаларни қайси фанларга йўналтириш уларнинг янги дунёнинг бир бўлаги бўлишига ёрдам бера олади? Жавоб қизиқ бўлса, ушбу мақолани таклиф қиламиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

БМТ прогнозларига кўра 2050 йилга бориб касбларининг 75 фоизи STEM фанларига алоқадор бўлиши кутилмоқда. Айнан мана шу тизим асосида таълим олиш орқали ўқувчилар келажак муаммоларига ечим топа оладиган, янги кашфиётлар қила оладиган кадрларга айланишига ишонилмоқда.

STEM таълим тизими нима ўзи?

“STEM” инглизча “Science, Technology, Engineering, Maths” сўзларининг қисқартмаси. Ўзбекчасига қисқача қилиб айтганда, СТЕМ фанлари илм-фан, технология, муҳандислик ва математика фанларини ўз ичига олади ва бу фанларни яхлит тарзда ўқитишни англатади.

СТЕМ таълими мактабдан бошланиши керак. Бу таълим асосида ўқувчи дунёда юз бераётган муаммоларга ечим топишни ўрганади. Илм-фанни (Sience) яхши ўзлаштириш ўқувчига ўзини ўраб турган атроф-муҳитни яхши англашга ёрдам беради. Технология фани инсоният келажаги бўлган рақамли дунёга мослашувчан қилади. Муҳандислик (Engineering) билан ўқувчи муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини шакллантиради, ўрганган билимларини янги лойиҳалар яратиш учун қўллай олади. Математика эса маълумотларни таҳлил қилиш, хатоларни тузатиш, тўғри ечимлар топиш учун керак. STEM мана шу 4 та йўналишни бир тизимга солади ва жамиятга инновациялар ярата оладиган, муаммоларга барқарор ечимлар топа оладиган кадрларни тайёрлаб беради.

Бу йўналишдаги ўқитишда фанни яхши ўрганиш, муаммони ҳал қилиш ва мантиқий фикрлашни ўзлаштиришга урғу берилади. STEM ўқувчиларга мактабда, ишда ва турли ҳоббиларда муваффақият қозониш имконини тақдим этади.

Масалан, STEM'ни турли асбоблардан иборат дурадгор қутиси деб олсак, уни яхши ўзлаштирган бола қутидан керакли асбобларни ўзи танлаб олиб, истаган нарсасини ясай олади. Яъни фанларнинг ҳаммаси керакли, лекин битта ўзи алоҳида эмас, биргаликда фойдали ва кутилган натижани беради.

STEM нега керак?

СТЕМ фанларини ўқиш давомида ўқувчида қуйидаги қобилиятлар шаклланади:

  • муаммони ҳал қила олиш;
  • креативлик;
  • танқидий фикрлаш;
  • жамоавий ишлай олиш;
  • мустақил фикрлаш;
  • ташаббускорлик;
  • коммуникация;
  • рақамли саводхонлик.

СТЕМ илм-фан, технология, муҳандислик ва математикани бир-бирига боғлиқ ҳолда яхши ўзлаштирган, ўрганганларини амалиётда қўллай оладиган, компьютерда ишлаш кўникмаларига эга бўлган, ҳам жамоавий яхши ишлашни, ҳам мустақил ташаббусларни қойиллата оладиган кадрлар тайёрлайди.

СТЕМ фанларининг аҳамияти шундаки, ҳозир бизга тегишли касбларнинг кўпи яқин келажакда автоматик тарзда ишлайдиган роботлар томонидан бажарилиши ёки бутунлай кераксиз бўлиб қолиши мумкин. СТЕМ эса мана шу келажакка мос кадрлар тайёрлаб беради.

СТЕМ йўналишидаги касбларда ҳар бир фанни ўзлаштириш аҳамиятли. Масалан, архитектор 10 қаватли бино лойиҳасини тайёрлаш учун математик ҳисоб-китоблар ва илм-фанни яхши билиши лозим. Сўнг бинонинг макетини яратиш учун муҳандислик ва технологияни ишлатиши керак бўлади.

СТЕМ ўқитиш тизими бошқа йўналишларга қараганда бироз қийинроқ ва машаққат талаб қилади. Сабаби 4 та фанни бирдай ўзлаштирмаса, унда кутилган натижага эришиш қийин. Жумладан, робот яратмоқчисизу, керакли ҳамма кўникма бўлмаса, унда қандай қилиб ўйлаган вазифаларингизни бажара оладиган роботни ясаш мумкин? Лекин қийинчиликларига қарамай барибир СТЕМ фанларини ўрганиш қизиқарли ҳамдир.

Технологиялар кундан кунга ривожланяпти. Лекин шундай бўлса ҳам, янги дастурий таъминот яратиш, космик кема учун зарур моддаларни кашф қилиш, қайта тикланувчи энергияларни ўрганиш, ҳали давоси йўқ касалликларга даво топиш каби қилинмаган ишларни ҳам кимдир бажариши керак. СТЕМ фанларини яхши ўзлаштириш айнан мана шундай қийин касбларни эплай оладиган кадрлар тайёрлайди. Бу кадрларда замонавий билимлар бўлгани учун ҳам иш берувчилар ҳам уларга юқори маошлар таклиф қилишади.

СТЕМга алоқадор касблар қайсилар?

СТЕМ касблари 4 та фан доирасидаги барча касбларни ўз ичига олади.

Булар орасида ҳисобчи, техник ёзувчи, компьютер дастурчиси, кимёгар, молиявий таҳлилчи, веб-дастурчи, биолог, атроф-муҳит муҳандиси, тизим таҳлилчиси, муҳандис-қурувчи, механик муҳандис, статистик, психолог, маълумотлар базаси муҳандиси, маълумотлар базаси бошқарувчиси, IT-менежер, шифокор, "data scientist" каби касблар бор.

СТЕМ кадрлар танқислиги кутиляпти

Бу йўналишда яхши ўқиш учун замонавий мактаб ва замонавий ОТМлар бўлиши муҳим. Сабаби фанда ўрганилган нарсаларни муҳандислик билан интеграция қила олиш, рақамли кўникмаларни шакллантириш учун интернетдан фойдаланиш лозим.

Ва айнан шу STEM’га алоқадор касблар 2050 йилга бориб дунёдаги барча касбларнинг 75 фоизини ташкил қилиши кутиляпти.

СТЕМ фанлари келажак касбларининг асосий қисмини ташкил қилса-да, бу борада малака етарли бўлмаслиги ҳатто АҚШда ҳам кадрлар танқислигини юзага келтириши мумкин. Прогнозга кўра, 2025 йилга бориб АҚШда СТЕМ йўналишидаги 2 млн иш ўрни кадрлар танқислиги сабаб бўш қолади.

СТЕМ фанлари Ўзбекистонда ўқитиладими?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра Ўзбекистонда президент мактабларида СТЕАМ (Илм-фан, технология, муҳандислик ва математика фанлари билан биргаликда санъатни ҳам ўқитувчи) фанлари ўқитилади. Бу мактаблар расман халқаро Кембриж дастури асосида СТЕАМ фанларини ўқитувчилар ҳисобланади.

Масалан, Тошкент шаҳридаги президент мактаби ҳақидаги маълумотда ҳам табиий ва аниқ фанлар, муҳандислик, хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқитилиши қайд этилган.

Қолаверса, мактаблар бунга жавоб берадиган технологиялар билан ҳам жиҳозланган. Буни президент мактаблари суратларидан ҳам кўриб олиш мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Мавзуга оид