Кадастр агентлигига ноқонуний иморатлар бўйича янги ваколат берилиши кутиляпти
“Айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага мувофиқ, Ер, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ер кодекси 40-моддаси биринчи қисми “12” кичик банд билан тўлдирилиб, унга кўра ер участкаларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи, уларни ижарага олган, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шартлиги белгиланмоқда.
Ер кодекси 38-моддасига қўшимча киритилиб, Кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш ҳақида тўғридан тўғри судга даъво аризаси киритиш ваколати берилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 60-моддаси 4-қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра модда иккинчи ва учинчи қисмида, яъни, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланганлик ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан 15 кунлик муддатда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланмоқда.
Кодекснинг 60-1-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра, барча тоифадаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик юзасидан чоралар кўрмаслик бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 198-6-модда билан тўлдирилиб, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ҳоким ёрдамчисининг сўровларига жавоб бермаслик ҳолатлари бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун 11-моддаси 1-қисми 30-хатбоши билан тўлдирилмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларида аниқланган (ўзларига ошкор бўлган) ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича маълумотларни бир кунлик муддатда ер соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга тақдим этиши белгиланмоқда.
Мавзуга оид
19:23 / 24.12.2024
Депутат Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига "депутат сўрови" юборди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024